Ўзбекистон | 01:00 / 01.02.2019
7634
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мингдан зиёд ҳайдовчи 571 миллион сўмдан ортиқ жарима тўлади — ШИИББ

30 январь куни Тошкент шаҳар ИИББ ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги Мажбурий ижро бюроси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳлари йўл ҳаракати қоидаларини бузиб жарима тўламаган ҳайдовчиларни аниқлаш бўйича қўшма тадбирлар ўтказишни бошлашгани ҳақида хабар берган эдик.

Ушбу хабар ИИББнинг сайти, ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилинганидан сўнг, 125 нафар ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларини бузганликлари сабабли жарималарни тўловларини деяри дарҳол амалга оширишган.

Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизматининг берган маълумотига кўра, 30 январь куни жами 1.071 нафар ҳайдовчилар ўз жарималарини тўлаган, тўланган пулларнинг умумий миқдори эса 571.051.940 сўмни ташкил этган.

Ишчи гуруҳлар томонидан 30 январь куни Тошкент йўлларида 712 нафар жарималар бўйича қарздорлиги бўлган ҳайдовчилар аниқланган. Натижада улар томонидан тўланган (яқиндаги банк филиалида, электрон тўлов тизимлари орқали) жарима миқдори 236.788.640 сўмни ташкил этган.

Жарима майдончасига 22 та автотранспорт воситалари жойланган.

“Ҳурматли ҳайдовчилар, сизларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима тўловларини ўз вақтида амалга оширишни тавсия этамиз. Бундан ҳам афзали — йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслик. Бу нафақат пулингизни, балки сизнинг ва атрофдагиларнинг саломатлигини ва ҳаётини асрайди”, — дейилади Тошкент шаҳар ИИББ мурожаатномасида.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид