Ўзбекистон | 21:55 / 03.02.2019
53745
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ИИВ маҳкум Искандар Худойбергановнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси 2019 йилнинг 2 февраль куни баъзи бир ижтимоий тармоқларда “Жаслиқ” маҳкуми Искандар Худойбергановнинг аҳволи оғирлашди” сарлавҳаси остида тарқатилган хабарга муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, хабарда Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган 19-сон жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган 44 ёшли Искандар Худайбергановнинг амакиси олдига милиция ходими келиб, унинг аҳволи ўта оғирлиги, жиддий касалланганлиги ҳамда зудлик билан хабар олиш лозимлигини айтганлиги ҳақида баён қилинган.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси берган маълумотга кўра, маҳкум Искандар Эркинович Худайберганов 1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У 2002 йил 28 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми (Терроризм), 156-моддаси 2-қисми (Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш), 159-моддаси 4-қисми (Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 161-моддаси (Қўпорувчилик), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 247-моддаси 3-қисми (Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш), 248-моддаси 1-қисми (Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш)да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинган ва Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ажримига асосан ҳукм ўзгартирилиб, 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, маълумотда маҳкум И.Худайбергановнинг яқин қариндошлари олдига Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасида ёки 19-сон жазони ижро этиш колониясида хизмат қилаётган ходимлардан бирортаси бормаганлиги ҳамда ҳозирги кунда маҳкум И.Худайбергановнинг соғлиги қониқарли даражада бўлиб, стационар ёки амбулатор тартибда даволанишга муҳтож эмаслиги, у барча маҳкумлар қатори жазо муддатини ўтаётганлиги билдирилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид