Фан-техника | 16:40 / 04.02.2019
25632
10 дақиқада ўқилади

Нега Nokia Apple‘га, Sony ва Panasonic Samsung‘га ютқазган?

Ўрта авлод вакиллари яхши эслашади, яқин ўтмишда, нари борса 20 йил аввал ҳам замонавий технологиялар, маиший техника борасида ҳеч ким япон компанияларининг олдига туша олмасди. Sony, Panasonic каби брендларнинг маҳсулотлари нафақат юқори сифати, балки нуфузи ва харидоргирлиги билан ҳам етакчи эди. Дунё смартфонлар уммонига энди-энди ошно бўлаётган йилларда ҳеч ким Nokia етакчилигига шубҳа қилмаган.

Аммо бозор иқтисодиёти шафқатсиз, айниқса сўнгги йилларда узоқ вақт етакчилик қилиб келган, бироқ қисқа муддатда ўрнини йўқотган компаниялар талайгина. Sony, Panasonic, Toshiba, Sharp каби гигантлар технологиялар ва инновациялар соҳасини абадий эгаллаб олгандек эди гўё.

© AP Photo / Shuji Kajiyama

Хўш, нега кечагина технологик гигантлар ҳисобланган компаниялар ўз ўрнини бой берди, амалда инқирозга юз тутди?

Албатта, ҳар бир бренднинг ўз ривожланиш тарихи бўлганидек алоҳида таназзул тарихи ҳам мавжуд. Аммо уларнинг бу ҳолга тушишида бир нечта умумий омиллар роль ўйнаган.

Аввало маиший техника сегментини ўрганамиз.

1. Сифат ва нарх мутаносиблиги

Яқин ўтмишда ҳам япон технологияси деган тушунча қиммат, лекин ўта сифатлиликни, шунингдек уларни харид қилиш харидорнинг нуфузини англатадиган эди. Sony, Panasonic, Toshiba каби компаниялар маҳсулотлари аслида ҳам юқори сифати ва нархи билан ажралиб турган. Аммо уларнинг таъқибчилари бўлган Жанубий Корея ва Хитой компаниялари дастлаб арзон нархлар, кейинчалик бинойидек сифат билан харидорларни ўзига қарата олдилар;

2. «Бозор об-ҳавоси»ни ҳис қилмаслик

© Flickr / edvvc

Бу пункт ҳам биринчисига бевосита боғлиқ. Япон компаниялари сифатни қадрловчи харидорлар содиқлигига ишонишди, айнан «тушунганлар» учун маҳсулот яратиш устида ишлашди. Аммо бу йиллар ичида иқтисодда ҳам юксалиш кузатилди, яъни ўрта синф вакиллари ҳам кўпроқ пул топа бошладилар. Айниқса Осиё давлатларида, хусусан Хитой, жумладан Ўзбекистонда ҳам оммавий тарзда маиший техника харид қилиш бошланди. Кечагина бир оилада битта телевизор ё бор, ё йўқ бўлиб турган бир пайтда оилаларда икки-учталаб телевизорлар, музлаткичлар, микротўлқинли печлар, кир ювиш машиналари пайдо бўлди. Ана ўшандай «бум» вақтида кўпчилик талабига мос маҳсулот ишлаб чиқариш ғалаба учун муҳим омил бўлди. Премиум харидорларни мўлжалга олган япон технологик компаниялари эса бу жараёнларга беписандларча қарашди. Тушунганларида эса кеч бўлганди;

3. Инновацияларда ҳам ортда қолиш

Энди бемалол айтиш мумкин, айнан маиший техника сегментида Sony, Panasonic, Toshiba, Sharp каби компаниялар жамланганда ҳам ишлаб чиқариш ҳажми бўйича Samsung‘га ета олмайди. Масалан, Sony компанияси маиший техниканинг энг харидоргири – телевизорларни ясси экранда чиқариш масаласига жиддий эътибор қаратмаган. Аммо Samsung, LG каби компаниялар дарҳол асосий диққатини шу йўналишга жалб қилган ва бозорни эгаллаб олишган;

4. Келажакка, улкан лойиҳаларга эътибор, кундалик маҳсулотлардан чекиниш

Ўша етакчи гигантларни технологик жиҳатдан ортда қолишда айблаш, салоҳиятини шубҳа остига олиш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Шунчаки, улар асосий эътиборни аллақачон эгаллаб бўлинган деб ҳисобланувчи (масалан маиший техника) сегментлардан олиб, келажакка, янада юқори технологияларга тика бошладилар ва охир-оқибат келажак технологиялари ҳисобланган лойиҳалар уларни ортга тортиб кетди. Масалан – Toshiba ядро энергетикасига жуда катта маблағ ва кучини сафарбар қилди ва муваффақиятсизликка учради, Sony киносаноатда дастлаб омад эришган бўлса-да, кейинчалик Sony Entertainment‘нинг ишлари ҳам орқага кетди, Panasonic‘нинг ақлли техникалари ҳам кутилганидек оммалашмади.

5. Само ва роботлар

Фото: © Yuya Shino / Reuters

Бу компанияларнинг деярли ҳаммаси ошкора ёки махфий тарзда робототехникага эътибор қаратган. Аммо йигирма биринчи асрнинг уйда хизмат қилувчи одамсимон роботлар билан кутиб олиш барибир амалга ошмади, соҳа ҳаракатлари ўзлари сингари беўхшов роботчалардан ўзгасига эриша олмади. Шунингдек, самони тадқиқ қилиш, космик қурилмаларга аҳамият бериш ҳам ўзини оқламади – АҚШ компаниялари позицияларини бой бермади.

6. Ва ниҳоят энг муҳими – япон гигантлари уяли алоқа, интернет, смартфонлар асрининг имкониятларини тўғри англаб етмадилар. Тўғри, Sharp ва Sony маълум муддат смартфонлар бозорида жон сақлаб турди, Sony компанияси смартфонлари ҳамон сифат жиҳатдан етакчилардан бири. Аммо оммавийликда буларнинг бирортаси етакчилар рўйхатида эмас.

© AFP 2019 / Jeff Pachoud

Шунингдек JVC, Hitachi, Fujitsu, Pioneer каби брендларнинг тақдири ҳам деярли юқоридагидек кечди.

Албатта, кундалик турмушдаги маҳсулотларда улушлари кескин камайиб кетганига қарамай япон компанияларини ҳамон бозорда сақлаб турган, жонларига оро кираётган йўналишлари бор. Масалан, Panasonic ишлаб чиқарувчи қуёш батареялари деярли барча электрокарларда —Toyota Prius‘дан тортиб Tesla‘гача ишлатилади. Sony PlayStation эса компьютер ўйинлари бўйича мутлақ етакчилардан бири ва катта даромад келтиради.

Nokia кушандаси Apple ва Samsung

Cмартфонлар оламидаги етакчилар алмашинуви эса янада шиддатли ва шафқатсиз кечди. Nokia компанияси бир вақтлар шу қадар оммабоп эдики, соҳа бўйича бундан-да мукаммал қурилма бўлмайдигандек таассурот уйғонарди. Энди-чи?

Қўлидан телефон тушмайдиган ўсмирларнинг аксарияти Nokia деган компания борлигини билмайди ҳам. Лекин Nokia‘дан ташқари Motorola, Ericsson, Siemens каби улкан компаниялар бир пайтлар одамларда уяли алоқага бўлган улкан муҳаббатни уйғотган, мобил алоқа орзусини амалга оширишда ёрдам берганди. Лекин бугун ҳеч кимнинг қўлида бундай номдаги қурилмаларни кўрмаймиз, кўриб қолсак ҳам қизиқсиниб қараймиз. Ҳолбуки, ўша пайтларда (1990-2010) бу компанияларнинг бозордаги улуши 75-80 фоизга етарди.

Аммо Samsung ва LG каби компаниялар бу соҳага ҳам кириб келди. 2007 йилда Apple‘нинг дастлабки iPhone смартфони бу бозорда ҳақиқий инқилоб бўлди. Шундан сўнг ҳаммаси ортга қайтмас даражада кескин ўзгариб кетди.

© AP Photo / Paul Sakuma, File

Ўшанда ҳам кўпчилик тугмасиз телефонни ақлга сиғдира олмаган, сенсор экраннинг келажагига шубҳа билан қараганди. Аммо iPhone аввал Motorola, Sony Ericsson, Siemens каби етакчиларни, кейинчалик тахтдан тушишига биров ишонмайдиган Nokia‘ни сиқиб чиқарди.

Бунинг ҳам бир неча аниқ сабаблари бор:

1. Уяли телефон ва тугмалар

Юқоридаги брендлар гигантлар даражасига етишса ҳам тугмалардан воз кеча олишмади. Тўғри, улар орасида сенсор экран бўйича лойиҳалар ҳам бўлган, аммо ўша сенсор экран остига ҳам негадир тугмалар жойлаштирилган. iPhone эса ўз даврида ютуқ ҳисобланган бу камчиликдан холи эди;

2. Телефон ва интернет уйғунлашуви

Вақтлар келиб интернет телефон орқали ҳам фойдаланиш мумкин бўлган даражада арзонлашувига бу компаниялар ишонишмаган чоғи. Акс ҳолда ўргимчак тўри вақтлар келиб асосан шу қурилмалардан жой олишини ҳисобга олмасликни бошқача тушуниш мумкин эмас. Apple асосан шу йўналишга эътибор қаратди ва ҳақиқий гигантга айланди;

3. Қўшимча функциялар

Ҳозирги замонавий телефонларни телефон деб аташ ҳам унчалик тўғри эмас. Бир вақтлар телефонда соат, калкульятор, будильник каби функциялар одамларга катта ютуқ бўлиб кўрингани ҳолда узоқ йиллар шу хусусиятлар билан чекланиб келинди. Аммо ҳозирги смартфонларнинг функцияларини санаб адоғига етиш қийин;

4. Суратлар дунёси ва улкан экран

Ҳозирги кунда 2 дақиқа давомида бутун ўн тўққизинчи аср давомида олинган суратларга нисбатан кўпроқ сурат туширилиши ҳисоблаб чиқилган. Бугунги инсоннинг қўл остида лаҳзани муҳрловчи, жараённи видеотасвирга олувчи катта ёрдамчи бор. Шунингдек, бу суратларни ва видеоларни кўриш учун ёрқин экран ҳам зарур. Аслида телефонда фотаппарат ва камера уйғунлашувини Nokia оммалаштиришга уринган. Аммо ҳаминқадар сифат ва қиммат нархлар туфайли бу функция кутилган натижани бермади. Samsung ва Apple эса бу йўналишни санъат даражасига кўтарди.

Йиллар ўтиб Huawei, Lenovo, HTC, Xiaomi каби брендлар ҳам бу бозорга кириб келди ва бу «қадимгилар»нинг «пенсияга чиқишлари»ни тезлаштириб юборди.

Getty Images

Кейинчалик замонавий гаджетлар бозорида асосан Samsung ва Apple‘нинг жуда шафқатсиз рақобати кузатилди. Гарчи уларни боғлаб турган жиҳатлар кўп бўлиб, ўзаро технологиялар алмашинуви юқори бўлса-да, рақиблик барибир ўз ишини қилди ва улар бир-бирлари билан бир неча марта судлашишга улгурди.

Бу орада Huawei ва Xiaomi каби брендлар савдо ҳажмини оширишга эришди. 2018 йилга келиб Huawei сотилган смартфонлар сони бўйича iPhone‘ни ҳам ортда қолдирди.

Демак, бу бозорда етакчи гигантлар яна ўзгаришини истисно қилиб бўлмайди.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид