Спорт | 12:50 / 04.02.2019
8318
10 дақиқада ўқилади

«Ювентус»нинг қоқилиши, «Наполи»нинг йирик ғалабаси ва «Интер»нинг кутилмаган мағлубияти – Италияда тур воқеалари

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 22-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» ЎЗ МАЙДОНИДА ТАЙЁР ҒАЛАБАНИ ҚЎЛДАН ЧИҚАРДИ 

«Ювентус» ўз майдонида «Парма»ни қабул қилди ва кутилмаганда 3:3 ҳисобида дуранг ўйнади. Бош мураббий Массимилиано Аллегри беллашувда ротацияни амалга ошириб, захира таркиб хизматидан фойдаланди. Хусусан, ҳимоя чизиғи тўлиқ экспериментал кўринишда бўлди. Натижада, жамоа аввалгидек ишончли ўйнай олмади.

36-дақиқада Роналдунинг зарбасидан сўнг, тўп рикошет натижасида дарвозадан жой олди. 62-дақиқада Манжукич томонидан оширилган тўпни Ругани яқин масофадан кучли зарба билан голга айлантирди. Орадан 2 дақиқа ўтгач «Парма» ҳисобдаги фарқни қисқартирди. Куцка тўпни жарима майдонига етказганида, Барелла боши билан уни дарвозага аниқ йўллади. Бу ҳисоб ҳам 2 дақиқа сақланиб турди. Манжукич тўпни жарима майдонига оширганида Роналду боши билан аниқ зарба йўллади ва фарқни яна иккитага етказди. Шундан сўнг, «Ювентус» хотиржамликка берилди. Бу эса унга қимматга тушди. 74-дақиқада Куцка оширган тўпни Жервиньо товони билан дарвозага киритган бўлса, сўнгги дақиқаларда унинг ўзи яқин масофадан гол уриб, жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди.

Бу дурангга қарамай, «Ювентус» яқин таъқибчиси «Наполи»ни 9 очко ортда қолдирган ҳолда пешқадамлик қилмоқда.

Ювентус – Парма 3:3 (1:0, 2:3)
2 февраль, «Альянц Стэдиум» стадиони
Голлар: 1:0 – 36 Роналду, 2:0 – 62 Ругани, 2:1 – 64 Барилла, 3:1 – 66 Роналду, 3:2 – 74 Жервиньо, 3:3 – 90 Жервиньо.
Ювентус – Перин, Жоау Канселу, Ругани, Касерес, Спинаццола, Хедира (Бентанкур, 79), Пьянич, Матюиди, Дуглас Коста (Бернардески, 46; Жан, 86), Роналду, Манжукич.
Парма – Сепе, Якопони, Бруну Алвеш, Бастони, Гальоло, Куцка (Спрокати, 86), Скоццарелла (Штулац, 76), Барилла, Биабиани (Силигарди, 57), Инглезе, Жервиньо.
Огоҳлантиришлар: Барилла (26), Скоццарелла (28), Жан (90).

«НАПОЛИ» «САМПДОРИЯ»ДАН ЎЧ ОЛДИ

«Наполи» ўз майдонида «Сампдория» билан ўйнади ва 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Баҳс тақдирини 1-бўлимнинг 2 дақиқаси ҳал қилди. Неаполликлар рақибнинг сусткашлигидан фойдаланиб, бу вақт оралиғида 2та гол уришга муваффақ бўлишди.

25-дақиқада Кальехоннинг жарима майдонига етказган тўпини Милик кучли зарба билан дарвозага жойлади. Орадан 1 дақиқа ўтгач, айнан шундай оширмадан сўнг, Инсинье гол уришга эришди. «Наполи» ўйин охиригача ташаббусни қўлдан бой бермади ва сўнгги дақиқада Верди пенальтини аниқ амалга ошириб, якуний натижани 3:0 бўлишини таъминлади. Бу билан неаполликлар 1-даврадаги айнан шундай ҳисобдаги мағлубият аламини олишга муваффақ бўлишди.

Бу ғалабадан сўнг, «Наполи» 51 очко тўплади. Жамоа пешқадам «Ювентус»дан 9 очко ортда, аммо яқин таъқибчиси «Интер»дан 11 очко олдинда бормоқда.

Наполи – Сампдория 3:0 (2:0, 1:0)
2 февраль, «Сан-Паоло» стадиони
Голлар: 1:0 – 25 Милик, 2:0 – 26 Инсинье, 3:0 – 89, пенальти Верди.
Наполи – Мерет, Хюсай, Максимович, Кулибали, Мариу Руй, Кальехон, Аллан, Ҳамшик (Диавара, 74), Зелиньски, Инсинье (Верди, 83), Милик (Уна, 90).
Сампдория – Аудеро, Берешиньски, Андерсен, Колли, Мурру, Линетти, Экдаль (Роналду Виейра, 73), Янкто, Рамирес (Сапонара, 54), Дефрель (Габбьядини, 59), Куальярелла.
Огоҳлантиришлар: Янкто (73), Мурру (76), Андерсен (87).

«ИНТЕР»НИНГ КУТИЛМАГАН МАҒЛУБИЯТИ

«Интер» ўз уйида аутсайдерлардан бири «Болонья»ни қабул қилди ва кутилмаганда 0:1 ҳисобида ютқазди. Меҳмонлар янги бош мураббий Синиша Михайлович қўл остида илк ўйинни ўтказишди ва ишончли ҳаракат қилиб, жуда муҳим ғалабани қўлга киритишди.  

32-дақиқада бурчак зарбасидан оширилган тўпни Сантандер боши билан дарвозага йўллаб, ягона гол муаллифи бўлди. Иккинчи бўлимни «Интер» фаолроқ ўтказди, бир неча хавфли вазиятларни юзага келтирди. Икарди ва Мартинес гол уришга яқинроқ эди, аммо «Болонья» ҳимояси хатога йўл қўймади ва 14та ўйиндан иборат ғалабасиз сериясига барҳам берди.

Бу натижадан сўнг, «Интер» 40 очко билан 3-ўринда қолди, «Болонья» эса 17 очко билан 18-ўринда бормоқда.

Интер – Болонья 0:1 (0:1, 0:0)
3 февраль, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Гол: 0:1 – 32 Сантандер.
Интер – Ҳанданович, Соареш (Раноккия, 79), де Врей, Шкриньяр, Далберт, Весино, Брозович, Кандрева (Мартинес, 46), Наингголан (Жоау Мариу, 68), Перишич, Икарди.
Болонья – Скорупски, Мбайе, Ларангейра, Войнович (Гонсалес, 49), Дейкс, Орсолини, Пульгар, Поли, Паласио (Крейчи, 74), Сориано, Сантандер (Дестро, 87).
Огоҳлантиришлар: Мбайе (40), Весино (44), Ларангейра (64).

«РОМА» - «МИЛАН» ЎЙИНИДА ҒОЛИБ АНИҚЛАНМАДИ

Турнинг марказий ўйинида «Рома» ва «Милан» клублари беллашди. Ҳар иккала жамоа Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётгани сабабли, ўйин кескин курашларга бой бўлди.

«Рома» Италия Кубогида «Фиорентина»дан учралган 1:7 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, ўз мухлислари олдида «айбини ювиш» учун катта иштиёқ билан майдонга тушгани кўриниб турди. Жамоа ўйинда бироз ташаббусга эга бўлди. Аммо ҳисоб меҳмонлар томонидан очилди. 26-дақиқада Пакета чап қанотдан тўпни жарима майдонига етказди. Пёнтек ҳимоячилардан илдамроқ ҳаракат қилиб, уни дарвозага йўллашга муваффақ бўлди.

«Рома» 2-бўлим бошида ҳисобни тенглаштирди. Карсдорп тўпни жарима майдонига оширганида, ҳимоячи Мусаккьо уни қайтараман деб, ўз дарвозаси томон йўллаб қўйди. Дарвозабон Доннарумма чаққон ҳаракат билан тўпни қайтара олди. Аммо унга биринчи бўлиб етиб келган Дзаньоло бўш қолган дарвозани ишғол қилди.

Ўйин охирига қадар Шик, Жеко ва Дзаньоло гол уриш учун имкониятларга эга бўлишганди. Аммо Доннарумма дарвозада ишончли ўйнаб, жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди.

Бу натижадан сўнг, «Милан» 36 очко билан 4-ўринда, «Рома» эса 35 очко билан 5-ўринда бормоқда.

Рома – Милан 1:1 (0:1, 1:0)

3 февраль, «Стадио Олимпико» стадиони
Голлар: 0:1 – 26 Пёнтек, 1:1 – 46 Дзаньоло.
Рома – Ольсен, Карсдорп (Сантон, 86), Манолас, Фасио, Коларов, де Росси, Пеллегрини, Шик (Клюйверт, 81), Дзаньоло, Флоренци (Эл-Шаарави, 65), Жеко.
Милан – Доннарумма, Калабрия, Мусаккьо, Романьоли, Родригес, Кессиэ, Бакайоко, Лукас Пакета (Кастильехо, 77), Сусо (Лаксальт, 87), Пёнтек (Кутроне, 87), Чалханоглу.
Огоҳлантиришлар: Манолас (18), Дзаньоло (21), Сусо (39), Лукас Пакета (53), Пеллегрини (63), Кессиэ (72), Калабрия (90).

22-ТУРНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

2 февраль

Эмполи – Кьево 2:2 (1:2, 1:0)
Голлар: 0:1 – 31 Джаккерини, 0:2 – 45 Стемпиньски, 1:2 – 45 Капуто, 2:2 – 52 Капуто.

Наполи – Сампдория 3:0 (2:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 25 Милик, 2:0 – 26 Инсинье, 3:0 – 89, пенальти Верди.

Ювентус – Парма 3:3 (1:0, 2:3)
Голлар: 1:0 – 36 Роналду, 2:0 – 62 Ругани, 2:1 – 64 Барилла, 3:1 – 66 Роналду, 3:2 – 74 Жервиньо, 3:3 – 90 Жервиньо.

3 февраль

СПАЛ – Торино 0:0
Четлатиш: Нкулу (65, Торино).

Женоа – Сассуоло 1:1 (1:1, 0:0)
Голлар: 0:1 – 28 Журичич, 1:1 – 41 Санабрия.

Удинезе – Фиорентина 1:1 (0:0, 1:1)
Голлар: 1:0 – 56 Ларсен, 1:1 – 65 Фернандеш.

Интер – Болонья 0:1 (0:1, 0:0)
Гол: 0:1 – 32 Сантандер.

Рома – Милан 1:1 (0:1, 1:0)
Голлар: 0:1 – 26 Пёнтек, 1:1 – 46 Дзаньоло.

4 февраль
Фрозиноне – Лацио
Кальяри – Аталанта

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ

17 - Криштиану Роналду (Ювентус, 5 пен)
16 - Фабио Куальярелла (Сампдория, 4)
15 - Дуван Сапата (Аталанта, 1), Кшиштоф Пёнтек (Женоа/Милан, 2)
12 - Аркадиуш Милик (Наполи)
11 - Франческо Капуто (Эмполи, 1), Чиро Иммобиле (Лацио, 2)
9 - Мауро Икарди (Интер, 3)

23-ТУР ЎЙИНЛАРИ

7 февраль
Лацио - Эмполи

8 февраль
Кьево - Рома

9 февраль
Фиорентина - Наполи
Парма - Интер

10 февраль
Болонья - Женоа
Аталанта - СПАЛ
Сампдория - Фрозиноне
Торино - Удинезе
Сассуоло - Ювентус
Милан - Кальяри

«МИЛАН» ҚИШКИ ТРАНСФЕРЛАР УЧУН ЕВРОПАДА ЭНГ КЎП ПУЛ САРФЛАДИ

Италиянинг «Милан» клуби қишки трансферлар учун энг кўп пул сарфлади, деб хабар беради Football UA.

Молиявий фэйр-плей билан боғлиқ муаммоларга қарамай, «россонери» янги футболчилар учун 70 миллион евро харажат қилиб, бу кўрсаткич бўйича Европа клублари орасида пешқадам бўлиб олишди.

«Милан» яримҳимоячи Лукас Пакета ва ҳужумчи Кшиштоф Пёнтек учун 35 миллион евродан тўлади.

Иккинчи ўринни «Зенит» яримҳимоячиси Леандро Паредес трансфери учун 45 миллион евро сарфлаган «ПСЖ», учинчи ўринни Доминик Соланке ва Крис Мефам трансфери учун 35 миллион евро харажат қилган «Борнмут» эгаллади.

Қайд қилиш жоизки, А Серияда фақат «Наполи» ва «Рома» бирорта трансферни амалга оширишмади. «Ювентус», «Интер», «Аталанта», «Лацио» ва «Торино» 1 футболчини ўз таркибига қўшиб олишди.

Энг кўп трансфер «Эмполи» томонидан амалга оширилди. А Сериянинг 17-поғонасида бораётган жамоа 7 нафар футболчи билан шартнома имзолади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид