Жамият | 14:53 / 05.02.2019
32412
10 дақиқада ўқилади

Навоий вилояти ҳокимлиги ва йирик лойиҳани амалга оширмоқчи бўлаётган тадбиркор низоси. Ким ҳақ?

«Биз иқтисодиётимизни янада эркинлаштириш, тадбиркорларга кенг йўл очиб бериш сиёсатини бундан кейин ҳам қатъий давом эттирамиз. Ҳал қилувчи аҳамиятга эга бу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида пайдо бўладиган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш масаласи давлат раҳбари сифатида менинг доимий эътиборим ва назоратимда бўлади», – дея таъкидлаган эди президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларининг бирида.

Амалда ҳам шундай бўлмоқда. Тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, уларга турли имтиёзлар ва қулайликлар яратилмоқда.

Аммо тан олиб айтиш керакки, ҳанузгача айрим тўсиқлар, англашилмовчиликлар туфайли ўз фаолиятини бошлолмаётган ёки бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этолмаётган тадбиркорлар ҳам учраб турибди.

Тадбиркорларнинг бу каби муаммолари журналистик суриштирувлар асосида мунтазам ёритиб келинмоқда.

Худди шу мазмундаги навбатдаги мурожаат Навоий шаҳридаги «Кармана барака карвони» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ҳусниддин Ғаниевдан келиб тушди. Ушбу мурожаатни жойида ўргандик ва тадбиркорнинг эътирозларини тингладик.

Тадбиркорнинг айтишича, 2017 йилда тадбиркорлик фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида йирик савдо мажмуаси қуриш таклифи билан Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов қабулида бўлган. Вилоят раҳбари ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, ер ажратиш масаласида Кармана тумани ҳокимига топшириқ берган. Барча ҳужжатлар тайёр бўлгандан сўнг ушбу йирик лойиҳа вилоят ҳокимлиги томонидан турли тўсиқларга учраган.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, тадбиркорнинг лойиҳаси автомобиль ва автоэҳтиёт қисмлари, қурилиш моллари савдо мажмуаси қуришга мўлжалланган.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, ушбу йирик лойиҳа асосида 800та савдо дўконидан иборат йирик мажмуа қурилиши, камида 1600 киши иш билан таъминланиши ва давлат бюджетига ойига 800 миллион сўм маблағ тушиши кўзда тутилган.

Лойиҳа ҳақиқатдан ҳам вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланган. Кармана тумани ер танлаш ва ажратиш комиссияси томонидан туман захирасида бўш турган 164 ва 165-контурлари ушбу савдо комплекси қурилиши учун мақсадга мувофиқ деб топилган.

Навоий вилояти ҳокими номидан 2017 йил 25 октябрда Вазирлар Маҳкамасига 01-03/2099-сонли, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига 01-03/2594-сонли хатлар юборилган.

Вазирлар Маҳкамасига юборилган хатда Кармана туманидаги захира ерлардан «Автомобиль ва автоэҳтиёт қисмлари, қурилиш моллари савдо мажмуаси» қурилиши учун Кармана тумани ер танлаш ва ажратиш комиссияси томонидан туман захирасида суғориладиган ер танлангани, уни вилоят ҳокимлигига ажратишда амалий ёрдам ва Кармана туманида ҳудудидаги ер майдонини ажратиш белгиланган тартибда Ҳукумат комиссиясида кўриб чиқилиши сўралган.

Сабаби, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сонли қарорига асосан (айни вақтда кучини йўқотган, ўша вақтда амалда бўлган) ўртача туман бонитет баллидан 20 фоиздан кўп бўлган суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари алоҳида қийматга эга бўлган суғориладиган ерлар жумласига кириши ҳамда ушбу ерларни корхоналар, бинолар ва иншоотлар қурилиши учун бериш алоҳида ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилиши белгиланган.

Вилоят ҳокими номидан Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига юборилган хатда «Автомобиль ва автоэҳтиёт қисмлари, қурилиш моллари савдо мажмуаси» қурилиши учун ерни ажратиш масаласида Вазирлар Маҳкамасига мурожаат этилган ва ушбу ерни ажратиш учун амалий ёрдам сўралган.

Мазкур хатга Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Т.Абдуллаев номидан Навоий вилояти ҳокими номига 2018 йил 15 январда 02-05-277-сонли жавоб хати келган. Унда «Автомобиль ва автоэҳтиёт қисмлари, қурилиш моллари савдо мажмуаси»ни қуриш учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари талабларига амал қилган ҳолда белгиланган тартибда амалга оширилиши қайд этилган.

Ушбу хатлардан кўриниб турибдики, ҳақиқатан ҳам лойиҳа дастлаб вилоят ҳокими томонидан қўллаб-қувватланган.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, Кармана тумани ер танлаш ва ажратиш комиссияси томонидан туман захирасида бўш турган 164 ва 165-контурлари ушбу савдо комплекси қурилиши учун мақсадга мувофиқ деб топилгани туфайли «Автомобиль ва автоэҳтиёт қисмлари, қурилиш моллари савдо мажмуаси» қуриш учун ер ажратиш бўйича 2018 йил 29 июнда Кармана тумани ҳокимининг Қ-821-сонли қарори чиққан. Унда лойиҳа учун «Кармана барака карвони» МЧЖга Кармана тумани «Калавот» маҳалласи ҳудудидаги туман ер захиралари 164 ва 165-контуридан 8,0 га, 40 бонитетли экин ер майдони ажратилиши белгиланган.

Қарорнинг 7-бандида «Мазкур қарор вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларини бериш (Реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш комиссиясига тасдиқлаш учун юборилсин», 8-бандида эса «Мазкур қарор вилоят ҳокимлигидан тасдиқдан ўтгандан сўнг кучга кириши белгилаб қўйилсин», дея қайд этилган.

Қарорнинг ушбу бандлари асосида қарор чиққан куннинг ўзида тегишли ҳужжатлар вилоят ҳокимлигига тақдим этилган. Аммо бошида қўллаб-қувватланган мазкур йирик лойиҳа баъзи сабабларга кўра тасдиқланмаган.

Қолаверса, Кармана тумани ҳокими томонидан «Автомобиль ва автоэҳтиёт қисмлари, қурилиш моллари савдо мажмуаси» қурилишининг тармоқ жадвали ҳам тасдиқланган.

Вилоят ҳокимининг 2018 йил 3 августда Кармана туман ҳокими номига йўллаган 01-03/1963-сонли хатида лойиҳа тасдиқланмаганлигига асос қилиб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 июндаги «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга беришнинг замонавий ва шаффоф механизмларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 493-сонли қарори қабул қилингани, қарорнинг 2-бандига кўра, 2018 йил 1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилиши белгилангани ҳамда 11-банди 3-иловага мувофиқ баъзи Ҳукумат қарорлари 2018 йил 1 июлдан ўз кучини йўқотгани кўрсатилган.

Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сонли қарори ўз кучини йўқотган ва мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга асосан Ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқувчи вилоят комиссиясининг фаолияти тўхтатилгани қайд этилган.

Шунингдек, ушбу хатда лойиҳа тасдиқланмаганига ҳужжатлардаги баъзи камчиликлар асос қилиб кўрсатиб ўтилган.

Аммо шу ўринда айтиш жоизки, Кармана тумани ҳокимининг ер ажратиш тўғрисидаги 2018 йил 29 июндаги Қ-821-сонли қарори асосида лойиҳа юзасидан тегишли ҳужжатлар вилоят ҳокимлигига тақдим этилганда юқорида ўз кучини йўқотган дейилаётган Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари амалда бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан Навоий вилояти ҳокими Қобилжон Турсунов билан суҳбатлашдик.

Вилоят раҳбарининг таъкидлашича, «Автомобиль ва автоэҳтиёт қисмлари, қурилиш моллари савдо мажмуаси» қурилиши учун ажратилиши белгиланган ер бонитети юқори экин майдони ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу ер тадбиркорлик фаолияти учун берилмайди.

Аммо юқорида вилоят раҳбари лойиҳа учун ўша ер ажратилишида амалий ёрдам сўраб Вазирлар Маҳкамаси ва Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасига хат йўллаганини кўрсатиб ўтдик.

Ушбу қўллаб-қувватлов асосида Кармана тумани ҳокимининг ер ажратиш тўғрисида қарори чиқди, лойиҳани амалга ошириш юзасидан туман ҳокимлигининг тармоқ жадвали ишлаб чиқилди. Якунда йирик лойиҳани амалга оширмоқчи бўлган тадбиркор аросатда қолди.

Вилоят ҳокими тадбиркорнинг ушбу лойиҳаси учун экин майдони бўлмаган ҳудуддан ер ажратишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, тадбиркор билан бу борада юзма-юз суҳбатлашишини таъкидлади.

Тадбиркор Ҳусниддин Ғаниевнинг айтишича, ушбу суҳбат бўлиб ўтган. Аммо вилоят ҳокими унга таклиф этаётган ер чекка, аҳоли яшамайдиган ҳудуд бўлиб, у ерда бу лойиҳа ўзини оқламайди.

Қолаверса, тадбиркор ушбу йирик лойиҳани банк кредитисиз, ўз маблағлари ва россиялик инвесторлар орқали инвестиция жалб қилган ҳолда амалга оширмоқчи. Вилоят ҳокимлиги таклиф этаётган ҳудуд инвесторларни ҳам қониқтирмайди.

Экин майдони ва бонитети юқори дейилаётган ерни ҳам кўздан кечирдик. Кармана туманидаги ушбу контурлар қаторида бир нечта тадбиркорлик субъектлари томонидан бино ва иншоотлар қурилиб, бугунги кунда фойдаланиб келинаётганини кўриш мумкин. Нега бу тадбиркорлик субъектларига қурилиш қилиш учун ер ажратилганда, унинг экин майдони эканлиги ҳисобга олинмаган?

Ушбу ҳолатни вилоят ҳокими биз билан суҳбатда бу ерлар аввалги вилоят раҳбарлари томонидан тадбиркорлик субъектларига учун ажратилгани, у раҳбарлик қилган вақтда бу ҳолат бўлмаганини билдирди.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, бу тўсиққа учраётган лойиҳаларининг ягонаси эмас. Хусусан, ўзи таъсисчи бўлган «Дўрмон-агро-экспорт» МЧЖнинг мева-сабзавотларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш лойиҳаси ҳам вилоят ҳокимлиги томонидан қўллаб-қувватланмаяпти.

Бу лойиҳа юзасидан вилоят ҳокими номига йўллаган хати ҳам жавобсиз қолмоқда. Тадбиркорнинг айтишича, бу каби бир нечта лойиҳалари бор. Аммо уларни ҳаётга татбиқ этишда шу каби тўсиқларга учрамоқда.

Тадбиркорнинг мурожаати асосида журналистик суриштируви холис олиб борилди. Томонлар фикрлари, важлари ва асослари ўз ҳолича келтириб ўтилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, яқинда Навоий вилоят ҳокими Қобул Турсуновнинг Kun.uz ижодкорларига берган интервьюсида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтганди. Умид қиламизки, вилоят ҳокимлиги ва йирик лойиҳаларни ўз ҳисобидан ва инвесторларни жалб қилган ҳолда амалга оширмоқчи бўлган тадбиркор Ҳусниддин Ғаниев ўртасида юзага келган ушбу ҳолат ўзининг ижобий ечимини топади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири

Ғолиб Абдусаломов
Тайёрлаган Ғолиб Абдусаломов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид