Ўзбекистон | 21:41 / 05.02.2019
71222
4 дақиқада ўқилади

«Тошкентда суғур куни». Тадбиркорлар касод бўлишларидан қайта огоҳлантиришмоқда

Фото: KUN.UZ

Адашмадингиз. Аслида «суғур куни» 2 февралда АҚШда истиқомат қиладиган машҳур суғур — Филнинг об-ҳаво башоратларини тинглаш билан кенг нишонланувчи кўнгилочар байрам. Ўзбекистонликлар ҳам «суғур куни» деганда сюжетда ҳар куни битта воқеа такрорланувчи қизиқарли комедия-фильмни эслайди. 

Бугун, 5 февраль куни ҳам Тошкентда бўлаётган воқеалар менга «суғур куни»ни эслатиб юборди. Гап шундаки, бундан аввал «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлар тушунарсиз, бир вақтнинг ўзида анча қийин вазиятда қолгани ҳақида мақола эълон қилинди. 

Мақолада 2019 йил январь ойидан бошлаб кўрсатилаётган дирекция хизматлари учун тўлов 500 фоизга, яъни ҳар бир метр квадрат учун 7800 сўмга оширилгани баён қилинганди.

«Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК бош иқтисодчиси вазиятга ойдинлик киритиб, «дирекция 2018 йилда тахминан 1,1 млрд. сўмга тенг солиқларни тўлаган бўлса, 2019 йилда харажатлар 19 млрд. сўмни ташкил этиши»ни айтган ва шунинг 67 фоизи солиқ юки ҳисобланади. Хуллас, мақолада барча вазиятга лўнда ва аниқ тушунча берилган. 

Аммо 5 февраль куни кичик саноат зонасидаги тадбиркорлар билан учрашиб, масалага ечим қидирган туман ҳокими Бахтиёр Шомуратов бошчилигидаги ДСИ туман бўлим бошлиғи биринчи ўринбосари, туман прокуратураси вакили ва бошқа мутасаддиларнинг айтганлари айнан «суғур куни»ни эслатади. Барчага очиқ-ойдин, муаммонинг асл сабаблари йиғилиши муҳокамасида яна қайта эсланди.

Шундан сўнг, ўтган ҳафтада ўтказилган йиғилишда таъкидланганидек, ер солиғи, мулк солиғи, сув солиғи, ҚҚС тўловчисига айланган ДУКнинг харажатларини қоплаш кераклиги тушунтирилди. Йиғилишда жамоатчилик аъзолари кузатувида ҳисоб-китоб қайта қилиниши яна таклиф этилди. Масалани «юқори»га олиб чиқиш, мурожаат қилиш зарурлиги яна айтилди.

«Ёзишма қилишимиз керак. Бунга эса вақт керак. Натижа бўлади, лекин вақт керак», — дейди «юқори» билан боғланишга ҳаракат бошланганига ишора қилган Муниципал активларни бошқариш маркази ДУК раҳбари ўринбосари Лазизхон Акмалхўжаев.

Шу пайт бор-будини кичик саноат зонасига тиккан тадбиркорлардан чиққан айрим юрак сўзларига қулоқ тутдим. 

«Эртанги кунга ишонч қолмаяпти. Кайфиятим тушиб кетган. Ишчиларим ҳам нима қиларини билмайди. Маҳсулот нархини ўзгартирсамми, буни ҳам билмайман», — дейди улардан бири. Ишлаб чиқарувчиларнинг ҳорғин кайфиятда ишига қараши, жуда катта эҳтимол билан, бозордаги нархга таъсир қилиши мумкинлигини аввал ҳам айтгандим. Бу гал, зона иштирокчилари умуман ишдан ҳам кўнгли совиган ҳолда кўринди. 

Туман ҳокими Бахтиёр Шомуратов туман солиқ органи мутасаддиларига дирекция раҳбариятига кўмак беришини таъкидлаб, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига хат билан мурожаат қилинишини билдирди. Лекин улардан масалага изоҳни Kun.uz ҳам бир ҳафтадан буён кутади. Масалага муносабат билдириш эса конструктив ечимга эга бўлишни англатмайди. ​

Алишер Рўзиохунов

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид