«Автотест»га яна бир ҳужум. Барча ҳайдовчилардан малака оширганлик тўғрисидаги сертификат талаб қилинишига чек қўйилиши кутилмоқда
5 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 135-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилишди. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев телеграмдаги каналида хабар қилган.
«Ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш ва сертификат олиш масаласи анча мунча муҳокамага сабаб бўлган мавзулар қаторида бўлди. Турли таклифлар ва фикрлар бўлганлигини ҳам кузатдик.
Кўпчиликнинг таклифи ва ҳақиқатан ҳам фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида бугун депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 135-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Маълумот учун: ушбу модда йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқарганлиги учун жарима қўллашга бағишланган.
Қонун лойиҳасининг биринчи ўқишда киритилган вариантидан фарқли равишда депутатларнинг таклифлари билан лойиҳа иккинчи ўқишда қайта ишланиб, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқаришда зарур бўлган ҳужжатлар қаторида транспорт воситаларида фақатгина «йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати» бўлиши зарурлиги назарда тутилди. Яъни, барча юридик шахс ҳайдовчилари эмас, фақат йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларнинг малака оширганлиги тўғрисидаги сертификати бўлиши ҳақида гап кетмоқда.
Шунингдек, транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда гувоҳнома олган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бу талабдан мустасно эканлиги кўзда тутилмоқда.
Демак бундан англашиладики, йўл ҳаракати хавфсизлиги инспектори (ГАИ) ҳужжатни кўздан кечиришда барча юридик шахсларга тегишли автотранспорт ҳайдовчиларидан эмас, балки фақат йўловчи ва юк ташишга ихтисослашган ҳайдовчилардангина малака оширганлиги ҳақида сертификатни кўрсатишни талаб қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 4 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Инновацион ўқитиш услубларини жорий этиш йўли билан ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек уларнинг малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги 693-сон қарори қабул қилинган эди. Ушбу қарорда 2018 йилнинг 1 январидан юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар икки йилда бир марта малака оширишга мажбурлиги ва уларга малака оширганлиги тўғрисида «Avtotest Report» МЧЖнинг сертификати топширилиши белгиланган эди.
Шундан сўнг ҳукуматнинг мазкур қарорига бир неча марта ўзгаришлар киритилди. Хусусан, 2018 йилнинг 1 июнидан бошлаб Avtotest’нинг ҳайдовчилар малакасини ошириш бўйича алоҳида, монопол ҳуқуқи тугаган, юридик шахслар ҳайдовчилари малакасини ошириш билан нодавлат таълим муассасалари ва зарур лицензияга эга бошқа компаниялар ҳам шуғулланиши мумкин бўлганди. Аммо ҳамон бундай сертификатни олиш барча ҳайдовчилар учун мажбурий бўлиб қолаётганди.
2018 йилнинг июнида эса «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган, унга кўра, 135-модда биринчи қисми диспозициясидаги «лицензия карточкаси ёки йўл варақаси» деган сўзлардан сўнг «юридик шахслар автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширгани тўғрисидаги сертификати» деган сўзлар билан тўлдирилган, 135-1-модданинг номи таҳрирланиб, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ҳамда ҳайдовчиларни малака ошириш қонун ҳужжатлари тўғрисидаги талабларини бузиш» тарзида баён этилган, «Юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини малака ошириш курсларини ўтмасдан транспорт воситаларини бошқариши, - энг кам иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши» белгиланганди.
Қайд этиш керакки, депутатлар ва сенаторлар бир неча марта «Avtotest-Report» малака ошириш ўқув курслари тўғрисидаги қарорга ўз эътирозларини билдириб келишганди.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
18:56 / 24.09.2024
ЙҲХХ бошлиғи: “Йўл ҳаракати қоидаларини кўп бузган ҳайдовчилар билан «маҳалла еттилиги» ишламоқда”
12:08 / 25.04.2024
ТТА ва Стоматология институтида хорижий тиллардан сертификат олганларга стипендия берилмаётгани айтиляпти
07:31 / 25.04.2024