Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар хавотирли ўзгаришлардан безимоқда
Ўзбекистондаги барча кичик саноат зонаси иштирокчилари — кичик ва ўрта ишлаб чиқариш вакиллари билан юз бераётган воқеалар ОАВ назаридан четда қолмаяпти. Аввалига «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК мисолида таранглик ёритилган бўлса, эндиликда республиканинг турли бурчаклардан акс-садо чиқа бошлади.
Гап шундаки, янги солиқ ислоҳотларига мувофиқ, кичик саноат зонасини бошқарувчи дирекция ер, мулк, сув, қўшилган қиймат солиғи тўловчисига айланган. Аммо дирекциянинг даромад манбаси, деярли, йўқ. У фақат зонада кўрсатиладиган хизматлар ёхуд шароитларни сақлаш учун тўланадиган тўловдан ортиқ тушумга эга эмас. Айни чоғда кичик саноат зонасидаги барча мол-мулк ва ердан ундирилиши кўрсатилган солиқлар ДУК зиммасига тушмоқда.
Ушбу масала такрор-такрор муҳокама этилиши, ОАВда кўтарилиши «суғур куни»да яшаётган журналистнинг ҳаётига ҳам ўхшатилди.
«Мирзо Улуғбек кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК бош иқтисодчиси масаланинг айрим жиҳатларига эътибор қаратиш лозимлигини уқтирмоқда.
«Биринчидан, кичик саноат зонаси ҳудудидаги мулкларнинг қиймати қайта ҳисобланиши лозим. Чунки уларнинг ҳам инвентар, ҳам кадастр қиймати сунъий оширилган ҳолда кўрсатилган. Аслида бинолар фойдаланишга яроқсиз, унда иш фаолиятини ташкил этиш мумкин бўлмаган. Ишбилармонлар чўнтагидан маблағ сарфлаб, ободонлаштириш ишларини олиб борди, қурилиш қилди, катта инвестиция ётқизди. Масалан, бизнинг зонада тадбиркорлар қурган бинодан бир йил ҳам фойдаланмади. Бу ўзгариши лозим. Шундан сўнг, ДУК зиммасидаги мулк солиғи юки ҳам пасаяди.
Иккинчидан, Давлат солиқ қўмитаси 2018 йил учун солиқ қарздорлигини келтириб чиқарди. Камерал тафтиш натижасида «шунча қарзинг бор» дейиш нотўғри. Молия органлари ўз вақтида нега пулларни ундирмаган? Қайсидир қарорнинг турлича талқини туфайли биз 2018 йил учун ярим миллиард сўмдан ортиқ солиқ тўловини бажаришга мажбур бўляпмиз. Бу ҳамма билан юз бермоқда. Энди нима қилиш керак? Қарздорлик ундирилиши учун бизга узайтирилган муддат керак. Акс ҳолда ДУК банкрот бўлиши ҳам мумкин», — дейди у.
Худди шундай қарздорлик «Яккасарой кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК зиммасига ҳам юклатилган бўлиб, унинг суммаси тахминан 3,5 миллиард сўмни ташкил этади.
«Мирзо Улуғбек кичик саноат зонасини бошқариш дирекцияси» ДУК раҳбарияти маълумотига кўра, дирекция 2018 йил куз ойларидан буён турли даражадаги ташкилотларга расмий хат билан мурожаат қилиб келмоқда. Аммо натижа йўқ.
«Бизнинг ҳолатимиз тушунарсиз — ишлаб чиқаришни рағбатлантириб, шу орқали солиқ тушумини кўпайтириш ўрнига истиқболли тадбиркор, инвесторларни ҳам бездириб қўямиз», — дейди Мирзо Улуғбек кичик саноат зонаси иштирокчиси бўлган тадбиркорлардан бири.
Шунга ўхшаш гапни Яккасарой туманида жойлашган кичик саноат зонаси иштирокчиси ҳам айтганди:
«Эртанги кунга ишонч қолмаяпти. Кайфиятим тушиб кетган. Ишчиларим ҳам нима қиларини билмайди. Маҳсулот нархини ўзгартирсамми, буни ҳам билмайман», — дейди у.
Алишер Рўзиохунов
Мавзуга оид
16:08 / 24.05.2025
82 миллиард сўмлик ҚҚС тадбиркорларга ноқонуний қайтарилгани аниқланди – ДХХ
13:03 / 20.05.2025
Тадбиркорларга модулли меҳмонхоналар қуриш учун субсидия ажратилади
11:39 / 05.05.2025
Кам таъминланган оилаларга 19 млрд сўмдан ортиқ ҚҚС қайтарилди
16:17 / 03.05.2025