Спорт | 13:48 / 06.02.2019
14754
18 дақиқада ўқилади

Мюнхен фожиасига 61 йил: Воқеа жойидан ҳикоялар

Англия чемпионатининг 25-туридан жой олган «Лестер» - «МЮ» ўйинида «Кинг Поуэр» стадиони таблосида бугунги футбол мухлиси учун бироз нотаниш бўлган исм-шарифлар ҳавола қилинди. Албатта, бунинг маъносини катта ёшли мухлислар билиб турарди, бу номлар 61 йил аввал Мюнхен ўрмонида жон таслим қилган футболчилар эди. Балким, айнан шу номлар кейинчалик «Манчестер Юнайтед»нинг дунёнинг энг машҳур ва муваффақиятли жамоаларидан бирига айланишида муносиб ўрин тутади.

Бугун, 6 февраль куни, ўша фожиага ропа роса 61 йил тўлади.  

1958 йилнинг шу кунида «Манчестер Юнайтед» жамоаси футболчилари ва персонали, шунингдек бир қатор журналистлар ва мухлислар жойлашган самолёт ноқулай об-ҳаво туфайли Мюнхен аэродромидан кўтарилишда муаммога дуч келади ва борт аварияга учрайди. Жамоа Чемпионлар кубоги доирасида чорак финал учрашувида Белграднинг «Црвена Звезда» жамоасини доғда қолдириб, ярим финалга йўл олган ва Мюнхенда ёқилғи қуйиб олиш учун қўнганди. 44 йўловчидан 23 нафари оламдан кўз юмади.

ВОҚЕАДАН ОЛДИН

1955 йилнинг апрелида УЕФА Европа лигалари чемпионлари ўртасида Чемпионлар кубоги мусобақасини ташкил қилди. Дастлабки мавсумда инглиз жамоалари бу турнирга қатнашишмади, ўша пайтдаги Англия Лигаси раҳбари Алан Ҳардэйкер миллий турнирларга бўлган қизиқиш пасайишидан хавотир олган ва «Челси»га рухсат бермаганди.

Кейинги мавсумда «Манчестер Юнайтед» чемпион бўлди ва худди «Челси» каби манчестерликларга ҳам халқаро турнирда қатнашишга тақиқ қўйилди. Аммо бош мураббий Мэтт Басби ва клуб раиси Ҳаролд Ҳардман АФАдан ўз тарафдорларини топишади ва узоқ уринишлар натижасида бу мусобақада иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Шу тариқа, «Манчестер Юнайтед» инглиз жамоалари ичида биринчи бўлиб еврокубокларда қатнашган клуб сифатида тарихда қолади.

Жамоа илк мусобақадаёқ ишончли қатнашиб, ярим финалгача борди ва фақат бўлажак ғолиб Мадриднинг «Реал»ига имкониятни бой беришади. Қаторасига иккинчи чемпионликка ҳам эришган «Басби болалари» (жамоанинг аксарият ўйинчилари жуда ёш бўлганликлари учун, шундай лақаб олгандилар) Европа миқёсидаги ғалаба сари одимлашда давом этишди.
 
У вақтларда самолётда учиш анча таҳликали саналарди, аммо шанба кунлари ўтказиладиган миллий чемпионат ўйинларига улгуриш учун ҳафта ўртасида еврокубок ўйинида иштирок этган «Юнайтед»да самолётда учишдан бошқа илож ҳам қолмаганди.

6 ФЕВРАЛЬ. 1958 ЙИЛ

Самолёт немис заминига қўнганида, ҳамма жуда хотиржам ва яхши кайфиятда эди. Кимдир карта ўйнар, бошқаси сўнгги янгиликларни муҳокама қилар, борт турли китоб ва журналларга тўла эди. Учиш олдидан кузатиладиган одатий муҳит: бироз асабийлик бор, аммо карта ўйини ва суҳбатлар вазиятга анча хотиржамлик олиб кирган. Ҳатто баъзилар ухлаб ҳам ётишибди.

Соат 14.00га яқин G-ALZU AS 57 борт капитани Кенет Реймент билан бирга учиш учун тайёр эди. Шу ергача бортни бошқарган капитан ёрдамчиси Жеймс Тейн энди Реймент билан ўрин алмашганди.

«Кен иккимиз учиш учун барча ричагларни тортдик ва мен «қани, олға» деб буйруқ бердим. Двигателлар ишга тушди, аммо негадир иккимиз ҳам нимадир нотўғри бўлаётганини ҳис қилиб турардик. Двигателлар жуда нотекис ишлаётганди. Самолёт тезланишни бошлаши ҳамоно, Кен тормозни босди. Қирқ секунд ўтмай, самолёт энди жойида тўхтаб турар эди» - деб эслайди Жеймс Тейн.

Иккинчи уриниш ҳам муваффақиятсиз чиққач, самолётга қайта ёқилғи билан тўлдириш зарурати туғилди ва йўловчилар кофе ичиш учун ташқарига чиқишди. 

«Манчестер Юнайтед» ҳимоячиси Билл Фоулкс ҳикоя қилади: «Биз Белграддан то Мюнхенгача карта ўйнаб келгандик. Эсимда, бортдан ташқарига чиққанимда ҳаво жуда совуқ эди. Учиш амалга ошмагач, баъзиларнинг асабийлаша бошлаганига эътибор бердим. Иккинчи уринишдан кейин аҳвол янада таранглашди ва бортга қайтганимизда кайфият тушиб кетган эди. Энди ҳеч ким карта ўйнагиси келмай қолди, мен ҳам карталарни чўнтагимга солдим-да, учинчи уринишни кута бошладим. Мен ўртароқда ўтиргандим, ёнимда Мэтт Басби ва Берт Волей бирга ўтиришар, Марк, Томми, Дункан ва Эдди сал орқароқда эди. Дэвид Пегг ўрнидан туриб, «бу ер менга ёқмаяпти, хавфлига ўхшайди, мен кетдим» деб орқадаги футболчилар сафига қўшилди. Свифтнинг ҳам кетганини кўрдим. Бошқалар шу менга яқин жойларда ўтиришганди».

Яна Жеймсга сўз берамиз - «Учинчи уринишда ҳам двигателлар ёмон ишлаётганини сездим ва Кенга айтдим. Спидометр 105 ни кўрсатарди, лекин қандайдир беқарор эди. Рақам 117 га чиққач, хавфни сеза бошладим ва рацияда хабар бера бошладим. Бирданига спидометр аввал 112 га, кейин 105 га тушаётганини кўрдим. «Эй Худо, эплай олмаяпмиз» деб қичқириб юборди Кен. Мен олдимга қараб қорни, аэродром яқинидаги қанақадир бинони ва дарахтни кўрдим».

7 ФЕВРАЛЬ. 1958 ЙИЛ

Ҳалокатдан сўнг «Элизабетан»ни (самолёт номи) таниб бўлмасди. Самолёт уйга урилиб кетди ва ёниб кетди. Қанотлар дарахтларга урилиб, ажраб кетган, бино атрофида бочкаларда турган ёқилғилар ҳам портлаб кетганди.

«Самолётнинг орқа тарафи умуман йўқ бўлиб қолгандек эди. Мен имкон қадар жуда тез югуриб қоча бошладим. Ҳеч нарсани ўйламас, фақат узоқроққа югуришга ҳаракат қилардим. Кейин, ортга қараб, самолёт портламаслигини сездим ва қайтдим. Бошқаларни қутқариш керак эди. Роджер Берн креслосига боғланиб қолган, Бобби Чарлтон ҳеч нарсани сезмай ўз ўрнида ўтирарди. Кейин қаердандир Гари Грегг пайдо бўлди ва иккимиз ёрдам беришимиз мумкин бўлган шерикларимизни қидириб, қутқара бошладик».

«Икки шеригимиз билан бирга Мэтт Басбини кўтариб олиб чиқдик - унинг аҳволи жуда оғир эди. Бобби Чарльтон ўзига келиб, ўрнидан турди ва бизга ёрдам бера бошлади. Ҳаммани Мюнхендаги касалхонага олиб боришди. Бу ўша ҳалокат бўлган кун, аммо биз воқеанинг бутун даҳшатини ҳис қилмасдан бир кун олдинги воқеалар эди» - дейди Билл Фоулкс.

Биз Басбининг хонасига кирганимизда, у кислород маскасида ётар, Дункан Эдварднинг аҳволи эса, янада оғирроқ эди. Боббининг бошини боғлашди, Жекининг юзи тикилган, қўлини гипс қилишганди. Алберт Сканлон кўзини юмиб ётар, Рэй Вууд кантузия ҳолатига тушиб қолган, шунингдек, Кен Морганс ва Жонни Берри ўз ўринларида ётар эди. Ҳамширанинг айтишича, Дунканнинг яшаб кетиш имконияти Жонниникидан кўпроқ экан. Э воҳ...

Биз Фрэнк Тейлорнинг ёнига яқинлашдик. У ўша палатадаги ягона журналист эди. У биздан бирга пиво ичишимизни сўради. Афтидан, Френк кечаги воқеани ҳали англаб етмаган ҳам эди. Мен ҳамширадан бошқа болаларни ҳам кўришимиз мумкинмикин, шуни сўрадим.

- Бошқалар? Бошқалар йўқ, шу ердагилардан бошқа ҳеч ким қолмади!

Даҳшат. Ана ўшанда биз воқеанинг бутун фожиасини ҳис қилгандик. «Басби болалари» энди йўқ! Йўқ улар!»

Роджер Берн, Геофф Бент, Марк Жонс, Дэвид Плегг, Лиам Вилан, Элли Колман, Томми Тейлор воқеа жойидаёқ вафот этишди. Клуб котиби Волтер ҳам мураббийлар Том Карри ва Берт Воллей билан бирга ҳалок бўлди. Дункан ва Жонс оғир аҳволда ётарди, Мэтт Басби ҳам кўп жойидан яраланган — у клуб ходимларидан тирик қолган ягона инсон эди. 
Тўққиз спорт журналистидан саккиз нафари вафот этди. Самолёт капитанларидан бири, яна икки пассажир – турист ва жамоа мухлиси ҳам. Тўққиз футболчи тирик қолди, аммо улардан икки нафари – Жонни Берри ва Жеки Бланчфлауэр кейин футбол ўйнай олишмади.

Икки фотограф, турфирма агентининг рафиқаси, икки югославиялик йўловчи (бири чақалоқ) тирик қолди. 21 киши ҳалок бўлди ва 20 киши тирик қолди. Ҳаёт учун курашаётган 4 йўловчидан 2 нафаригина тирик қолди, холос. Орадан уч ҳафта ўтиб, Дункан Эдвардс ва Кенетт Рэймент касалхонада жон беришди. 

ОҚИБАТ: ОСТОНАГА КЎМИЛГАН ОРЗУ

Ўша ҳафтада «Юнайтед» Лига пешқадами «Вулверҳэмптон» билан «Олд Траффорд»да тўп суриши кўзда тутилганди. Узоқ йўлчиликка қарамай, кўпчилик бу ўйинда ғалаба кутар, пешқадам билан ўртадаги фарқ 4 очкога камайишини ҳамма истар эди. Бутун Манчестер ўйинни кутаётган бир пайтда газеталар совуқ сарлавҳалар билан шаҳарга кириб борди: «Манчестер Юнайтед» авиҳалокат қурбони... Тириклар жуда оз». Ҳамма эшитар, ўқир, бир-бирига гапириб берар, аммо аслида бу қандай воқеа эканини идрок эта олмаётганди гўё.

Мэтт Басбининг дўсти, Уэльс терма жамоаси мураббийи Жимми Мёрфи «МЮ»да бош мураббийга ёрдам берарди.

«Мен Европа сафарларида доим Мэтт билан бирга юрар, аммо бу сафар негадир Мэтт Белградга бормасам ҳам бўлаверишини айтди. Ўша пайтларда хаёлим кўпроқ Уэльс терма жамоаси билан эди. Ўша воқеа бўлган куни эрталаб, Манчестерга келдим. Котиба менга самолёт аварияга учраганини айтди. Мен фақат у йиғлаб юборгандагина ишондим. У кўпчилик вафот этганини билар, лекин ким, неча киши, умуман хабари йўқ эди. У кетгач, мен хонамга кирдим ва узоқ вақт йиғлаб ўтирдим.

Эртасига Жимми Мюнхенга учиб борди ва Басби билан кўришди.

«Мэтт кислород маскада ётарди. У менинг қўлимни ушлаб, «keep the flag flying» деди. Дункан ҳам мени таниди. Ҳаммаси даҳшат эди. Даҳшат! Басби унинг ишини давом эттиришимни, «Юнайтед» байроғини қўлга олишимни истади ва менинг олдимда жамоани яна тиклаш вазифаси турарди. Менда энди янада буюкроқ жамоа бор, лекин футболчилар йўқ эди», - деб ҳикоя қилади Мёрфи.

Эртасига Манчестер ўз қаҳрамонларини қабул қилди. Ортиқча муаммо туғилмаслиги учун жасадлар кечаси олиб келинган ва гимназияга жойлаштирилганди. Ўша ерда марҳумларнинг оила-аъзолари ва яқинлари йиғилишди. Минглаб мухлислар шу пайтгача олқишлари остида жавлон урган навқирон таналарни сўнгги бор кўриш учун келишди.

Марҳумларнинг яқинлари илтимосига биноан таъзия маросими бегоналардан холи ўтказилди. Аммо бегонаси борми уларнинг? Мухлислар сал узоқроқ жойда тўпланиб, таъзияни кузатиб туришди. Футбол тарихида мухлислар йиғилган жойда бу қадар жимжитлик кузатилмаганди, балки. Ҳамма сокин йиғларди. Шаҳардаги таксичилар ҳам кун давомида текинга хизмат қилишди.

Бутун футбол мана шундай сокинлашган, турдаги барча ўйинлар мотамда ўтди. Рақобатчи клублар ҳам жамоага ёрдам қўлини чўза бошлашди. «Ливерпуль» ва «Ноттингем Форест» бу борада биринчилардан бўлишди. 

«Юнайтед»нинг лигадаги ўрни сақланиб қолиши мумкин, Лига тақиқлардан бирини бекор қилди ва Англия кубогида бир жамоа сафида қатнашган футболчига худди шу турнирда бошқа жамоа шарафини ҳимоя қилиш имкониятини берди. «Юнайтед»га янги ўйинчилар керак эди, Жимми Мёрфи таркиб йиға бошлади. Биринчи трансфер «Блэкпул» аъзоси Эрни Тейлорнинг келиб қўшилиши бўлди. Аста-секин «Олд Траффорд»га футбол қайта бошлади.  

ИЛК ЎЙИН: 59 999 ҲАМДАРД
Ҳалокатдан 13 кун ўтиб, «Манчестер Юнайтед» Англия кубоги доирасида «Шеффилд Уэнсдей»ни қабул қилди. Февралнинг совуқ кунида стадионга 60 000 мухлис ташриф буюрди. Балки орадаги вақт ниманидир унуттиргандир, аммо яна 59 999 ҳамдардини кўрган инсон яна йиғлаб юбориши табиий. Ҳеч кимдан уялмай, очиқчасига ҳамма йиғларди яна. Кўпчилик атайлаб қизил-оқ-қора либосларда келганди ва айнан ўша кундан бошлаб бу ранглар «Манчестер Юнайтед»нинг ўзгармас ранглари бўлиб қолди. Ўйинолди програмкада фожиа ҳақида мақола эълон қилинган, жамоа таркиби ёзиладиган ер эса, бўш қолдирилганди. Тўлдириш мухлисларга ҳавола қилинди – кимдир сухандондан эшитиб, таркибни ёзиб олди, кимдир марҳум қаҳрамонларининг исмларини ёзди, кимдир эсдалик сифатида бўш қоғозни уйига кўтариб кетди.

Дарвозабон Гари Грегг ва ўнг қанот ҳимоячиси Билл Фоулкс – эски асосий таркибдан шу куни майдонга тушган икки вакил эди. Бошқа номлар нотаниш: чап қанотдаги Ян Гривс шу кунгача ўсмирлар таркибида ўйнаб юрган футболчи Рожер Берннинг ўрнини эгаллаганди: «Эсимда, ечиниш хонаси жуда жимжит эди. Мен Рожерни хаёлимдан чиқариб ташлай олмаётгандим. Мен унинг формасида, унинг ўрнида ўтирардим ахир»...
  
Чап қанот ярим ҳимоячиси Стэн Кроутернинг трансферини эса, унутиш мумкин эмас. У «Астон Вилла»да ўйнаган ва умуман Манчестерга келишни истамаганди. Мураббий Мёрфи эслайди: «Эрик Ҳютон ўша пайтларда Вилланинг мураббийи эди. У Стэнга бизнинг қизиқаётганимизни айтди. Стэн жамоасини тарк этишни истамади, лекин Эрик унинг «Олд Траффорд»даги «Шеффилд»га қарши ўйинимизга бирга олиб келди. Йўлда кетаётиб Эрик яна ўша мавзуни очади ва Стэннинг ёрдамига муҳтож эканимизни айтади. Стэн нима дейишни билмай, формаси ўзи билан эмаслигини баҳона қила бошлайди. «Хавотир олма, ҳаммасини олганман», - деб жавоб беради Эрик. Улар ўйин бошланишига бир соат қолганида «Манчестер Юнайтед» вакиллари билан учрашишди ва шартнома имзоланди».

Ўша куни «Шеффилд»да умуман имконият йўқ эди. Ахир мезбонлар умуман катта нарса учун майдонга тушишганди. Трибунадаги эҳтироснинг ҳам қиёси йўқ эди. 

«Ўша ўйинда майдонга тушган ёки трибунадан томоша қилган бирор кишининг бу кунни унута олишига ишонмайман», – деб эслаганди кейинчалик «Манчестер Юнайтед» таркибига қўшилган «Шеффилд» футболчиси Альберт Куиксол – «улар бутун юрак билан ўйнашди ва майдонда бутунлай янги таркиб бўлишига қарамай, ҳар қандай ҳолатда бизни енгган бўлишарди. Гўёки бизга қарши 11 футболчи эмас, 60 000 киши тўп сургандек эди».

Ким билади, балки юракнинг туб тубида «Шеффилд» футболчиларининг ўзлари ҳам ўзларига қаршилик қилгандир...

Орадан икки кун ўтиб, Дункан Эдвардс ҳам касалхонада жон берди ва яра янгиланди. 

ЯКУН: УЧ КИШИ
Эртак бу ерида тугамаслиги керак, албатта.

Касалхонадан чиқиб, реабилитация марказига қатнай бошлаган, нафақат футбол, умуман ҳаёт ҳақида ўйламай, тушкунликка тушиб қолган Мэтт Басби рафиқасининг бир сўзидан кейин оёққа туради. «Биласанми, болаларинг қайтишингни жуда ҳам хоҳлашяпти», – деганди ўшанда Жин Басби.

1958/59 йилги мавсумда Мэтт Басби клубга қайтди ва бошқатдан «Басби болаларини» тузишни бошлади. Кейинчалик, мураббийнинг айтишича, у жудаям яқин келган, аммо фожиа туфайли қўлдан чиқиб кетган Европа Чемпионлар Кубогида ғалаба қозониш орзуси бир муддат бўлса ҳам хаёлини тарк этмаган, айниқса, футболчиларнинг айнан ўша кайфиятни сақлаб қолиш ҳақида кўп қайғурган экан. 

Орадан йиллар ўтиб, 1968 йилда «Манчестер Юнайтед» Чемпионлар кубоги финалида «Бенфика» устидан ғалаба қозонади ва тарихида илк бор ушбу соврин эгасига айланади. Тақдирлаш маросими охирлаб бораётганда эса, ғолиблар орасидан уч киши ажралиб чиқади ва майдон марказига келади.

Бу уч киши – ўша самолётда шериги билан жамоадошларини қутқарган ҳимоячи Билл Фоулкс, аввалига ҳушсиз ётиб, кейин ўзига келган Бобби Чарлтон ва айнан шу кубок туфайли ҳаётга қайтган Мэтт Басби эди...

Бошларини бир бирининг бошига, қўлларини шеригининг елкасига қўйиб олган бу уч киши узоқ вақт шу алфозда туриб қолишди. Улар айни пайтда нима ҳақида, кимлар ҳақида ўйлаганликларини айтиш шарт эмас, албатта.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид