Спорт | 21:20 / 06.02.2019
7313
2 дақиқада ўқилади

«Нант» авиаҳалокатда нобуд бўлган футболчи учун «Кардифф»дан пул сўрамоқда

«Нант» клуби «Кардифф» раҳбариятига мурожаат қилиб, ҳужумчи Эмилиано Сала трансфери учун 15 миллион фунт тўлашни талаб қилмоқда, деб ёзади BBC.

Аввалроқ, аргентиналик футболчи янги жамоаси қароргоҳига йўл олганида, авиаҳалокат натижасида қурбон бўлган ва унинг самолёти денгиз тубидан топилган эди.

Шундай бўлса-да, францияликлар «Кардифф»дан шартномага амал қилишни ва 10 кун ичида трансфер қийматини тўлашни талаб қилишган. Акс ҳолда, суд орқали ўз ҳуқуқлари учун курашмоқчи эканини маълум қилишган.

«Кардифф»даги манбанинг сўзларига кўра, клуб шартнома бандларини бажаришдан бўйин товламоқчи эмас. Бундан ташқари, футболчининг жасади ҳали денгиз тубидан кўтарилмаган ва дафн қилинмаган бўлса-да, «Нант» клубининг пул талаб қилишидан таажжубда эканини билдиришган.

Эслатиб ўтамиз, 21 январь куни кечқурун Эмилиано Сала Франциянинг «Нант» клубидаги жамоадошлари билан хайрлашиб, «Кардифф» клуби қароргоҳига хусусий самолётда учиб кетган эди. Бироқ, самолёт кўзланган манзилга етиб келишидан 1 соат олдин радарлардан йўқолиб қолди. Бундан бироз аввалроқ, футболчи WhatsApp’даги чатга «ҳозир самолёт парчаланиб кетса керак», деган хабарни жўнатишга улгурган эди. Самолёт қолдиқлари 3 февраль куни денгиз остидан топилди. Уни излаш ишларига хайрия асосида катта миқдорда маблағ тўпланди.

Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт ноқулай об-ҳаво шароити туфайли, ҳалокатга учраган бўлиши мумкин.

Мавзуга оид