Ўзбекистон | 12:40 / 06.02.2019
69402
3 дақиқада ўқилади

Пора билан ушланган депутатга суд ҳукми ўқилди

Халқ депутатлари Наманган вилоят кенгашининг собиқ депутати, пора билан ушланган Олимжон Абдуназарович Тўхтаназаровга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Kun.uz манбаси хабар қилишича, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») 3-қисми, «в» банди бўйича қўйилган айблов 168-модданинг 1-қисми ва 211-модданинг («Пора бериш») 1-қисми билан қайта малакаланган ҳамда унга нисбатан 45 («Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш») ва 57-модда («Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш») қўлланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 59,61-моддаси тартибида тайинланган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тўлиқ, мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 2 (икки) йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жами 3 йилу 1 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

ЖКнинг 62-моддаси тартибида 2018 йил 22 сентябрдан 2019 йил 5 февраль кунига қадар 4 ой 14 кун қамоқни ҳар бир кунини озодликни чеклаш жазосини бир кунига ҳисоблаб, тайинланган жазодан чегирилиб, 2 йил 8 ой 16 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган.

Ҳукм чиқаришда собиқ депутатнинг оилавий шароити ва ягона боқувчилиги инобатга олинган.

Олимжон Тўхтаназаров муқаддам Поп туманида мактаб директори лавозимида ишлаган, 2017 йилнинг ноябрида суд ҳукми билан лавозимидан озод қилинган аёлга давлат органларидаги мансабдор танишларига пора бериш орқали муаммони 500 долларга ҳал қилиб беришини ваъда қилган ва кейинроқ пора олиш чоғида ушланганди.

У 2018 йилнинг 22 сентябрида Наманган вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбир давомида аризачи И.М.дан 500 доллар пулни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинганди. 

Ушбу ҳолат юзасидан Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан 22 сентябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди («хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик»), 28-моддаси («жиноятда иштирокчиларнинг турлари») ва 211-моддаси 1-қисми («пора бериш») билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, Олимжон Тўхтаназаров халқ депутатлари Наманган вилоят кенгаши розилиги олинган ҳолда, Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси («ушлаб туриш асослари») тартибида ушланганди.

Мавзуга оид