Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Колективос - Мадуро учун ўлимга тайёр отрядлар. Венесуэла фуқаролик уруши ёқасида
Каракас яқинидаги эски бинолардан бирида Уго Чавес ҳамон яшамоқда. Асосий залда Венесуэланинг собиқ президентининг ҳарбий либосдаги улкан ҳайкали ўрнатилган. У бинога кириб келгувчиларни виқор билан қаршилайди.
Деворда Чавес Венесуэланинг миллий ранглари - сариқ-кўк-қизил рангдаги формада жилмайиб туради. Унинг остидаги катта стол ортида ўзини Суберо деб таништирувчи киши соатлаб ўтиради.
Суберо ўн йиллардан буён Чавесга садоқатли, гап фақат идеологияда эмас. 1992 йилнинг 4 февралида ўша вақтда 20 ёшда бўлган, ҳозирда 47 ёшга чиққан истеъфодаги сержант Суберо Чавес томонидан ўша вақтдаги президент Карлос Андрес Пересга қарши қилинган тўнтаришда иштирок этганди.
Ўшанда исён бостирилган, Суберо Чавес ҳамда бошқа исёнчилар билан бирга қамоққа ташланганди.
Аммо бу воқеа Суберонинг Чавесга ишончига заррача путур етказмади.
Фото: KEVIN JORDAN / GETTY IMAGES
Ҳозирда у Венесуэладаги «колективос» (colectivos) деб номланувчи ўнлаб гуруҳлардан бирига бошчилик қилади. «Колективос» аъзолари ўзларини Чавеснинг боливарча инқилоби қўриқчилари деб аташади ҳамда унинг вориси Николас Мадурога садоқат изҳор этишади.
Мадуро айни вақтда халқаро ҳамжамиятнинг қаттиқ босимига учрамоқда, жаҳон давлатлари уни истеъфога чиқиб, муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилишини талаб қилишмоқда.
Жанубий Американинг аксар давлатлари, Европа, АҚШ ва Канада энди Мадурони бу мамлакатнинг қонуний президенти деб ҳисобламайди.
Аммо Суберо ва унинг қўмитасининг бошқа аъзолари 2013 йилдан буён Венесуэлани бошқариб келаётган Мадурони ҳимоя қилишга бел боғлашган.
«Мен уни ҳимоя қилиш учун ўлишга тайёрман», дейди Суберо.
«Ташқи аралашув»
Венесуэладаги «колективос» гуруҳлари Чавес диктатураси даврида пайдо бўлган ва бутун мамлакат бўйлаб тарқалган.
Улар расман аҳолига ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида тузилган бўлинмалардир. Бундай гуруҳлар таркибида минглаб аъзолар бор.
Мухолифат вакиллари ва ҳуқуқ фаоллари эса «коллективос»ни қуролли гуруҳларга айланиш ва маълум ҳудудлар устидан назорат ўрнатиб, ҳукумат танқидчилари, намойишчилар ва журналистларга ҳужумлар уюштиришда айблайди.
Айни вақтда мамлакат иқтисодидаги коллапс, озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари тақчиллиги туфайли аҳоли орасида Мадуро ҳукуматидан норозилар сони ортиб бормоқда
Кўпчилик воқеалар ривожига «колективос» вакиллари аралашуви кўчаларда зўравонлик ҳолатлари юзага келиши ва охир-оқибат фуқаролик уруши бошланишидан хавфсирамоқда.
БМТ маълумотларига кўра, Венесуэлада январь ойидаги бир ҳафтанинг ўзида Мадуро тарафдорлари томонидан куч ишлатилиши оқибатида камида 40 киши ўлдирилган.
Суберо ўзининг ҳақиқий исмини айтишни истамайди, унинг таъкидлашича, Венесуэлада юзага келган вазият хорижликлар сценарийси бўйича кечмоқда. Мадуро ҳам айнан шундай фикрни бот-бот айтиб келмоқда.
Улар хориждаги кучлар Венесуэлага бостириб киришга тайёрланмоқда, деб ҳисоблашади.
«Мен жанг қилишга тайёрман», дейди Суберо бошқа бир қаҳрамони Симон Боливарнинг ҳайкаллари ва портретлари териб қўйилган жавон олдида туриб. Уго Чавес XIX асрда Венесуэлани Испания мустамлакасидан озод қилган Боливарни ўз инқилобининг илҳомчиси деб атаган.
Бинонинг қўшни хонасида телевизор туради. Унда ҳамиша Николас Мадуро ва унинг ишлари ҳақида ҳикоя қилинади.
Лекин бу сафар каналда таниқли чавесчилардан бири Диосдадо Кабельонинг эҳтиросли нутқи қўйилмоқда. У ҳам ўртоқларни хорижликлар ҳужумидан огоҳлантиради.
Экран қаршисида эса Хорхе Навас, Мадуронинг содиқ тарафдори ҳамда «колективос» аъзоси ўтиради.
Фото: KEVIN JORDAN / GETTY IMAGES
«Биз қуролланган гуруҳлармиз, вақти келганида қўлимизга қурол оламиз», дейди Навас. Лекин у ҳам «колективос»нинг бошқа аъзолари каби гуруҳ зўравонлик қилишини тан олмайди.
Бир неча кун муқаддам Николас Мадуро Венесуэлага фуқаролик уруши таҳдид солаётгани ҳақида гапирганди.
У АҚШ президенти Дональд Трампни агар америкалик ҳарбийлар Венесуэлага киритилса, у янги Вьетнам билан тўқнашишидан огоҳлантирганди.
Мухолифат раҳбари Хуан Гуайдо эса унинг бу таққослашини тўқима деб атади.
Давлат тўнтариши ҳақида гаплар
Фото: KEVIN JORDAN / GETTY IMAGES
Сомбра (бу ҳам унинг ҳақиқий исми эмас. Испанчадан таржимада «соя» маъносини беради) - «Ўлимгача жанг» (Guerra a Muerte) номли бошқа бир гуруҳ аъзоси. Бу гуруҳ номи Боливарнинг 1813 йилги мустақиллик учун уруш давридаги фармойиши номидан олинган.
Сомбра «ажойиб мамлакат» бўлмиш Венесуэла олдида юзага келган муаммоларнинг келиб чиқиш сабабини одамлар «абадий қўмондон Чавеснинг улкан мероси»ни тан олмаслиги билан боғлайди.
Сомбра қоровул бўлиб ишлайди. Унинг сўзларига кўра, хорижда ва ичкарида ўтган йилги сайловлар ноқонуний деб топилган бўлсада, Мадуро - қонуний президент. Сомбра Мадуро режимини ўзгартиришга бўлган ҳар қандай интилишни давлат тўнтаришига уриниш деб ҳисоблайди.
«Биз барча масалалар мулоқот орқали ечилишини истаймиз. Лекин, мен ўз ҳаётимни инқилоб учун тикишга тайёрман», дейди у.
Мавзуга оид
17:35 / 21.04.2025
Салвадор президенти венесуэлалик ноқонуний мигрантларни «сиёсий маҳбуслар»га алмашмоқчи
15:39 / 20.04.2025
АҚШ Олий суди венесуэлалик мигрантлар депортациясини тўхтатиб қўйди
11:02 / 28.03.2025
Венесуэла президенти АҚШ давлат котибини «аҳмоқ» деб атади
22:09 / 26.03.2025