Жаҳон | 15:26 / 08.02.2019
56518
7 дақиқада ўқилади

Мадурога сургун хавф солмоқда. Тарихда ўз юртидан қочган 10 президент

Фото: LigaNews

Венесуэлада кечаётган намойишлар, юзага келган қўш ҳокимият, халқаро ҳамжамиятнинг норозилиги шу пайтгача бу давлатни бошқариб келган президент Николас Мадурони қийин аҳволга солиб қўйди. Борган сари унинг тарафдорлари камайиб бормоқда, ҳимоя қилиши лозим бўлган ҳарбийлар орасидан ҳам мухолифлар чиқмоқда. Етакчи сиёсатчилар Мадуронинг яқин вақт ичида ҳокимиятдан четлаштирилиши ёки мамлакатни тарк этиши мумкинлигини тахмин қилишяпти.

АҚШнинг Венесуэла бўйича махсус вакили Эллиот Абрамс ҳам Мадурога Россиядаги дўстлари ёнига жўнаб кетишни таклиф қилди.

Айтиш жоизки, Николас Мадуро шундай йўл тутадиган бўлса, ўз юртидан қочиб кетган ягона президент бўлмайди.

Давлат раҳбарларининг имкониятлари жуда катта. Аммо улар орасида ҳам жуда мураккаб вазиятларга тушиб қолганлари талайгина. Тарих ўз юртидан қочиб кетишга мажбур бўлган президентларга аввал ҳам гувоҳ бўлган.

Фульхенсио Батиста (Куба) – 01.01.1959 йил

Фото: AP

Батиста 1940 йилда Куба президентлигига киришди. Аммо халқ кўмаги ва сайловлар ёрдамида эмас, давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни эгаллади. У ҳукмронлик қилган йилларда норозилар шафқатсиз жазоланди, бир неча етакчи сиёсатчилар ўлдирилди ёки бедарак йўқолди. Фидель Кастро ва Эрнесто Че Гевара бошлиқ инқилобчилар пойтахт Ҳаванага кириб келишганида Батиста аввалига Доминиканага яширинди, кейинчалик Португалияга қочиб кетди.

У қолган умрини испан курортларида роҳат-фароғатда ўтказади ва 1973 йили Марбельяда юрак хуружидан вафот этади.

Муҳаммад Ризо Паҳлавий (Эрон) — 11.02.1979

Муҳаммад Ризо Паҳлавий, 1967 йил
Фото: Toronto Star

Эроннинг охирги шоҳи 1979 йилда бу давлатдаги Ислом инқилоби натижасида тахтдан ағдарилди. У топган-тутганини кўтариб, мамлакатни тарк этди. Кейинчалик Қоҳирада вафот этди.

Бокасса Жан-Бедель (МАР) – 20.09.1979

Бокассанинг тож кийиш маросими, 1977 йил
Фото: 24 Канал

Жан Бедель Бокасса 1966 йилнинг 1 январида давлат тўнтариши амалга оширади (Янги йил тўнтариши) ва аввалги диктатор Дакони ағдариб, уни қамоққа ташлайди, ўзини президент деб эълон қилади. 1976 йилда эса ўзини император Бокасса I деб эълон қилади. Унга тож кийдириш маросими 1977 йилнинг декабрида ўтказилади.

Бокассани XX асрнинг энг ғалати давлат раҳбарларидан бири ҳисоблашади. У ҳатто одамхўрликда ҳам айбланган. Ўз давлатининг ўта қашшоқлигига қарамай Бокасса тилла ва олмосларга кўмилиб яшар, ўзини қироллардек тутиб, 2000 бриллиантли тож киярди. 1979 йилда мактаб ўқувчиларини ўққа тутганидан кейин Европа ундан юз ўгирди ва тахтдан ағдарилди. Шунга қарамай яқинлари билан Францияга қочиб кетишга улгурди, кейинроқ Ливияга кўчиб ўтади.

1980 йилда у сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилинади, барча мулки мусодара қилинади. Лекин у кутилмаганда, 1986 йилда ватанига қайтади, у халқ яна уни тахтга кўтаришидан умидвор эди. У 1987 йилда суд томонидан яна бир бор ўлим жазосига маҳкум этилади, аммо 1988 йилда кечирилади ва аввалига умрбод, кейин бу жазо 12 йиллик қамоқ жазоси билан алмаштирилади. У 1993 йилда амнистия билан озодликка чиқади, 3 йил ўтиб инфарктдан вафот этади.

Фердинанд Маркос (Филиппин) – 07.02.1986

Фото: MediaPort

Маркос бошқаруви пайтида бу давлатда шахсга сиғиниш ҳаддан ортиқ кучайиб кетди ва 1972 йилга келиб ҳатто конституция ҳам бекор қилинди. Филиппинда фавқулодда ҳолат эълон қилган  Фердинанд Маркос сиёсий рақибларини аямай турмага тиқди, йўқ қилди. 1986 йилдаги президент сайловларида яна сохталаштириш йўли билан ғалаба қозонганидан кейин мамлакатда ҳарбий тўнтариш юз берди. Маркос аввал Ҳавайига, кейин АҚШга қочиб кетди ва 1988 йилда вафот этди.

Жан-Клод Дювалье (Ҳаити) – 07.02.1986

Фото: Википедия

Бэби Док лақабли бу инсон ўзини умрбод президент деб ҳисобларди. У 1971 йилда, 20 ёшида Ҳаитининг 32-президентига айланганди. 1986 йилда амалдаги ҳукуматга қарши оммавий норозиликлар бошланди ва улар бостирилишига қарамай Дювалье Францияга қочиб кетди. 2011 йилда ўз халқи олдида кечирим сўраб, ватанига қайтди. Аммо унга молиявий фириблар учун унга қарши жиноят иши очилди. 2014 йилда Порт-о-Пренсда вафот этди.

Альберто Фухимори (Перу) – 13.11.2000

Замонамизнинг энг қаттиққўл диктаторларидан бири бўлган Фухимори Перуда концентрацион лагерлар ва «ўлим эскадронлари» тузган, у «халқ душманлари»ни аёвсиз қирарди. 2000 йилдаги сайловлар олдидан катта қинғирликлар маълум бўлиб қолди ва мамлакатдаги вазият издан чиқди. Альберто Фухимори Японияга қочди, аммо 2006 йилда Перуга қайтарилди ва жавобгарликка тортилди.

Асқар Акаев (Қирғизистон) – 05.04.2005

Фото: РИА Новости

1991 йилда Қирғизистон президентлигига сайланган Акаев дастлаб халқ орасида катта обрўга эга эди. Аммо кейинчалик ўз қариндошларини ҳукумат атрофида тўплаш, иқтисодий муаммолар натижасида 2005 йилда бу давлатда «лолалар инқилоби» бўлиб ўтди. Акаев аввал Қозоғистонга, кейинчалик Россияга қочишга мажбур бўлди.

Қурмонбек Бакиев (Қирғизистон) — 15.04. 2010

Фото: kabarlar.org

Ақаевга мухолиф сифатида майдонга чиққан, қатор ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган бўлишига қарамай Бакиевнинг ўзи ҳам 2010 йилнинг 7-15 апрелида бўлиб ўтган навбатдаги инқилоб натижасида қувғинга учради ва Беларусдан паноҳ топди. Сўнгги маълумотларга қараганда бу давлат фуқаролигини ҳам олган.

Зин ал-Обиддин Бин Али (Тунис) – 17.12.2010

Фото: StanRadar

1987 йилда Биринчи Жасмин инқилоби туфайли ҳукумат тепасига келган собиқ Ички ишлар вазири Бин Али бошқарувининг илк даврларида Тунисда иқтисодий ўсиш кузатилди. Аммо йиллар ўтиб коррупция авж олиб кетди ва 2010 йилнинг 17 декабрида мевафуруш Муҳаммад Буазизийнинг амалдорлар таъмагирлигидан безиб, ўзини ёқиб юбориши ортидан мамлакат бўйлаб намойишлар тўлқини (Иккинчи Жасмин инқилоби) бошланиб кетди. Маълумотларга кўра, Бин Али 1,5 тонна олтин билан Саудия Арабистонига қочиб, бошпана олди ва шу кунгача ушбу мамлакатда яшаб келмоқда. Тунисда бошланган қўзғолонлар кейинчалик қўшни давлатларга тарқалди.

2011 йили Бин Али ва рафиқаси намойишларни шафқатсиз бостиришда айбланиб, сиртдан 35 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинган, уларга 65 миллион доллар миқдорида жарима қўлланган. 2012 йилда ҳарбий трибунал томонидан бу жазо умрбод қамоқ жазоси билан алмаштирилган.

Виктор Янукович (Украина) – 22. 02. 2014

Фото: Коммерсантъ 

2010 йилда президентликка сайланган Виктор Янукович 2014 йилда ўзи ва ҳукуматига қарши намойишлар даврида кўпчилик тарафдорлари билан бирга рус махсус хизматлари кўмагида Россияга қочиб кетди. Янукович ҳозирга қадар ҳам ўзининг Украина президенти эканлигини, Порошенко ноқонуний йўл билан ҳокимиятни эгаллаганини ва давлатни инқирозга туширганини таъкидлаб келади.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид