Спорт | 18:50 / 11.02.2019
28516
11 дақиқада ўқилади

«58-модда» – «Челси» саботажчилар жамоасими?

Фото: AFP/Getty Images

Собиқ Иттифоқда «катта террор» номини олган қирғинда барча миллатларнинг фикрлайдиган одамлари аёвсиз қирилган. Одамларни қамаш учун кичик сабаблар ҳам етарли бўлган. Агар ҳеч қандай айб топилмаса, терговчилар одамларга «ўлмас айблов»ни тўнкашган: «58-модда». Жиноят кодексининг бу моддаси «революцион фаровонлик»га нисбатан саботаж қилганларни қамоққа тиқиш учун энг кўп қўлланилган. Шундан 58-модда деганда кўпчилик айнан саботажни тушунади.

Ҳар ким ўз ёшлигидаги футболни бошқача яхши кўради. Айниқса 90-йиллар футболини бугунги катта авлод энтикиш билан эслайди. Ўйлаб қоласан киши: ахир ҳар йили янги футболчилар чиқса, нега катталар ҳамон ўша хира кадрлардагина сақланиб қолган футболни мақташади? Бугунги футболчиларнинг қилиқларини кўриб сабабни топгандек ҳам бўласан – у вақтлар футболчилар фақат футбол ҳақида ўйлашган...

Саботаж мавзуси замонавий футболда тез-тез тилга олинади. Бирор жамоа саботаж орқали бирор мураббийни ёки футболчини кетказганини ҳеч ким аниқ фактлар билан исботлай олмайди, лекин футбол кўриб юрган одам футболчиларнинг ҳаракатидан улар ўз имкониятларидан паст ўйнаётганини сезади.

Кеча «Челси» Премьер-Лига 26-турида «Манчестер Сити»га 0:6 ҳисобида мағлуб бўлганини кўрдингиз. «Шаҳарликлар» 25 дақиқа ичида «Челси» дарвозасига 4 та гол уришди. АПЛ тарихида ўзининг энг йирик мағлубиятини қабул қилиб олган «Челси»да Маурисио Саррининг тақдири сўроқ остида қолди. Абрамович уни катта ниятлар билан Англияга олиб келганди, лекин яқинда ўртамиёна «Борнмут»га 0:4 ҳисобида енгилган Сарри энди «Сити»дан олтита гол қабул қилиб олди. Биринчи даврада ҳаммани кетма-кет мағлуб этган, амалдаги чемпион «Манчестер Сити»нинг мағлубиятсиз сериясига чек қўйган «Челси»га нима бўлди? Ёки «саррибол» иш бермай қолдими? Бунга кўп сабабларни келтириш мумкин. Улардан бири саботаж. «Челси» футболчилари бу тарзда мураббийларни «ҳайдашни» қойиллатишади ахир.

Биринчи қурбон – «Иуда»

Англия футболига қизиқадиган мухлислардан «Қайси «Челси» кучли, Моуриньо ярим асрдан сўнг Премьер-Лига тахтига олиб чиққан «Челси»ми ёки Чемпионлар Лигасида ғолиб бўлганими?», деб сўрасангиз, деярли барча 2004 йил Моуриньо қабул қилиб олган «Челси»ни танлайди. Чунки Лэмпард, Терри ва Дрогба кабилар энг зўр даврини бошдан ўтказган ўша «Челси»нинг футболчилари бўрттириш бўлса ҳам, «ғалаба учун майдонда ўлишга тайёр эдилар». 2012 йил инқироз ҳолатида бўлишига қарамай Чемпионлар Лигасини ютган «Челси» ҳам ҳурматга муносиб, лекин айнан ўша футболчиларнинг аксари кейинчалик жуда хунук қилиқлар чиқаришди.

Англиядаги дебютидаёқ «Челси»ни кетма-кет икки марта Премьер-Лига ғолиблигига олиб борган Жозе Моуриньо 2013 йил яна «Челси»га қайтди. Биринчи уринишда кучли учликка кирган Жозе иккинчи мавсумда (2014/15) «Челси»ни яна Англия чемпионига айлантиради. Бир қарашда 2015 йил Жозе учун яна топ даражага кўтарилиш йилидек кўринганди, лекин айнан ўша йил у учун «Челси»даги охиргиси бўлди.

Аввалига футболчилар ва мураббийнинг ораси яхши эмаслиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бундай хабарларга «ньюсмейкер» бўлишни футболчиларнинг агентлари дўндиришидан хабарингиз бўлса керак. Моуриньо футболчиларни интервьюларида очиқчасига танқид қила бошлади. Жон Терри, Бранислав Иванович ва Гари Кэйхилл фаолиятидаги энг ёмон мавсумини ўтказаётганини айтган Жозе «оловга мой сепди». У ўзининг севимли шогирди Неманья Матични ҳам аяб ўтирмай танқид қилганди. Моуриньо шунчалик асабийлашдики, ўйинлардан бирида футболчига жуда узоқ вақт ёрдам кўрсатгани учун клуб шифокори Ева Карнейрога ҳам бақирди.

Мураббий ва футболчилар ўртасидаги можаронинг асосий «қаҳрамони» Диего Коста бўлганди. Ўйинлардан бирида Коста алмаштирилгани учун Моуриньо томонга кийимини ҳам улоқтирганди. Эден Азар ҳам мураббийдан норози эканини очиқчасига кўрсатиб жуда ёмон ўйин кўрсатди. Оқибатда «Челси» Премьер-Лиганинг 16-турига келиб 16-поғонада қолиб кетди ва бу ҳолат Роман Абрамовичнинг тоқатини тоқ қилди. Роман Аркадьевич ўзи яхши кўрадиган Моуриньони истеъфога чиқарди. Қайсидир маънода футболчилар ўзларининг мақсадларига етишдилар.

Дарвоқе, тагсарлавҳадаги «Иуда» ҳақида. Моуриньо «МЮ» мураббийи сифатида «Стемфорд»га келганида «Челси» мухлислари уни «Judas» (яъни Иуда) деб кутиб олишди. Биласиз, ғарбда хоинларни Исо алайҳиссаломни сотгани айтиладиган Иуда Искариот «шарафига» Иуда деб аташади. Жозе ҳам «Челси» мухлисларининг шундай «марҳаматига сазовор бўлади». Бир гапдан қолмайдиган Жозе эса уларга ўз услубида жавоб берганди: «Ўша Иуда сизни уч марта Англия чемпиони қилган. Менгача бу ишни ҳеч ким уддаламаган, мендан кейин ҳам уддалашмайди». Чунки Жозе Абрамовичнинг «Челси»сида 4 мавсум ишлаш деярли имконсиз эканини яхши билади.

Иккинчиси Конте!

Футболда қаҳрамонлик ва омадсизликнинг ораси бир қадам. Буни «Челси»нинг олдинги мураббийи Антонио Конте мисолида кўрдик. Италиялик мураббий Англиядаги биринчи мавсумидаёқ ўта совуққон ўйин услуби билан Премьер-Лигада ғолиб бўлди. Мавсум тугагач эса жуда катта хатога йўл қўйиб, Диего Костага шундай смс ёзди: «Ўтган мавсум учун раҳмат, лекин сен менинг режаларимда йўқсан». Конте бундай хабарни келиб-келиб жанжалчиларнинг каттаси Костага ёзгани жамоанинг ички муҳитига салбий таъсир қилди.

Аввалига Коста билан, кейин Давид Луис, Эден Азар каби футболчилар билан келишмовчиликлар бошланди. Етмаганига Конте жамоанинг собиқ мураббийи Жозе Моуриньони ўзига душман қилиб олди. Хуллас футболчилар «Контени ҳайдаш пайига тушадилар». Юқорида айтганимиздек, ҳеч ким буни исботлай олмайди, лекин «Челси» амалдаги чемпионга ўхшаб ўйнамади. Баъзи ўйинларда эса футболчилар мураббийни одамларга ёмон кўрсатиш учун очиқчасига у билан даҳанаки жангга боришди. Давид Луиснинг шундай бетгачопарлиги тасвирланган видеони кўргандирсиз. Хуллас «Челси» футболчилари шу тариқа Контенинг ҳам «бошини едилар». «Бечора» Абрамович эса бу мураббий билан ҳам шартнома муддатидан аввал бекор қилингани учун компенсация тўлашга мажбур бўлди. Моуриньо «Челси»дан кетгач 16,5 миллион фунт товон пули олганди, Контега эса шартнома муддатидан олдин тугатилгани учун 9,5 миллион фунт олди.

Бу 50 дақиқа «қамоқ» учун

«Челси» Премьер-Лиганинг охирги учта турида икки марта шармандали мағлубиятга учради. «Сити»дан 6та гол қабул қилиб олган «Челси» олдинроқ ўртамиёна «Борнмут»га 0:4 ҳисобида енгилганди. Айнан «Борнмут»га қарши ўйиндан сўнг Маурисио Сарри футболчиларни 50 дақиқа кийиниш хонасидан қўйиб юбормаганди. Мураббий ўша йиғилишдан чиқиб журналистларга шундай деганди: «Биздаги энг асосий муаммо руҳият билан боғлиқ. Биз жамоавий ўйин қилмаяпмиз, ҳамма ўзи билганича ўйнамоқда. Бунақаси кетмайди».

Афтидан Саррининг «50 дақиқалик жазоси» футболчиларга салбий таъсир кўрсатган кўринади. «Сити»га қарши ўйинни майдонда юриб ўтказган «Челси» футболчилари худдики «Жаноб Сарри, бу сизга 50 дақиқалик қамоқ учун», дегандек бўлишди. Сарри келгунича «Челси»нинг кўпчилик футболчилари ҳимоявий ўйиндан тўйишганди, энди улар майдонда норозилик қилишмайди, баҳри дили очилиб футбол ўйнашади деб ўйлаганди. Мавсум аввалида шундай бўлди ҳам. Азар фаолиятидаги энг яхши стартни ўтказди, «Челси» жуда чиройли ўйин кўрсата бошлади. Лекин мавсум ўртасида нимадир бўлди ва «саррибол» иш бермай қолди. Яна «Челси» футболчилари мураббийдан норози экани ҳақида хабарлар пайдо бўлгани эса одамнинг дилини хира қила бошлади. Чунки бундай миш-мишлар олдинги икки ҳолатда нима билан тугаганини кўрдик. Етмаганига жамоа етакчиси Эден Азар «Реал»га ўтмоқчи эканини яшириб ҳам ўтирмаяпти. Азар фақат ўзи учун футбол ўйнаётгани ҳам энди яққол кўриниб қолди. Ҳар ҳолда бундай худбинликлар топ-клубларга ярашмайди.

Илинж...

«Челси» футболчилари иккита ўйинда енгилганидан кейин бу мағлубиятлар қанчалик ёмон ўйин сабаб қайд этилган бўлса-да, улар саботаж қилишмоқда дейиш тўғри эмас. Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам, Саррини юпатиши мумкин бўлан бир нарса бор. Азар бутун хаёли билан «Реал»да эканини инобатга олсак, «Челси»нинг асосий футболчилари бу – Жоржиньо, Игуаин ва Канте. Жоржиньо ва Игуаинни жамоага Сарри олиб келган ва улар бор кучлари билан ўйнашига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Н’Голо Канте эса ҳар доим максимум имконияти даражасида ўйнайдиган кам сонли футболчилардан. Сарри вазият ҳар қанча ёмонлашса ҳам, шу йигитлар орқали инқироздан чиқиб кетиши мумкин.

Умид қиламиз, «Саррининг қаттиққўллиги футболчиларга ёқмаяпти», «Саррининг ўйин куни машғулот ўтказаётгани футболчиларга ёқмаяпти», қабилидаги хабарлар шунчаки миш-миш бўлиб чиқади ва Европадаги энг томошабоп ўйин кўрсатадиган мураббий Маурисио Саррининг жамоаси яна футбол ўйнашни бошлайди. Бу мавсум Англияда саботаж орқасидан шундоғам битта топ мураббий ишдан кетди. Иккинчиси кўплик қилади...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид