Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адлия вазирлиги: ўқитувчиларнинг маошидан пул ушлаб қолиш ташаббуси ҳокимиятдан чиққан
Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги ўқитувчиларнинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолиш ташаббуси Амударё туман ҳокимлиги томонидан билдирилганини аниқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.
Аниқланишича, Амударё туман ҳокимлиги томонидан тумандаги бюджет ташкилотлари ишчи ходимларининг табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви ҳамда маиший чиқинди тўловлари бўйича 2019 йил февраль ойи учун режа тасдиқланган. Аммо вазирлик текшируви натижасида тасдиқланган режа нимага асослангани ҳақида маълумот йўқ.
«Халқ таълими бўлимига коммунал тўловлар учун 600 млн. сўмлик мажбурий режа белгилаб берилган. Шу сабабли, туман халқ таълими бўлими томонидан тумандаги 82 та умумтаълим мактабида ишловчи 3 288 та ходимларнинг иш ҳақидан жами 440 млн. сўмлик пул маблағлари ушлаб қолинган», — дейилади Адлия вазирлиги ахборотида.
Маълум қилинишича, Халқ таълими бўлими томонидан мактаблар ходимларининг иш ҳақларидан коммунал тўловлар учун ушлаб қолишда «Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги низом талабларига риоя қилинмаган.
Низомга кўра, ташкилотлар коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланмаларни ходимларнинг ёзма розилиги билан ушлаб қолиши шарт.
«Бироқ, коммунал тўлов учун ойлик иш ҳақи ушлаб қолинган 783 та ходимдан розилик ариза олинмаган ва жами 118 млн. сўм маблағ коммунал хизмат кўрсатувчи корхоналар ҳисоб варағига ўтказиб берилган. Шунингдек, Низомнинг 3-бандида коммунал хизматлар учун иш ҳақидан ушланма тўғрисидаги аризада ходим ўз шахсий ҳисобварағи, коммунал хизматлар қиймати ва тури, коммунал ташкилот реквизитлари ва ушланма амалга оширилиши зарур бўлган даврни кўрсатиши кераклиги белгиланган.
Лекин, коммунал тўлов учун ушлаб қолинган 2 016 та ходимдан олинган аризаларда шахсий ҳисоб рақами, тўланаётган давр, коммунал хизматлар қиймати ва тури кўрсатилмасдан жами 256 млн. сўм маблағ ушлаб қолинган», — дейилади вазирлик текшируви натижасида.
Маълумот учун, 489 та ходимнинг (65 млн. сўмлик) пул маблағини ушлаб қолишдагина Низом талабларига риоя қилинган.
Ўрганиш натижаси бўйича аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этилгани маълум қилинса-да, ўқитувчиларнинг маошидан ушлаб қолинган пуллар эгасига қайтарилгани ҳақида маълумот йўқ.
Эслатиб ўтамиз, ҳокимлик тасдиқлаган режани бажариш бўйича туман Мажбурий ижро бюроси Халқ таълими бўлимига хат йўллаб, маълумотларни тақдим этишини сўраганди. Бюро ҳаракатлари бўйича текширув ўтказилгани ҳалигача ОАВга номаълум.
Мавзуга оид
11:28 / 08.04.2025
Коррупциявий жиноятлар Адлия вазирлиги тизимида 22 фоизга, ҳокимликларда 43 фоизга камайди – Антикоррупция агентлиги
10:10 / 04.04.2025
Тасвирга олиш учун розилик олиш талаби ОАВ фаолиятига қандай таъсир қилади? Адлия вазирлиги изоҳи
16:09 / 18.03.2025
Адлия вазирига янги ўринбосар тайинланди
16:18 / 07.03.2025