Спорт | 19:37 / 12.02.2019
11122
3 дақиқада ўқилади

ЎФА Кубоги. Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилояти ўртасидаги финал ўйинидан фоторепортаж

Бугун, 12 февраль куни Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт саройида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида футзал бўйича ЎФА Кубогининг ҳал қилувчи учрашувлари бўлиб ўтди. Мусобақа Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан улар ўртасида имзоланган меморандумга асосан ташкил этилди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Турнир 5 босқичдан иборат бўлди, бугунга қадар ўтказилган тўртта босқичда республика бўйлаб жами 130 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари қамраб олинганди. Пойтахтда ўтган финал раундига мезбон Тошкент шаҳри, шунингдек, Наманган, Навоий ва Қашқадарё вилоятлари жамоалари етиб келишди.

Ярим финалдан муваффақиятли ўтган Тошкент шаҳри ва Қашқадарё вилояти жамоалари финалда рўбарў келишди. Биринчи бўлим мезбонлар устунлигида ўтган бўлса, иккинчи таймда қашқадарёликлар ташаббусни ўз қўлларига олишди. Ва бу тенглик ҳисобда ҳам ўз аксини топди – 4:4. Бош соврин ғолибига пенальтилар серияси аниқлик киритди, унда омадлироқ чиққан Тошкент шаҳри жамоаси чемпионликни қўлга киритди.

Тақдирлаш маросимида ЎФА ва Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари иштирок этишди. Бронза медали соҳиблари – Наманган ва Навоий вилоятлари жамоалари планшет ва рюкзаклар билан тақдирланган бўлса, иккинчи ўринни олган Қашқадарё жамоасига велосипедлар топширилди. Чемпион Тошкент шаҳри жамоаси аъзоларига «PlayStation4» ўйин қурилмалари совға қилинди. Шунингдек, турнирнинг энг яхши футболчиси, тўпурари ва дарвозабони ҳам алоҳида мукофот билан тақдирланди.

Тошкент жамоаси финал олдидан
Қашқадарё жамоаси финал олдидан
Финал ўйини олдидан
Тошкент шаҳри ҳисобни очди – 1:0.
Қашқадарё ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Амирбек Шералиев Тошкентни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.
Қашқадарё яна мувозанатни тиклади – 2:2
Қашқадарё ҳисобда олдинга ўтиб олди – 3:2
Яна ҳисоб тенглашди – 3:3
Қашқадарё тўртинчи голни урди – 4:3
Тошкентликлар ҳисобни тенглаштирди – 4:4
Якуний ҳисоб – 4:4, навбат пенальтилар сериясига
Чапдан ўнгга: Қашқадарё, Навоий, Наманган, Тошкент
Тошкент шаҳри жамоаси мураббийи

 

 

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид