Спорт | 13:00 / 13.02.2019
10789
2 дақиқада ўқилади

«Челси» Зиданни таклиф қилиши мумкин

«Челси» клуби Зинедин Зиданни бош мураббий қилиб тайинлаши мумкин.

The Sun хабарига кўра, лондонликлар жамоанинг сўнгги натижаларидан норози ва бош мураббий Маурисио Саррини истеъфога чиқариши мумкин.

«Реал» билан уч марта Чемпионлар Лигасида ғалаба қозонган 46 ёшли франциялик бу лавозимга лойиқ кўрилмоқда. Агар Зидан мавсум ўртасида иш бошлашга рози бўлса, «Челси» унга шартнома таклиф қилишга тайёр.

Бундан ташқари, Зиданнинг келиши жамоа етакчиларини, хусусан Эден Азарни клубда олиб қолиш имкониятларини ошириши ҳам мумкин.

Зинедин Зидан 2018 йилнинг 31 майида, «Реал» билан навбатдаги ЕЧЛ ғолиблигини қўлга киритганидан кейин истеъфога чиқиб, танаффус олганди. Ўтган вақт давомида унинг номи бир неча марта «МЮ» билан боғланди.

«Челси» эса АПЛнинг 26-турида «Манчестер Сити»га 0:6 ҳисобида мағлуб бўлгач, бош мураббийнинг «курсиси қимирлаб қолди». Бундан аввалроқ «Челси» агар Европа Лигасини эрта тарк этса, Маурисио Сарри истеъфога чиқарилиши ҳақида хабарлар берилганди.

Мавзуга оид