Жамият | 16:58 / 14.02.2019
98306
3 дақиқада ўқилади

«Кенжаев олдинлари ҳам клубга келиб, тинчгина кетар эди. Лекин, ўша сафар...». Тунги клубнинг собиқ ходими тингланди

2019 йил 21 январь куни бошланган Жамшид Кенжаев иши билан боғлиқ суд жараёни давом этмоқда. Бугун, 14 февраль куни бу суд жараёнида воқеа гувоҳи сифатида тунги клуб ходимининг сўзлари тингланди.

Гувоҳ сифатида чақирилган Саид Фазилов ўз кўрсатмаларида қуйидагиларни маълум қилди.

Саид Фазилов

«Мен ўзим бу клубда ишлаётганимга 4 йилча бўлиб қолди. Вазифам меҳмонларни кутиб олиб, жойларига жойлаштириб, тартибни назорат қилиш эди. Ўша куни ташқарида меҳмонларни кутиб олгани чиққан эдим. Кенжаев ўртоқлари билан келди. Шодали уни четга тортиб, пичоқ билан кириш мумкинмаслигини тушунтирди. «Пичоғингни ташла, хоҳласанг олдингда ўзим олиб юраман» деди. Лекин Жамшид унинг гапига қулоқ солмади. «Олдин ҳам кирганман, ҳозир ҳам кираман», деди. Кейин Шерали аканинг олдига келди. Шерали ака ҳам ундан пичоғини ташлаб чиқишни сўради. Раҳматли шу пайт бир тарсаки туширди. Шу орада тўполон бошланиб кетди, мен кириб хавфсизлик тугмасини босдим. Чиқсам, ер қонга бўялган ҳолда эди. Шодали пичоқни сопи билан бошига уриб турган эди. Шу орада салфетка олиб чиқдим. Шодали қўлимга пичоқни тутқазиб қўйди. Пичоқни кассага отиб юбордим. Узоқдан Расул ака (Мирзаев Абдурасул деб тахмин қилинди – таҳр.) қонга беланган ҳолда экан. Расул акани машинага ўтқазиб, 1-Жуковский шифохонасига олиб бордим. Қайтиб келсам Кенжаев ҳалиям ерда ётарди. Ҳаммаси тез содир бўлиб ўтди. Нима бўлганини яхши тушунмай ҳам қолдим.

Кенжаев олдин ҳам келиб турар эди. Жимгина келиб, ҳисобни тўлаб чиқиб кетарди. Ўша куни нозикроқ вазият бўлиб қолди. Шодали билан уларнинг аввалдан салом-алиги бор эди. Ўша куни бошқача кайфиятда келди. Келганда ҳам ваҳима билан келди. Шодали илтимос қилди. «Ўртоқ, пичоғингни олиб қўй» деди. Кенжаев рози бўлмади», дея гувоҳлик берди тунги клуб собиқ ходими.

Гувоҳ ўз сўзини якунлагандан сўнг, суд ҳайъати, давлат айбловчиси, айбланувчилар адвокатлари ва жабрланувчи (марҳум Жамшид Кенжаевнинг беваси) ўзларининг савол ва эътирозларини бериб ўтишди.

Суд томонидан ишни кўриб чиқиш 18 февраль, душанба куни соат 14:00га қадар қолдирилди.

Мавзуга оид