Жаҳон | 14:37 / 15.02.2019
20222
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон Покистонни бутунлай яккалатиб қўйишга қарор қилди

Арун Жетли/Фото: PIB/File

Ҳиндистон Жамму ва Кашмир штатида юз берган, 44 нафар ҳарбий хизматчининг ўлимига олиб келган портлашдан кейин Покистонни бутунлай яккалатиб қўйишга қарор қилди. Бу ҳақда Ҳиндистон Молия вазирлиги раҳбари Арун Жетли маълум қилди, дея хабар бермоқда Reuters.

Фото: STR/AFP/Getty Images

Унинг сўзларига кўра, Нью-Деҳли биринчи бўлиб Исломобод билан савдода қулайлик яратиш режимини бекор қилади. «Ташқи ишлар вазирлиги барча мумкин бўлган чораларни кўради. Мен Покистонни халқаро ҳамжамиятдан бутунлай яккалатиб қўйиш учун зарур бўлган барча дипломатик қадамларни назарда тутаяпман», - дея қўшимча қилиб ўтди Жетли.

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бундан аввал терактга алоқадор деб ҳисобланаётган Покистонга қатъий жавоб қайтаришга ваъда берди. Унинг кўрсатишича, қўшни давлатга вазиятни беқарорлаштиришига йўл қўймайди.

Reuters’нинг қайд этишича, ҳужум умуммиллий сайловлардан бир неча ой олдин юз берди, улар эса Моди учун осон бўлмаслиги мумкин. Шу сабабдан у, катта эҳтимол билан, Покистонга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўради. Ушбу икки давлат ўртасидаги савдо даражаси йилига атиги икки миллиард долларни ташкил этади.

Ҳиндистон ҳукуматининг маълум қилишича, Покистон бу ҳужумга алоқадорлигини исботловчи далилларга эгадир. Ўз навбатида, Покистон ТИВнинг кўрсатишича, бу ҳужум туфайли жуда ташвишли ҳолатга тушиб қолишган. «Биз Ҳиндистон ҳукумати вакиллари ва ОАВнинг Покистонни ҳужумга алоқадор қилиб қўйиш борасидаги ҳар қандай ҳаракатларини қатъий тарзда рад этамиз. Бу борада суриштирув ўтказилиши лозим», - дейилади вазирлик баёнотида. 

Шу билан бирга, АҚШ Исломободни террорчиларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди ва бу ҳужум Вашингтоннинг терроризмга қарши курашда Ҳиндистон билан ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича қатъиятини кучайтиришини таъкидлади. 

Мавзуга оид