Жаҳон | 08:30 / 15.02.2019
20173
2 дақиқада ўқилади

Мадуро АҚШ билан махфий учрашувлар ҳақида маълум қилди, Болтон «оқибатлар» бўйича огоҳлантирди

Николас Мадуро ва Жон Болтон/Фото: Getty Images

Венесуэла президенти Николас Мадуронинг маълум қилишича, Венесуэла ТИВ раҳбари Хорхе Арреаса АҚШнинг Венесуэла бўйича махсус элчиси Эллиот Абрамс билан икки марта Нью-Йоркда махфий тарзда учрашган. Бу ҳақда Associated Press хабар қилмоқда.

Таъкидланишича, иккита учрашувдан иккинчиси 11 февраль куни - Абрамс «Мадуро билан мулоқот қилиш вақти ўтиб кетгани» ҳақида маълум қилгани, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти эса Мадурони ағдариб ташлашга бўлган уринишни очиқ қўллаб-қувватлаганидан сўнг тўрт кун ўтиб рўй берган. 

Венесуэла президентининг айтишича, Нью-Йоркдаги музокаралар давомида Арреаса Абрамсни «шахсий, очиқ ёки махфий тарзда» Лотин Америкаси мамлакатига ташриф буюришга таклиф қилган.

«Агар у учрашиш ниятида бўлса, унда менга қачон, қаерда ва қандай учрашмоқчи эканини айтсин, мен ўша ерда бўламан», - дея маълум қилди Мадуро.

Бундан ташқари, Венесуэла етакчиси яна бир бор ҳокимиятдан воз кечиш ниятида эмаслигини қайд этиб ўтди.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон маълум қилишича, мухолифат етакчиси Хуан Гуайдони Венесуэла раҳбари сифатида тан олмаётганлар вақти келиб «оқибатларга» дуч келади. Бу ҳақида у твиттердаги саҳифасида ёзган.

«Венесуэла демократик институтларини йўқ қилиб ташлаш учун Мадуро билан тил бириктираётганлар бундан кейин ҳам оқибатларга дуч келишда давом этадилар», - дея огоҳлантирди Болтон.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбия президенти Венесуэла бўйича баёнот берганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид