Жамият | 19:09 / 15.02.2019
13770
3 дақиқада ўқилади

Республика ёшлар маркази раҳбари: Кўпчилик ота-оналар вақтини фарзанд тарбиясига эмас, чет эл сериаллари томошасига сарфламоқда

Бугунги кунда фарзандининг бўш вақтини мазмунли режалаштириш ва олий ўқув юртларига тайёрлаш мақсадида фан, спорт ва турли касб-ҳунар тўгаракларига мурожаат қилаётган ота-оналарнинг айримлари пуллик тўгаракларни маъқул, деб ҳисобламоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Республика ёшлар маркази раҳбари Ҳусниддин Мамадиев Ёшлар пресс клубининг “Ёшлар иттифоқи тизимидаги бепул тўгараклар барча ёшлар учун” мавзусидаги навбатдаги сессиясида шу ҳақда гапирди.

Видео: Youtube.com

Видео: Tas-IX

«Умуман олганда бепул ва пуллик тушунчаси ҳар бир жамиятда мавжуд. Ҳозирги кунда айрим ота-оналар бозор иқтисодиёти шароитидан келиб чиқамиз, деган фикр билан кўпроқ пуллик тўгаракларга, репетиторлик марказларига мурожаат қилишмоқда. Бир нарсага диққатингизни тортмоқчиман, спорт, фан, касб-ҳунар ўргатувчи турли пуллик марказларда фаолият олиб бораётган ўқитувчиларнинг аксарияти бизнинг ёшлар учун бепул ташкил қилган тўгаракларда ҳам ойлик эвазига ишлашади. Яъни, иккала марказнинг ҳам ўқитувчиси бир киши ва табиийки, дарс ўтиш сифати ҳам, билим бериш даражаси ҳам бир хил, ўртадаги фарқ эса фақат тўловда», - деди Ҳусниддин Мамадиев.

“Айтмоқчиманки, ота-оналар «пуллик хизмат сифатли бўлади», - деган фикр билан оилавий бюджетдан ҳар ойда катта маблағ сарфлаши шарт эмас. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Республика ёшлар маркази томонидан ташкил этилган сифатли тўгараклардан фойдаланиб ҳам кутилган натижага эришиш мумкин. Бепул тўгаракларимиз ва тайёрлов марказларимиз барча учун очиқ. Биз бундай марказларни ўтган йили ҳатто жазони ижро этиш муассасаларида ҳам ташкил этдик.  

Келинг, натижаларга эътибор қаратамиз, 2018 йилнинг ўзида биргина фанларга тайёрлов курсларимизни тамомлаган 90га яқин ёшлар турли нуфузли олий таълим муассасаларига шартнома ва тўлов контракт асосида ўқишга қабул қилинди. Бизнинг мақсад ёшларни бепул деган шов-шув билан эмас, сифатли курсларимиз билан ўзимизга жалб қилиш ва шу орқали ҳам ёшларга, ҳам ота-оналарга манфаат келтиришдир”, - деди у.

Ёшлар пресс клубининг мазкур сессияси давомида Республика ёшлар маркази раҳбари ота-оналар томонидан фарзанд тарбиясида йўл қўйилаётган жиддий камчиликлар ҳақида ҳам фикр билдирди. Жумладан, унинг айтишича, турли психологик таҳлиллар кўпчилик ота-оналар бўш вақтини фарзандини билим олиш, касб-ҳунар ўрганишга жалб қилиш, шахсий намуна кўрсатиш билан эмас, улар билан биргаликда соатлаб чет эл сериаллари томошасига сарфлаётганини кўрсатмоқда. 

Маълумот учун, Республика ёшлар марказининг 2018 йил 1 февралдан бошлаб барча вилоят ва туманларда бепул фаолият олиб борувчи ҳудудий бўлимлари ташкил этилган. Ушбу тўгаракларда 31 ёшгача бўлган ёшлар турли фан ва касб-ҳунар сирларини ўрганишлари мумкин.

Мавзуга оид