Жаҳон | 13:09 / 15.02.2019
27057
2 дақиқада ўқилади

Скрипални заҳарлашда қатнашган учинчи шахснинг ҳақиқий исми аниқланди. У Қозоғистонда туғилган

Фото: Getty Images/Bellingcat

Британиянинг Bellingcat суриштирув гуруҳи билдиришича, 2018 йилда ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлияни Британиядаги Солсбери шаҳрида заҳарлашга алоқадорликда гумон қилинган учинчи шахснинг ҳақиқий исми аниқланди. Бу ҳақда унинг сайтида хабар қилинган.

Bellingcat ходимлари суриштируви The Insider нашри, Чехиянинг Respekt, шунингдек, Финляндиянинг Helsingin Sanomat газетаси билан ҳамкорликда ўтказилди. Уларнинг билдиришича, Сергей Вячеславович Фёдотов - аслида Россия ТИВ Дипломатик академияси битирувчиси ҳамда ГРУнинг юқори даражадаги вакили Денис Вячеславович Сергеевдир.

Маълумотларга кўра, Сергеев, ўзининг ўйлаб чиқарилган шахси каби, 1973 йил 17 сентябрда Қозоғистондаги ҳарбийлашган кичик шаҳар Ушаралда туғилган. У Краснодар ўлкасидаги Новороссийск шаҳрида армияда хизмат қилган, 2000-2002 йилларда Москвага ўтказилган ҳамда Дипломатик академияга ўқишга кирган. Кўрсатилишича, эркак уйланган, унинг катта ёшли қизи бор.

Хабар қилинишича, 2002-2012 йилларда Сергеев ўзининг ҳақиқий шахси остида Россиядаги саккизта компания акциядори ёки бошқарувчи директори бўлган - кейинчалик тугатилган сохта корпорацияларда. Шу вақт давомида у миллион долларлик банк кредитини олган.

Суриштирувчиларнинг билдиришича, у 2010 йилда янги шахсини олган, паспорт Скрипалларни заҳарлашда гумон қилинаётган икки бошқа шахсга ҳужжатлар тайёрлаган бўлим томонидан берилган. У ерда туғилиш жойи Рязань областининг Апушка қишлоғи сифатида кўрсатилган. 

Қайд этилишича, у ўйлаб топилган номи билан чет элга кўп маротаба саёҳат қилган, ҳам Европада, ҳам Марказий Осиёда бўлган. Шу билан бирга, Bellingcat’нинг ёзишича, сўнгги ойларда бу шахснинг мавжудлиги ҳақидаги ёзувларни ўчириб ташлаш бўйича фаол кампания ўтказилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Скрипалларни заҳарлашда қатнашган учинчи шахс суиқасддан кейин Британияда қолгани хабар берилганди.

Мавзуга оид