Спорт | 13:09 / 16.02.2019
22899
14 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўйинлари анонси. «Барса» жиддий босим остида, «МЮ» «Челси»га қарши

АТАЛАНТА - МИЛАН (17 февралга ўтар кечаси, 00:30)

Италияда ажойиб формага кириб олган ва жуда яхши серия қайд қилаётган икки жамоанинг тўқнашуви жуда қизиқ бўлса керак. Бунинг устига, «Милан» ва «Аталанта» мос равишда 39 ва 38 тадан очко тўплаб, тўртинчи ва бешинчи ўринни банд қилиб туришибди. Яъни, Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашда ҳам бу ўйин натижаси муҳим аҳамият касб этади.

«Милан»нинг янги ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек ўзини кўрсатишни бошлаб юборди. Дастлаб, «Наполи»га қарши кубок ўйинида дебют қилиб, дубль қайд этган польшалик форвард А Серияда кейинги икки ўйинда ҳам майдонни голсиз тарк этмади. «Милан» эса, охирги 9 ўйиндан атиги бир марта, у ҳам бўлса, «Ювентус» билан ўйинда мағлубиятга учради холос.

«Аталанта»нинг юриши ундан ҳам салмоқлироқ. Бергамоликлар саккиз ўйиндан буён мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Бу ўйинлар ичида «Ювентус» ва «Рома» билан жанговор дуранглар, 5:0, 6:2 ҳисобидаги чиройли ғалабалар ва кубок ўйинида туринликлар устидан йирик ҳисобдаги зафар ҳам бор. Жамоа ҳужумчиси Дуван Сапата эса, охирги 12 ўйинда, барча мусобақаларда, 18 гол уришга муваффақ бўлди ва шу даврдаги Европанинг энг сермаҳсул ўйинчиси бўлиб турибди. Бу ўйинларда Сапала икки марта ҳет-трик ва бир покерга эришди.

«Аталанта» А Серияда 50 гол уришга эришган – бу ҳам чемпионатдаги энг яхши кўрсаткичдир. «Милан» билан ўзаро ўйинларда ҳам ҳозирда «Аталанта»нинг натижалари юқори – охирги 7 ўйинда миланликлар бирор марта ҳам ғалаба қозона олишмаган.

Хуллас, ўйин мазмуни жиҳатидан ҳам, турнир жадвалига бўлган таъсири, умуман жамоаларнинг бугунги ҳолати, қаҳрамонлар жиҳатидан ҳам томоша қилишга арзигулик ўйин бўлишига шубҳа йўқ. 

БАРСЕЛОНА – ВАЛЬЯДОЛИД (17 февралга ўтар кечаси, 00:45)

Гўёки, бир текисда, барча масалаларда аниқ жавоблар билан давом этаётган Ла Лигага интрига қайтди. «Барселона» қаторасига икки ўйинда очко йўқотди ва энди, каталонияликларнинг «Реал» билан ўртадаги фарқи атиги 6 очкони ташкил қилмоқда.

«Барселона» ўйинида пасайиш ва очколар йўқотилиши янгилик эмас, эсингизда бўлса, биринчи даврада Вальверде жамоаси ёмонроқ натижаларни кетма-кет қайд этишганди. Аммо бу сафаргиси сал хавфлироқ. Биринчидан, ўтган сафар мос равишда «Реал» ҳам ёмон натижалар қайд этган ва шу тариқа каталонияликларнинг муваффақиятсиз ўйинлари сояда қолганди. Иккинчидан, Испания чемпионатида муаммолар айнан энг кераксиз пайтда, Чемпионлар Лигасида қизғин палла бошланган даврда юзага келмоқда. Бунинг устига, таркиб борасида ҳам муаммолар етарли – Усмон Дембеле ҳали ҳам жароҳатини даволамоқда, Коутиньо эса, доим ҳам самарали ўйин кўрсата олмаяпти. Сўнгги ўйинларда асосий таркибда мунтазам тушиб турган Артур ҳам жароҳат олди ва март ойигача сафга қайта олмаса керак.

Келаси ҳафта «Барселона» Лионга сафар қилади. Ундан кейин эса, «Севилья» билан яна меҳмонда, кейин Мадридда «Реал»га қарши аввал кубок, кейин чемпионат доирасида учрашувлар кутиб турибди. Мана шу тўрт қийин ўйин олдидан бироз тин олишнинг ҳам иложи йўқ – энди «Барселона» бундай ўйинларда хато қилишга ҳақли эмас.

«Вальядолид» эса, хавфли зонадан атиги 3 очко фарқ билан 15-ўринда бормоқда ва бундай ҳолатда улар янада ноқулайлик туғдиришлари мумкин. Бунинг учун биринчи даврада бу жамоалар ўртасидаги ўйинни эслаш кифоя – ўшанда «Барселона» ягона гол эвазига ғалаба қозонган, мезбонларнинг сўнгги дақиқаларда урган голлари эса, фақат VAR ёрдамида бекор қилинганди. Умуман олганда, янги даврда «Вальядолид» ва «Барселона» беш марта тўқнаш келиб, 4тасида каталонияликлар ғалаба қозонган. 2014 йилнинг март ойида бўлган ўйинда аутсайдер ўз майдонида 1:0 ҳисобида устун келган.

Дарвоқе, «Барселона» клуби бош мураббий Эрнесто Вальверде билан 2019/20 йилги мавсум охиригача янги шартнома шартларини келишиб олганини маълум қилди. Буни ҳам ювиш керак, албатта.   

РЕАЛ – ЖИРОНА (17 февраль, 16:00)

Юқорида айтиб ўтилганидек, Испания чемпионатига интрига қайтди ва бунга асосан «Реал»нинг 2019 йилдаги барқарор ўйинлари сабаб бўлмоқда. Мадридликлар Ла Лигада қаторасига 5 ўйинда ғалаба қозонишди, 16 очко тўплашди ва бу лига жамоалари ичида энг яхши кўрсаткичдир. «Жирона» эса аксинча, 2019 йилда энг кам – атиги 2 очко олишга муваффақ бўлган холос. Каталонияликлар охирги марта Ла Лигада 25 ноябрь куни ғалаба қозонишган, умумий ҳисобда эса, 5 декабрь куни Испания кубогидаги ғалаба энг охиргиси бўлиб турибди. «Жирона» сўнгги олти ўйинда фақат мағлубиятга учрамоқда.

«Реал» билан ўзаро ўйинлар борасида ҳам «Жирона»нинг натижалари барқарор – яъни, ёмон. Эсингизда бўлса, 2017 йилнинг августида Ла Лигада дебют қилган жироналиклар «Реал» устидан ғалаба қозонишганди. Шундан кейин ўтказилган беш ўйинда «Реал»нинг қўли баланд келди.

Аммо бу ўйинга эътибор қаратишнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор. Биринчидан, ҳар қандай ёмон серия бир кун барҳам топади ва ҳафта ўртасида Чемпионлар Лигасида ўйнаган «Реал»га қарши ўз имкониятини синаб кўриш айни муддао. Иккинчидан, «Реал» ҳам чемпионлик пойгасига киришди ва энди улар ҳам ҳар ўйинда ғалаба учун майдонга тушишлари шарт. Ва яна бир қизиқ жиҳат, ўтган мавсум бошидан буён «Сантьяго Бернабеу»да энг кўп гол урган жамоа айнан «Жирона» бўлиб турибди. Испания кубоги ва чемпионати баҳсларида икки марта Мадридга меҳмон бўлган «Жирона» жами 5 гол уришнинг уддасидан чиққан. Бу ўйинларда жамоа мағлубиятга учраган бўлса-да, айтиш мумкинки, жироналиклар «Реал» дарвозасини қандай ишғол қилишни билишади. Меҳмонлар етакчи ҳужумчиси Кристиан Стуани эса, ўз фаолияти давомида 5 марта «Реал» дарвозасини ишғол қилишнинг уддасидан чиққан.

Таркиблар борасида «Реал» учун Лука Модричнинг майдонга туша олмаслиги катта йўқотиш. Хорватиялик футболчи «Атлетико»га қарши ўйинда сариқ карточка олди ва дисквалификация қилинди. Шунингдек, Карим Бензема ва Исконинг майдонга тушиши сўроқ остида. Маркос Льоренте эса, март ойигача жамоага ёрдам бера олмайди. «Жирона» таркибида эса, юқорида тилга олинган Кристиан Стуани «Уэска» билан ўйинда кичик жароҳат олганди. Унинг ҳам майдонга тушиш ё тушмаслиги сўроқ остида турибди.

АЙНТРАХТ – БОРУССИЯ М (17 февраль, 19:30)

Бундеслиганинг икки етакчи ва қизиқарли жамоаларнинг учрашуви. Азар, Плеа, Ҳофманн, Йович, Аллер, Ребич каби футболчилар қатнашадиган ўйинни томоша қилиш анча завқли бўлса керак.

Менхенгладбахликлар чемпионлик пойгасидан узоқ бўлсалар-да, кучли учликда мустаҳкам ўрин олишган. Ўтган турда ўз майдонида «Ҳерта»дан қабул қилинган мағлубият жуда қимматга тушди ва энди бу сафар Ҳеккинг шогирдлари мағлубиятга учрашга ҳақлари йўқ. «Айнтрахт» эса, 33 очко тўплаган ва кучли тўртликдан, яъни Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан 5 очко ортда боришмоқда. Бу ўйинда ҳам очко йўқотилиши франкфуртликларнинг бу курашдаги имкониятларини ҳам кескин тушириб юборади.

Ўзаро ўйинлар борасида охирги 18 ўйиннинг ярмини ўз фойдасига ҳал қилган «Боруссия»нинг натижалари яхшироқ, аммо сўнгги йилларни алоҳида оладиган бўлсак, франкфуртликлар бўш келишмаяпти ва ҳатто 2015 йилда «Айнтрахт» сафарда 5:1 ҳисобида ғалаба қозонганди. Ўтган мавсумдаги ҳар икки ўйинда ҳам Франкфурт жамоаси ғалаба қозонган. Биринчи даврадаги ўйинда эса, мезбон жамоа 3:1 ҳисобида устун келган эди.

Спорт формаси нуқтаи назаридан, бу ўйинда меҳмонлар яхшироқ кўринишлари турган гап. Чунки «Айнтрахт» пайшанба оқшомида Европа Лигасида ўйинида майдонга тушди. Бу ўйин ҳам сафарда, «Шахтёр»га қарши кечгани ва ўйин жуда муросасиз (2:2) кечганини эътиборга олсак, «Айнтрахт» анчагина куч йўқотганини тахмин қилиш мумкин.

ЧЕЛСИ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (19 февралга ўтар кечаси, 00:30)

Бу ҳафта Англия Премьер-Лигасида тур ўйинлари бўлмайди. Аксарият жамоалар Англия кубогида бўлишини эътиборга олган АПЛ тақвимни шундай тузди, лекин маълум бўлишича, охирги 16 жамоадан атиги 7таси АПЛ вакили бўлиб чиқди холос. Топ-6 дан ҳам уч жамоа – «Ливерпуль», «Тоттенҳэм» ва «Арсенал» турнирни тарк этишди, яна икки топ-клуб эса нимчорак финалда ўзаро тўқнашадиган бўлди.

Бу Англия футболидаги янги аср классикаларидан бири, «Челси» бу асрда «МЮ»ни энг кўп ютган, энг кўп соврин тортиб олган жамоа бўлиб қолмоқда. Жумладан, мана шу Англия кубоги доирасида ҳам сўнгги уч тўқнашувда «Челси» бир хил – 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, манчестерликларни курашдан чиқариб юборган. 2013 ва 2017 йилларда чорак финалда «Стемфорд Бриж» «Челси» ғалабасига гувоҳ бўлган бўлса, ўтган йили финал ўйини айнан мана шу рақиблар ўртасида кечганди.

Яна бир қизиқ жиҳат, 2012 йил, яъни Алекс Фергюсон кетганидан бери «Манчестер Юнайтед» рақибини сафарда юта олмаяпти. «МЮ» икки марта бунга жуда яқин келган, аммо ҳар икки сафар ҳам «Челси» сўнгги дақиқаларда мағлубиятдан қутулиб қолганди. Ўз навбатида, «Челси»нинг «Олд Траффорд»даги ғалабасига ҳам анча бўлди, бу ҳам Алекс Фергюсон даврига тўғри келади.

Бугунга қайтадиган бўлсак, қайсидир маънода жамоалар ўхшаш вазиятга тушиб қолишган. «Челси» ва Сарри ўртасидаги мулоқот тобора чигаллашиб бормоқда ва бунинг натижаси ўлароқ жамоа ўтган турда «Манчестер Сити»дан қақшатгич зарба қабул қилиб олди. «МЮ» эса 11 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериядан кейин, «ПСЖ»га қарши ҳеч нарса қила олмади ва гўёки икки ой давом этган ижобий муҳитни бой бериб қўйгандек. Демак, ҳар икки жамоа учун ҳам бу ўзини исботлаш учун сўнгги имконият. «МЮ» мағлубиятга учрайдиган бўлса, бу мавсумни совринсиз тугатиши деярли аниқ бўлиб қолади.

Таркиблар борасида, аслида, рақибидан икки кун кейин еврокубокда майдонга тушадиган «Челси» учун ноқулайроқ туюлганди. Лекин аксинча бўлиб чиқди. «Манчестер Юнайтед» парижликлар билан ўйинда икки асосий футболчиси Марсиял ва Лингардни жароҳат туфайли йўқотди ва бу футболчилар «Челси»га қарши қандай ҳолатда бўлишлари сўроқ остида. Шунингдек, ўша ўйинда чигалёзди пайтида Санчес ҳакам билан тўқнашиб кетган ва у ҳам жароҳат олган. Ўнг қанот ҳимоясида Валенсия ва Дармиян ҳали тикланиб улгургани йўқ.

«Челси» эса, аксинча, «Мальмё» билан ўйинда таркибни ротация қилиб олиш имконига эга бўлди. Европа Лигаси ўйинида Азар, Канте ва Игуаин асосий таркибда майдонга тушишмади. Сарри ихтиёрида сўнгги пайтларда сафда бўлган барча футболчи соғлом ҳолатда.

Демак, «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги қаторасига учинчи йилдаги Кубок учрашуви бизни кутиб турибди. Саррининг инқирози қачонгача давом этади? Сульшер ва «МЮ»нинг «асал ойи» тугадими? Бу саволларга аниқ жавобни душанба оқшомида билиб оламиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

16 февраль. «Райо Вальекано» – «АТЛЕТИКО» (20:15), «ИНТЕР» – «Сампдория» (22:00), «Ньюпорт» – «МАНЧЕСТЕР СИТИ» (22:30), «БАРСЕЛОНА» – «Вальядолид» (17 февралга ўтар кечаси, 00:45)

17 февраль. «НАПОЛИ» – «Торино» (18 февралга ўтар кечаси, 00:30), «Сент Этьен» – «ПСЖ» (18 февралга ўтар кечаси, 01:00).

Мавзуга оид