«1 апрелгача янги концепция». Эркин иқтисодий зоналарни бошқариш тизимида ўзгаришлар кутилмоқда
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, ЭИЗнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва бошқариш тизимида бир қатор ўзгаришлар кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2019 йил 1 апрелига қадар эркин иқтисодий зоналар (ЭИЗ)ни ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган. Шунингдек, ўзининг самарадорлиги ва долзарблиги исботланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш биринчи ўринга қўйилади. Шундай қилиб, ЭИЗ ҳудудида жойлаштириш шарти иккинчи молиявий йил якуни бўйича фаолияти бошланган санадан ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг камида 25 фоизини ва келгуси йилларда камида 50 фоизни ташкил этадиган экспорт ҳажмини таъминлашдан иборат.
«Инвестицияларни жалб қилиш учун захира манбасини баҳолаш, ҳудуднинг инфратузилмаси ва салоҳиятини таҳлил қилиш, фойдали ва амалга ошиши мумкин бўлган инвестиция таклифлари каби янги ёндашувни жорий этишга асосий эътибор қаратилмоқда», — деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 15 февраль куни Жиззах шаҳрида бўлиб ўтган йиғилиша ҳақида.
Вазирлик ишчи гуруҳи Жиззахда мавжуд инвестициявий фаолиятни ўрганиш, маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, хусусий сектор ва уй хўжаликларининг иштироки орқали ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича лойиҳаларни ташкил этиш ҳамда уларни амалга оширишни мақсад қилмоқда.
«Экспортга келсак, бу борада электрон тижорат тизимлари ва уларнинг халқаро онлайн-сайтлар билан интеграциялашуви каби савдо шароитларининг изчил ривожланиши алоҳида аҳамият касб этади», — дейилади вазирлик тарқатган ахборотда.
Маълумот учун, Жиззах вилоятидаги иқтисодий салоҳият, минерал-хом ашё базаси ва мавжуд ишлаб чиқариш объектлари электр, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, тоғ-кон саноати ва қурилиш материалларини муваффақиятли ривожлантиришга имкон беради. Ҳудудда оҳак, волластонит, волфрам, қўрғошин маъданлари қазиб олинади. Йиғиб олинган пахтанинг ярми маҳаллий корхоналар томонидан қайта ишланади.