Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Навоийда кўпқаватли уйлар аҳолиси лой кечмоқда: мутасаддилар муаммони бартараф этишни ваъда қилди
Республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Навоийда ҳам янги уйлар, кўпқаватли турар жойлар қурилмоқда. Янгидан барпо этилаётган замонавий кўпқаватли уйлар сони йилдан-йилга ошмоқда.
Албатта, бу жараёнда қурилиш ташкилотларидан катта масъулият талаб этилади. Қурилиш ишларининг сифатли амалга оширилиши, белгиланган ишлар охиригача етказилиши ва вақтида тугалланиши энг муҳим омиллардандир.
Акс ҳолда, кўпқаватли уйлардаги хонадон эгаларининг турли эътирозлари, низолар ва кўпгина тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин.
Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти, Кармана туманидаги «Ёшлик» маҳалласи аҳолисидан айнан шу мазмундаги мурожаат келди.
Ушбу мурожаатни жойида ўргандик ва маҳалла аҳолисининг эътирозларини тингладик.
«Бу ерга 2016 йил кўчиб келганмиз. Шунча вақтдан буён катта кўчага чиқиш учун йўл қилиб беришмаяпти. Ёғингарчилик кунларида лой кечишга мажбурмиз. Фарзандларимиз боғча ва мактабга боради, ўзимиз ишга борамиз. Кўчага чиққунимизча лойга ботамиз. Бу масалада кўп марта турли жойларга мурожаат қилдик. Аммо бу муаммо қурилиш ташкилоти ва ҳокимият ўртасидаги сансоларлик туфайли ижобий ечим топмаяти. Мурожаатларимиз эътиборсиз қолмоқда», – дейди маҳалла аҳолиси.

Ўрганишимиз давомида маълум бўлишича, маҳалладаги 108 ва 110-уйлар 2016 йили қурилиб, фойдаланишга топширилган. Аҳоли кўчиб келиб, яшай бошлаганидан бери бу уйларнинг атрофи ободонлаштирилмай келинмоқда. Шунингдек, кўчага чиқадиган йўл қилинмаган. Ушбу уйларда яшовчилар шунинг учун ёзда тупроқ, қишда лой кечишга мажбур. Мазкур уйлар атрофида янги кўпқаватли уй қад ростламоқда. Бир неча йиллардан буён бу ерда ободонлаштириш ишлари олиб борилмаётганига шу омил сабаб бўлаётган бўлиши мумкин. Аммо 108 ва 110-уйларда яшаётган аҳоли учун вақтинчага бўлса ҳам йўл қилиб берилиши зарур. Ахир, улар 2016 йилдан буён шу муаммодан азият чекмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан Кармана тумани ҳокимлигининг қурилиш масалаларига масъул бош мутахассиси ва 108, 110-уйларнинг қурилишини амалга оширган қурилиш ташкилоти раҳбари билан учрашдик.
Қурилиш ташкилоти раҳбари тез фурсатда ушбу уйларда яшаётган аҳоли учун катта кўчагача йўл қилиб берилишини ваъда қилди.
Kun.uz мазкур муаммонинг ижобий ҳал этилиши юзасидан берилган ваъданинг бажарилишига ишонч билдиради ва бу мавзуга яна қайтади.
Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.
P.S. Хорижий давлатларда бирор қурилишни амалга оширишдан аввал ўша ҳудудга текис йўл ўтказилади, асфальтланади, коммунал тармоқлар тортилади. Кейин эса иншоотни барпо этиш ишларига киришилади. Бизда эса тескариси — бино ёки иншоот қурилади, агар қандайдир муҳим объект бўлса йўл ётқизилади, бўлмаса шундоқлигича ташлаб кетилаверилади. Кейинчалик сув, газ, канализация учун яна йўллар қазилади, катта маблағ сарфлаб асфальтланган йўллар бузилади. Таҳририятимизга намунавий уй-жойлар қурилган жойлардан бу борада озмунча шикоят келиб тушдими?!
Шунинг учун хусусий қурилиш корхоналарига тураржой бинолари қуриш учун ер ажратиб беришдан аввал, биринчи галда ўша ҳудудни ободонлаштириш масаласи ҳам уларнинг гарданига юкланиши меъёрий ҳужжатларда ўз аксини топиши керак, деб ўйлаймиз.
Мавзуга оид
09:47 / 17.05.2025
Навоийда вентиляция тармоғи орқали олтин ўғирламоқчи бўлган шахслар ушланди
11:43 / 13.05.2025
Навоийда 55 ёшли аёл ҳужжатларда эркак сифатида қайд этиб келингани аниқланди
11:11 / 06.05.2025
“Тезлик жуда юқори бўлган” – Навоийдаги даҳшатли ЙТҲга изоҳ берилди
15:03 / 04.05.2025