Спорт | 14:47 / 18.02.2019
4529
11 дақиқада ўқилади

Икардисиз ғалаба қозонган «Интер», «тишсиз» «Наполи» ва VAR атрофидаги можаро – Италияда тур воқеалари

Фото: AFP

Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 24-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.

«ЮВЕНТУС» АУТСАЙДЕРНИ ОСОНЛИКЧА МАҒЛУБ ЭТДИ

А Серия пешқадами «Ювентус» ўз майдонида аутсайдер «Фрозиноне»ни қабул қилди. Амалдаги чемпион экспериментал таркиб ва ўйин схемаси билан рақибни осонликча, 3:0 ҳисобида мағлуб этди.

6-дақиқада Дибаланинг узоқ масофадан йўллаган кучли зарбасидан сўнг, тўп дарвоза тўридан жой олди. 17-дақиқада бурчак зарбаси амалга оширилганидан кейин қайтган тўпни Бонуччи дарвозага киритди. Шундан сўнг, туринликлар ҳар хил схемаларда ҳаракат қила бошладилар, рақиб бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсата олмади. Ўйин якунланишига ярим соат қолганида Манжукичнинг жарима майдонига етказган тўпини Роналду кучли зарба билан дарвозага йўллади.

Натижада «Ювентус» 66 очко жамғарди ва пешқадамликни янада мустаҳкамлади. «Фрозиноне» 16 очко билан жадвал тубидан жой олган.

Ювентус – Фрозиноне 3:0 (2:0, 1:0)
15 февраль, «Альянц Стэдиум»
Голлар: 1:0 – 6 Дибала, 2:0 – 17 Бонуччи, 3:0 – 63 Роналду.
Ювентус – Шченсни, Жоау Канселу, Бонуччи, Кьеллини (Касерес, 70), Де Шильо, Бентанкур, Жан, Хедира (Пьянич, 81), Дибала, Манжукич, Роналду (Бернардески, 64).
Фрозиноне – Спортьелло, Гольданига, Саламон, Капуано, Дзампано (Паганини, 83), Чибса (Гори, 78), Вивиани, Кассата, Молинаро, Чиофани (Пинамонти, 58), Чиано.
Огоҳлантиришлар: Жан (27), Саламон (37), Капуано (62), Кассата (81), Жоау Канселу (89).

«НАПОЛИ» «ТОРИНО» ҚАРШИЛИГИНИ СИНДИРА ОЛМАДИ

«Наполи» ўз майдонида «Торино» билан ўйнади. Неаполликлар беллашув давомида тўпни назорат қилиб, кўплаб хавфли вазиятларни яратишди. Бироқ, бир марта бўлса-да рақиб дарвозасини ишғол эта олишмади. «Торино» дарвозабони Сиригу бир неча вазиятда жамоасини муқаррар голлардан қутқариб қолди. Бошқа ҳолларда «Наполи» ҳужумчиларига аниқлик етишмади. Баъзан дарвоза тўсини «Торино» фойдасига ишлади. Натижада, «Наполи» «буқалар»га очко совға қилиб юборди. Ўйин муросасиз ва кескин курашларга бой бўлди – бош ҳакам 8 марта футболчиларни огоҳлантирди.   

Қайд қилиш жоизки, неаполликлар сўнгги 4та ўйиндан 3тасида рақиб дарвозасига йўл топа олишмаяпти. Жамоанинг ҳужум чизиғи «тишсиз» бўлиб қолган.

Бу натижа «Наполи» учун мусобақа жадвалида деярли ҳеч нарсани ўзгартирмади. Жамоа катта эҳтимол билан «Ювентус»га етиб ололмайди, аммо ўзи эгаллаб турган 2-ўринни ҳеч кимга бермайди. «Торино»да эса Европа Лигаси йўлланмаси учун курашиш имконияти сақланиб қолди.

Наполи – Торино 0:0
17 февраль, «Сан-Паоло» стадиони
Наполи – Оспина, Малькюи, Максимович, Кулибали, Хюсай, Кальехон (Мертенс, 69), Фабиан Руис (Верди, 70), Аллан, Зелиньски, Милик, Инсинье.
Торино – Сиригу, Иццо, Нкулу, Моретти, де Сильвестри, Ансальди (Парижини, 78), Ринкон (Мейте, 55), Лукич, Айна, Беренгер (Базелли, 63), Белотти.
Огоҳлантиришлар: Инсинье (45), Ринкон (45), Моретти (58), Кулибали (60), Аллан (65), Айна (71), Хюсай (82), Малькюи (90).

«ИНТЕР» ИКАРДИСИЗ ҲАМ ҒАЛАБА ҚОЗОНДИ

«Интер» ўз майдонида «Сампдория»ни қабул қилиб, жуда муҳим ғалабани қўлга киритди. Ҳозир миланликлар учун асосий мавзу Икардининг сардорлик боғичидан маҳрум қилиниши бўлиб турибди. Бу ўйинда футболчи гўё жароҳати туфайли майдонга тушмади, аммо «нерадзурри» барибир уч очкони қўлга киритишди.

Спаллетти шогирдлари жуда кўп хавфли вазиятларни яратишди, бироқ рақиб дарвозаси 2 марта ишғол қилинди. 73-дақиқада Перишич чап қанотдан тўпни жарима майдонига етказганида Д’Амброзио кучли зарба билан уни дарвозага аниқ йўллади. Аммо мезбонларнинг хурсандчилиги узоқ давом этмади. 76-дақиқада Габбьядини яқин масофадан «Интер» дарвозасига гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Орадан атиги 2 дақиқа ўтгач, «нерадзурри» яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Бурчак зарбасидан жарима майдонига етказилган тўпни Наингголан чаққон ҳаракат билан дарвозага киритди.

Бу натижадан сўнг, «Интер» 46 очко билан 3-ўриндаги мавқесини мустаҳкамлади, «Сампдория» 33 очко билан 10-ўринни эгаллаб турибди.

Интер – Сампдория 2:1 (0:0, 2:1)
17 февраль, «Жузеппе Меацца (Сан-Сиро)» стадиони
Голлар: 1:0 – 73 Д`Амброзио, 1:1 – 75 Габбьядини, 2:1 – 78 Наингголан.
Интер – Ҳанданович, Д`Амброзио, де Врей, Шкриньяр, Далберт, Гальярдини (Жоау Мариу, 59), Брозович, Политано (Кандрева, 69), Наингголан (Весино, 89), Перишич, Мартинес.
Сампдория – Аудеро, Берешиньски (Сала, 81), Тонелли, Андерсен, Мурру, Прат, Экдаль (Роналду Виейра, 81), Линетти, Сапонара (Габбьядини, 75), Дефрель, Куальярелла.
Огоҳлантиришлар: Д`Амброзио (17), Перишич (24), Линетти (28), Шкриньяр (31).

«МИЛАН» ЖУДА МУҲИМ ЎЙИНДА «АТАЛАНТА»НИ МАҒЛУБ ЭТДИ

 «Милан» сафарда «Аталанта» билан беллашди. Чемпионлар Лигаси йўлланмаси учун курашаётган ҳар иккала жамоани мусобақа жадвалида атиги 1 очко ажратиб турганди. Бундан ташқари, клублар қаторасига 6та ўйиндан бери мағлубиятга учрамай келишаётганди.

1-бўлим мезбонларнинг кичик устунлигида ўтди ва улар 33-дақиқада ҳисобни очишди. Ўнг қанотдан жарима майдонига етказилган тўпни Фройлер кучли зарба билан дарвоза томон йўллади. Доннарумма тўпга ета олди, аммо «думалоқ» унинг қўлидан сирғаниб чиқиб, дарвозага кириб кетди. Бўлимнинг сўнгги дақиқасида «Милан» ҳисобни тенглаштирди. Жарима майдонига етказилган тўпни Пёнтек чиройли зарба билан дарвозага киритиб юборди. 55-дақиқада Чалҳанўғли жарима майдони ташқарисидан кучли зарба йўллаб, чиройли гол урди. Орадан 6 дақиқа ўтгач, Пёнтек бурчакдан оширилган тўпни боши билан дарвозага йўллади.

2 тўп фарқ билан олдинга ўтиб олган «Милан» ҳимояда совуққонлик билан ўйнаб, хатога йўл қўймади ва керакли натижани ушлаб қолишга эришди.

«Милан» 42 очко билан 4-ўринни эгаллаб турибди, «Аталанта» 38 очко билан 6-ўринда бормоқда.

Аталанта – Милан 1:3 (1:1, 0:2)
16 февраль, «Адзурри д′Италия» стадиони
Голлар: 1:0 – 33 Фройлер, 1:1 – 45 Пёнтек, 1:2 – 55 Чалҳанўғли, 1:3 – 61 Пёнтек.
Аталанта – Бериша, Толои, Гимшити, Паломино, Хатебур (Госенс, 65), де Рон, Фройлер, Кастань, Гомес (Кулусевски, 59), Иличич, Сапата (Барроу, 78).
Милан – Доннарумма, Калабрия, Мусаккьо, Романьоли, Родригес, Кессиэ, Бакайоко, Лукас Пакета (Лаксальт, 87), Сусо (Кастильехо, 77), Пёнтек (Кутроне, 68), Чалҳанўғли.
Огоҳлантиришлар: де Рон (18), Сусо (27), Родригес (88).

24-ТУРНИНГ БАРЧА НАТИЖАЛАРИ

15 февраль
Ювентус – Фрозиноне 3:0 (2:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 6 Дибала, 2:0 – 17 Бонуччи, 3:0 – 63 Роналду.

16 февраль

Кальяри – Парма 2:1 (0:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 40 Куцка, 1:1 – 65 Паволетти, 2:1 – 85 Паволетти.
Четлатиш: Жоао Педро (90, Кальяри).

Аталанта – Милан 1:3 (1:1, 0:2)
Голлар: 1:0 – 33 Фройлер, 1:1 – 45 Пёнтек, 1:2 – 55 Чалҳанўғли, 1:3 – 61 Пёнтек.

17 февраль
СПАЛ – Фиорентина 1:4 (1:1, 0:3)
Голлар: 1:0 – 36 Петанья, 1:1 – 44 Фернандеш, 1:2 – 79, пенальти Верету, 1:3 – 80 Симеоне, 1:4 – 88 Жерсон.

Эмполи – Сассуоло 3:0 (2:0, 1:0)
Голлар: 1:0 – 34 Крунич, 2:0 – 37 Аккуа, 3:0 – 60 Фариас.
Удинезе – Кьево 1:0 (0:0, 1:0)
Гол: 1:0 – 85 Теодорчик.

Женоа – Лацио 2:1 (0:1, 2:0)
Голлар: 0:1 – 44 Бадель, 1:1 – 75 Санабрия, 2:1 – 90+3 Кришито.

Интер – Сампдория 2:1 (0:0, 2:1)
Голлар: 1:0 – 73 Д`Амброзио, 1:1 – 75 Габбьядини, 2:1 – 78 Наингголан.

Наполи – Торино 0:0

18 февраль
Рома – Болонья

А СЕРИЯ ЖАДВАЛИ

А СЕРИЯ ТЎПУРАРЛАРИ

19 - Криштиану Роналду (Ювентус, 5 пен)
18 - Кшиштоф Пёнтек (Милан/Женоа, 2)
16 - Дуван Сапата (Аталанта, 1), Фабио Куальярелла (Сампдория, 4)
12 - Аркадиуш Милик (Наполи)
11 - Франческо Капуто (Эмполи, 1), Чиро Иммобиле (Лацио, 2)
9 - Андреа Петанья (СПАЛ, 1), Леонардо Паволетти (Кальяри), Мауро Икарди (Интер, 3)

25-ТУР ЎЙИНЛАРИ ТАҚВИМИ

22 февраль
Милан - Эмполи

23 февраль
Торино - Аталанта
Фрозиноне - Рома

24 февраль
Сампдория - Кальяри
Болонья - Ювентус
Кьево - Женоа
Сассуоло - СПАЛ
Парма - Наполи
Фиорентина - Интер

25 февраль
Лацио - Удинезе

ТУР МОЖАРОСИ – ИКАРДИ САРДОРЛИК БОҒИЧИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

«Интер» клуби раҳбарияти ҳужумчи Мауро Икардини сардорлик боғичидан маҳрум қилди ва уни дарвозабон Самир Ҳандановичга топширди.

Журналист Жанлука Ди Марцио хабарига кўра, 25 ёшли аргентиналикни сардорлик боғичидан маҳрум қилиниши ҳақидаги қарор раҳбарият ва бош мураббий Лучано Спаллетти келишуви асосида қабул қилинган. Бунга бир неча ҳолатлар сабаб бўлган. Хусусан, Икарди етакчилик вазифасини яхши бажармаган, кийиниш хонасида футболчиларга жуда кам танбеҳ берган. Бундан ташқари, хотини ва агенти Ванда Наранинг клуб раҳбариятини қийин аҳволга солиб қўядиган сўзларига изоҳ бермаган. Шу ва шунга ўхшаш сабаблар таҳлил қилингач, Икарди сардорлик боғичига лойиқ эмас деб топилган.

Қўшимча қилиш жоизки, «Интер» Мауро Икардини Европа Лигаси 1/16 финалидан ўрин олган «Рапид»га ва А Сериядан ўрин олган «Сампдория»га қарши ўйинлар қайдномасига киритмади. Ҳар иккала ўйин ҳам «нерадзурри» ғалабаси билан тугади. Кейинчалик клуб расмий твиттери Икардининг ўнг тиззасида яллиғланиш борлиги ҳақида хабар берди.

Воқеадан бир неча кун ўтгач, Мауро Икардининг хотини Ванда Нарага Милан шаҳрида ҳужум қилишди. Football Italia хабарига кўра, номаълум шахслар унинг автомобилини тошбўрон қилишган. Машина ичида футболчининг фарзандлари ҳам бўлган, аммо ҳеч ким жабрланмаган. Эслатиб ўтамиз, Ванда Нара Икардининг агенти ҳисобланади ва шартнома масаласида клуб билан музокара ўтказади.

Аввалроқ, Икарди «Интер» билан янги шартнома бўйича келишувга эришолмаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

VAR АТРОФИДАГИ МОЖАРО – ГОЛ УРГАН ЖАМОА ПЕНАЛЬТИ БИЛАН ЖАЗОЛАНДИ

А Сериянинг 24-туридаги СПАЛ – «Фиорентина» ўйини (1:4) VAR тизими атрофидаги яна бир можароли вазият билан ёдда қоладиган бўлди.

Ўйиннинг 74-дақиқасида СПАЛ гол уриб, 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Аммо VAR рефериси бош ҳакам Лука Пероттога мурожаат қилиб, уни видеолавҳани кузатишга чақирди. Тўп киритилишида ҳеч қандай қоидабузарлик бўлмагани аён эди, аммо ҳакам мезбонлар гол билан якун топган қарши ҳужумга ўтишдан олдин ўз жарима майдонида фол ишлатишганини қайд этди ва голни бекор қилиб, СПАЛ дарвозасига пенальти белгилади. Меҳмонлар аъзоси 11 метрлик нуқтада адашмади ва таблодаги 2:1 ҳисоби ўрнини 1:2 эгаллади.

Бундан руҳи тушиб кетган СПАЛ ўйин охирига қадар яна 2та гол ўтказиб юборди ва 1:4 ҳисобида ютқазди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид