Ўзбекистон | 11:20 / 19.02.2019
33179
4 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Ортиқхўжаев: Сизнинг рухсатингизсиз уйингизни ҳеч ким бузмайди

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Mirzo Ulugbek Business City қуриладиган ҳудудда истиқомат қилувчи аҳолининг уйлари уларнинг розилигисиз бузилмайди. Бу ҳақда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 18 февраль куни Мирзо Улуғбек тумани ҳокимиятида ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Очиқ мулоқот тарзида ташкил этилган йиғилишда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Иргашев ҳамда Марказ-1 ҳамда Марказ-2 ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳолининг юзлаб вакиллари иштирок этишди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида айтилишича, унда шаҳар ҳокими ушбу ҳудудлар аҳолиси орасида юзага келган саволларга аниқлик киритган. Ҳоким дастлаб аҳолининг ўз турар жойлари, туманларида олиб борилаётган қурилишлар ҳақидаги фикрлари билан танишган.

Учрашувда мурожаат билан келган фуқаролар Тошкентдаги бунёдкорлик тадбирлари ва уйлар ҳолати бўйича ўз фикрларини билдиришган. Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтдаги бузилиши эҳтимоли бўлган ҳудудлардаги ишларни ташкил этиш бўйича ахборот берган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Хусусан, бу борада тегишли ҳудудларда офислар ташкил этилиб, ҳар бир оиланинг бу борадаги фикрлари ўрганилиши маълум қилинган.

«Агар сизнинг туманингизда катта комплекс қуриладиган бўлса ва бузишга тўғри келса, у ерда ҳокимият вакили ҳамда инвестор вакили иш олиб борадиган офис очилади, сиз улар билан алоҳида учрашиб, саволларингизга жавоблар олишингиз мумкин бўлади. Сиз қаерга кўчишни исташингиз, уй қайси қаватдан бўлиши кераклиги, қанча болаларингиз борлиги ва шу каби саволларга ойдинлик киритилади. Ҳар бир одам билан унинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда алоҳида келишилади. Розилигингиз билан режа қилинади. Ҳеч ким авваллари бўлганидек шунчаки бузиб ташламайди. Сизнинг рухсатингизсиз уйингизни ҳеч ким бузмайди», — деган Жаҳонгир Ортиқхўжаев қатнашчиларнинг уйлар бузилиши ҳақидаги саволига жавобан.

Бундан аввалроқ, Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманида янги баланд бинолар қад ростлайдиган, узунлиги 6,5 километрлик хиёбон пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Лойиҳа Амир Темур хиёбонидан бошлаб Ҳамид Олимжон майдони, «Буюк Ипак йўли» метро станцияси орқали Россия давлат нефть ва газ университети филиалигача қурилиш ишлари олиб борилишини кўзда тутганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада ОАВда Тошкентдаги Анҳор соҳилида, «Локомотив» боғининг орқа дарвозаси яқинида жойлашган 78-уй бузиб ташланаётгани, Шайхонтоҳур тумани ҳокими ўринбосари бу ерга келиб, барчанинг кўз ўнгида уйни бузиб ташлашга буйруқ бергани, уйлардан ҳали одамлар кўчиб чиқмагани ҳақида хабар тарқалганди.

Хабарларда бу ердаги аҳоли кўчиб ўтишга тайёрлиги, бироқ борадиган жойнинг ўзи йўқлиги, уйлар ўрнига квартиралар тақдим этилмагани, ҳокимлик бузилаётган уйлар учун компенсация шартномаси тузишдан бош тортаётгани, вақтинчалик яшаб туриш учун ижара пуллари берилмагани айтилганди.

16 февраль куни Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва унинг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Даврон Ҳидоятов иштирокида пойтахт ҳокимиятида шаҳар ва туманлар маъмуриятлари раҳбарияти ҳамда журналистлар ва депутатлар билан учрашув ўтказилди. 

«Фуқаролар яшаб турган уйларда демонтаж ишларини олиб бориш тақиқланган. Ҳокимият одамлар яшаётганда [уйни бузиш] ҳуқуқига эга эмас», — дея таъкидлаганди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Мавзуга оид