Ўзбекистон | 12:26 / 21.02.2019
9560
3 дақиқада ўқилади

АҚШ қўмондони: «Биз «Толибон» билан бир томонлама музокаралар олиб бормаймиз»

АҚШнинг Жанубий Осиёдаги стратегиясидан муддао — Афғонистон Ислом Республикаси ҳукумати ва «Толибон» ҳаракати ўртасида дўстлик алоқасини тиклаш мустаҳкамлаш ва мамлакатда барқарор сиёсий муҳитнинг пайдо бўлишига эришиш, деб ҳисоблайди АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотел. 

21 февраль куни пойтахтдаги «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Бош штаб бошлиқларининг навбатдаги анжумани бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Ушбу йиғилиш минтақа тарихидаги энг долзарб ва муҳим даврда юз бермоқда. Минтақада хавфсизлик масаласи ҳамон очиқ қоляпти, шу туфайли биз фаолиятимизни янада яхши олиб боришимиз керак», — дейди Жозеф Вотел.

АҚШ қўмондонининг айтишича, кўп маротаба медиа маконида янграётган Афғонистон бўйича бир томонлама «тинчлик музокаралари» миш-мишдан бошқа нарса эмас. 

«Фикримни аниқроқ ифодалашга рухсат бергайсиз: АҚШ «Толибон» билан ҳарбийларни олиб чиқиш бўйича бир томонлама музокаралар олиб бормаяпти. Бизнинг мақсадимиз  — Афғонистон ва «Толибон» ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Ривожланиб бораётган ишончни сақлаб қолишда ўзаро ўт очишларни тўхтатиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу билан бирга, биз «Толибон»га нисбатан ҳарбий босимни давом эттирамиз. Нимаики қилмайлик, сиёсий барқарорлик ва ривожланиш учун хизмат қилиши зарур», — дейди у. 

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Олий Мажлисга мурожаатномасида мамлакат ташқи сиёсатида қўшни Афғонистон муҳим ўрин эгаллашини билдирганди. 

«Биз халқаро ҳамжамиятни Афғонистон ҳукумати раҳбарлигида тинчлик музокараларини бошлаш заруриятини қўллаб-қувватлашга даъват этдик. 2018 йилнинг март ойида Афғонистон бўйича ўтказилган юқори даражадаги Тошкент конференцияси замонавий Афғонистон тарихида халқаро миқёсда кенг қамровли анжуман бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу конференциядан сўнг Афғонистондаги барча сиёсий кучлар, жумладан, «Толибон» ҳаракати иштирокида музокаралар жараёнини бошлашга қаратилган халқаро ҳаракатлар янада фаоллашди. Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати вакиллари билан бир қатор муҳим музокаралар ўтказди», — дейди Шавкат Мирзиёев.

21 февраль куни ташкил этилган йиғилиш иштирок этган Ўзбекистон Мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов «барча давлатлар билан Афғонистонда тинчлик, биринчи навбатда, хотиржамликни таъминлаш учун Ўзбекистон стратегик алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр»лигини айтди.

Мавзуга оид