Ўзбекистон | 21:34 / 21.02.2019
18142
2 дақиқада ўқилади

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи инвесторларнинг ишончли бошқарувига берилади

Президент Шавкат Мирзиёев нефть-газ ва кимё саноатини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш вақтида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини давлат-хусусий шериклик асосида инвесторларнинг ишончли бошқарувига беришни топширди.

«Йиғилишда «Ўзбекнефтегаз» жамияти тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, тарифларни бозор тамойиллари асосида қайта кўриб чиқиш, нефть базалар ва ҳудудий газ таъминоти хизматларини босқичма-босқич давлат-хусусий шериклик асосида, жумладан, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини инвесторларнинг ишончли бошқарувига бериш бўйича аниқ чоралар ҳам назарда тутилиши кераклиги айтилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда шунингдек, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртаннефтгаз ва Газлинефтгаз корхоналарида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш, нефть ва газ қазиб чиқариш, геологик қидирув ускуналарини сотиб олиш каби лойиҳаларга талаб этиладиган маблағлар мамлакатимизнинг еврооблигациялари ҳисобидан молиялаштирилиши маълум қилинган.

Маълумот учун, Фарғона НҚИЗ ёнилғи-мой материалларини ишлаб чиқариш бўйича минтақадаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. У ўз фаолияти давомида 60 турдан ортиқ нефть маҳсулотларини ишлаб чиқарган. Бугунги кунга келиб корхона модернизацияга муҳтож. Норасмий маълумотларга кўра, айни вақтда бу заводнинг юкланиши 50 фоиздан ошмайди.

Ўтган йилнинг ноябрида Фарғона ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводлари модернизация қилиниши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид