Жамият | 16:14 / 21.02.2019
11524
2 дақиқада ўқилади

Муфтий Усмонхон Алимов Қоровулбозордаги ягона ва янги масжидга тамал тошини қўйди

Аввал, 21–23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида “I Халқаро зиёрат туризми форуми” ўтказилиши ҳақида хабарлар берилган эди. Анжуманда ўнлаб давлатлардан олимлар, уламолар, туризм соҳаси сармоядорлари, халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этяпти.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов халқаро форумда иштирок этиш учун бугун, 21 февраль куни Бухоро шаҳрига етиб келди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Муфтий вилоятга сафарини хайрли иш билан бошлади. Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида янги қурилаётган жоме масжиднинг биринчи ғиштини қўйиб бериш учун мазкур туманга ташриф буюрди. Айтиш мумкинки, ушбу туманда шу кунга қадар бирорта ҳам масжид йўқ эди. Янги жоме масжиднинг қурилиши ҳудуд аҳолиси учун катта воқеа бўлди.

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бухоро вилояти Қоровулбозор туманидаги янги жоме масжидга йирик муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак номи берилди. Жоме масжид пойдеворига биринчи тамал тошини муфтий Усмонхон Алимов қўйиб берди. 

Фото: Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мавзуга оид