Спорт | 21:44 / 22.02.2019
35134
9 дақиқада ўқилади

Футболни бузаётган тотализатор, клубларнинг масъулиятсизлиги ва келишилган ўйинлар ҳақида ПФЛ раҳбарияти билан суҳбат

Клубларимизнинг халқаро майдондаги иштироки билан ўзбек футболида янги мавсум бошланди. Янги мавсумдаги режалар ва футболимизда кўп муҳокама қилинаётган мавзулар борасидаги саволларимизга жавоб олиш учун Профессионал Футбол Лигаси директори Омон Ғофуров ҳамда, ПФЛ директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаевни студиямизга таклиф қилдик. Суҳбат давомида ПФЛ расмийлари барча саволларимизга атрофлича жавоб беришди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Бир қадам орқага, икки қадам олдинга»

Аввало меҳмонларимиздан нима учун Суперлига ўйинлари бир ҳафта кечикиб бошланиши ҳақида сўрадик. Бунга эса ПФЛ расмийлари жамоаларнинг мавсумга расман тайёр бўлмаганини сабаб қилиб кўрсатишди: «Биз чемпионат ўйинларини 1 мартда бошлашга тайёр эдик. Лекин жамоалар ўзларини ҳозиргидек тутишда давом этишса, чемпионат стартини апрелгача суришга ҳам тайёрмиз. Майли, бизни танқид қилишсин, ПФЛ тошбақа дейишсин, лекин биз ўзимизни алдамоқчи эмасмиз.

ПФЛда мавсумни вақтида бошлаш учун ҳеч қандай муаммо йўқ. Биз регламентни тайёрлаб қўйганмиз. Суғурта, ҳомийлик борасида ҳам ишларимиз жойида. Ҳатто ТВ трансляциясига керак бўладиган галереялар тайёрлаш учун студиялар қилиб қўйганмиз. Лекин ҳали жамоаларнинг баъзиларида форма тайёр эмас, баъзиларида формаларининг рақамлари йўқ. Улар 1 мартгача форма масаласини ҳал қилишларига ишонамиз, лекин бошқа масалалар ҳам очиқ қолган.

Бир қатор жамоалар мавсумга чет элда тайёрланишмоқда. Футболчилар билан бирга клуб бош директорлари, спорт директорлари ҳам кетишган. Ваҳолангки уларнинг бу ерда қиладиган ишлари кўп. Стадион масаласи, академия масаласи бор. Клублар бундан олдин 20 йиллаб текширувсиз мавсумни бошлайверишган. Улар 2019 йилда ҳам шундай бўлади деб ўйлашганди, лекин бундай бўлмайди. Биз олдинги йиллардаги хатоларни такрорлашни хоҳламаймиз. Чемпионатни керак бўлса май ойида бошлаймиз. Муҳими, ҳозир бир қадам орқага ташласак ҳам, кейин икки қадам олдинга силжиш. Клубларимиз тартибли ишлаш кераклигини тушуниб етиши керак».

«Кўтарма пуллар учун 200, 300 миллион топишади, лекин...»

Кейинги саволимиз ПФЛ ўтган мавсумда клубларга ваъда қилган мукофот пуллари ҳақида бўлди. Клублар ўтган мавсум учун белгиланган мукофот пулларини қачон олишларига жавоб сўрадик: «Биз мукофот пулларини ваъда қилдикми, демак берамиз. Лекин ўз навбатида клубларнинг ҳам ПФЛ олдида, ёки футболчи, мураббийлар олдида қарздорлиги борлигини унутмаслик керак. Клублар аввал қарздорликларидан қутилишсин, кейин мукофотларни берамиз. Шунда улар мукофот пулларини клуб ривожи учун ишлатишлари мумкин бўлади. Балки мукофот олиши керак бўлган клублар бадал пулларидан озод қилиниши мумкин. Хуллас, пуллар берилмай қолмайди.

Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш керак. Регламент бўйича клублар бадал пулларини 1 мартгача тўлаб бўлишлари керак. Лекин бизда бу жараён декабргача ҳам чўзилиб кетади. Клублар футболчиларга бериш учун 200 миллион, 300 миллионлаб пул топишади, лекин энг асосий тўлов бўлган бадал пулини чўзиб юришади. Регламентга кўра, бадал пулини ўз вақтида тўламаган клуб ўша вақтнинг ўзида чемпионатдан четлатилиши керак, лекин ПФЛ доим клубларга ён босиб келган.

Бизнинг мақсадимиз йилдан йилга клубларнинг харажатларини камайтириш. Бир неча йилдан сўнг умуман бадал пулларисиз чемпионат ўтказишни мақсад қилганмиз. Бу йилдан ҳакамлар, комиссарлар, ўйин расмийлари учун қилинадиган харажатларни ПФЛ ўз зиммасига олди. Ваҳолангки, клублар бу учун 200, 300 миллионлаб харажат қилишарди. Биз мана шу харажатларни ўзимиз қиладиган бўлдик. Биз мукофот пулларини мавсум охирида бермадикки, у ҳолатда клублар пулларини камомадлари учун ишлатишарди. Мавсум аввалида берсак, жамоалар бу пулларини клуб ривожи учун ишлатади».

«Бунёдкор» стадиони ҳеч кимга тегишли бўлмаган

Бугун мухлислар Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби тақдири билан қизиқишмоқда. Бу жамоа қуйи лигага тушириб юборилиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар кўпайган. Бу борада қуйидагича жавоблар олдик: «Мен бу гапингизга қўшилмаган бўлардим, чунки ПФЛ ва ЎФА чемпионатда ўйнаётган барча жамоаларни ҳимоя қилади. Агар биз «Бунёдкор»ни ҳимоя қилмаганимизда, ФИФА бу жамоадан 6 очко олиб ташлаш тўғрисида кўрсатма берганидан сўнг бу қарор ижросини икки ой кечга сурмаган бўлардик. Биз «Бунёдкор» ўз муаммосини ҳал қилади деб кутдик (яъни Симоненко муаммоси) ва натижа бўлмагач 6 очко олиб ташлашга мажбур бўлдик. Яқинда йиғилиш ўтказилди ва унда «Бунёдкор»ни ҳар қандай ҳолатда қўллаб-қувватлашга келишиб олдик.

«Бунёдкор» стадиони ҳақида гапирадиган бўлсак, бу стадион ҳеч кимга тегишли эмас. Ҳа, ҳеч кимга тегишли эмас. У 2012 йилда қурилган ва ҳеч қандай ҳужжатсиз фаолият юритган. Юқорида айтилган йиғилишда «Бунёдкор» академиясини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор берилди. Биз ёш футболчиларни тарбиялаб берадиган ҳар қандай академиядан манфаатдормиз.

Хабарингиз бўлса керак, ЎФА қошидаги марказий футбол академияси «Бунёдкор» академияси асосида бўлиши керак эди. Лекин биз маслаҳатлашиб «Бунёдкор» академиясига тегмасликка қарор қилдик. Дарвоқе, «Бунёдкор» стадиони ҳақида яна икки оғиз. Ҳозир Туркия корхонаси стадионнинг чимини янгиламоқда. Мақсадимиз стадионнинг майдонини идеал кўринишга келтириш. 2012 йил стадион қурилганда чимни эккан одамлар унга икки уч ой умуман тушмасликни айтишган. Лекин стадион очилганда унга кимлар тушганини, нималар бўлганини биласиз. Шу сабаб футболчилар ҳам бу стадионда қийналиб ўйнаган».

«Ким пул берса, мусиқани ўша чалдиради

Бугун «Сурхон» жамоасининг Суперлигага чиқиши ҳақида ҳам кўп гапирилмоқда. Футбол расмийларининг айтишича, бу ҳолатга ҳозирча аниқлик киритилмаган: «Биз ПФЛ вакили сифатида бу саволга жавоб беришимиз нотўғри. Чунки биз мусобақаларни ўтказадиган ташкилотмиз. Биз регламентни ишлаб чиқдик ва керак бўлса 10та жамоа билан ҳам чемпионатни бошлайверамиз. ЎФА қошида футбол клубларини лицензиядан ўтказиш қўмитаси бор. Биз лицензиялаш учун ўз талабларимизни таклиф қиламиз. Юқорида номи келтирилган қўмита эса чемпионатда қайси жамоа ўйнашини аниқлайди. Биз айтишимиз мумкин бўлган нарса шу. Ҳозирча бизга мана бу клуб бу лигада, бу клуб бу лигада ўйнаши керак деган ҳужжат келгани йўқ.

Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак. Бугун деярли барча клубларимизга давлат корхоналари пул ажратмоқда. Пулни давлат ажратмоқдами, мусиқани ҳам давлат чалдираверади. Бу – оддий ҳақиқат. Давлат хоҳласа бирор клубни бу ерга, бошқасини мана бу ерга қўйиб қўйиши мумкин. Клублар хусусийлашсагина спорт принциплари ҳақида гапириш мумкин».

«Битта ўйинда 3 000, 4 000 доллар ишлашади »

Қуйи лигаларсиз юқори дивизионни ривожлантириб бўлмайди. Бироқ бизда қуйи лигаларнинг даражаси жуда паст. Бунинг сабабларидан бири сифатида келишилган ўйинлар келтирилади: «Биз Суперлигада жамоалар сонини 12та қилишимизнинг асосий сабаби Про-Лигада рақобатни кучайтириш эди. Ўтган мавсум Про-Лигада рақобат кучайганини тан оласизми? Суперлигага чиқиш учун «Сурхон», «Машъал», «Динамо» каби жамоалар кураш олиб боришди. Олдинлари эса Биринчи Лигада асосан битта жамоа ғолиблик учун курашарди. Оддий қилиб айтганда, Олий Лигага чиқиш учун йўлланмалар сони курашаётган жамоалар сонидан кўп эди.

Яна бир жиҳатни таъкидлаш керак, Про-Лига жамоаларининг асосий мақсади футбол ўйнаш бўлганида, жуда ажойиб бўларди. Лекин уларнинг асосий мақсади тотализатор ўйнаш. Бир ўйинда жамоалар ўйинни олиш ёки ўйинни бериш эвазига 3 000-4 000 долларгача ишлашади. Хабарингиз бўлса керак, яқинда ПФЛ ходими пора билан қўлга тушди. У Про-Лига Б лицензиясини олиш учун 2 500 доллар пул олаётган бўлган. Ўша жамоа бу пулни тотализатор орқали битта ўйиндаёқ чиқариб олади. Аввал бундай пора беришлар оддий ҳол бўлган. Агар Про-Лига Б лицензияси учун ставка 2 500 доллар бўлса, Олий Лига лицензияси қанчалик қиммат турганини тасаввур қилаверинг».

Мавзуга оид