Жаҳон | 10:13 / 23.02.2019
15106
2 дақиқада ўқилади

АҚШ бир нечта давлатда ҳокимиятни ўзгартиришга умид қилмоқда

Фото: Tamas Kaszas / Reuters

Вашингтон нафақат Венесуэлада, балки Никарагуа ва Кубада ҳам ҳокимиятни алмаштиришни кўзламоқда, деб айтди АҚШ давлат котиби Майкл Помпео. 

Унинг таъкидлашича, АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти “нодемократик тузумлар”ни ўзгартиришга қаратилган ишни давом эттиради. 

“Маъмурият буни нафақат Венесуэлада, балки, албатта, Никарагуа ва Кубада ҳам амалга оширмоқда ва буни давом эттиради. Халқлар бу ҳаракатларни ўз зиммаларига олишлари керак ва улар ҳам буни қилиш истагидалар. Америка халқи эса уларни қўллаб-қувватлайди”, деб айтган Помпео Tolemundo телеканалига берган интервьюсида.  

Журналистлар Венесуэладаги воқеалардан кейин АҚШ Лотин Америкасининг бошқа давлатларида ҳам тузумлар ўзгаришига умид қилаётгани ёки йўқлиги ҳақида қизиқишган.

“Умид қиламанки, бу давлатларнинг фуқаролари уларга суқиштирилган авторитаризм зулмини зарурий деб ҳисоблашмайди ва яхшироқ сиёсий қарорга эришиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишади”, деб таъкидлаб ўтган Помпео.

20 февралда Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Никарагуа президенти Даниэл Ортега ҳокимияти яқин орада поёнига етишини айтган. Унинг айтишича, АҚШда Ортеганинг “кунлари битган ва халқ яқин орада озод бўлади” деб ҳисобланмоқда.

Мавзуга оид