Жамият | 20:55 / 23.02.2019
8928
3 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Яхшилар кўмаги билан Мастурахон шифо топмоқда

Қалбга умид учқунларини сочадиган китоб ва фильмларда қийинчиликлардан сўнг ҳамиша яхшилик ғалаба қозонишига кўп гувоҳ бўламиз. Ҳаётда инсон бошига тушадиган ҳар қандай синов, қийинчиликларга чиройли сабр қилса, охири албатта хайрли бўлади.

Ёдингизда бўлса, бир неча ой олдинги хайрия акциямизда Тошкентда истиқомат қилувчи синглимиз Мастурахон ҳақида ҳикоя қилган эдик.  

Мастурахонга 2014 йили жигар циррози ташхиси қўйилган. Вақт ўтиб, унинг териси қуриб, юзларига ажин туша бошлагач, турмуш ўртоғи “мен касалманд хотин билан яшамайман”, деб оиласидан воз кечиб кетган. Аёл тўлиқ даволанишга моддий томондан қурби етмай, муолажаларни уйда олишга мажбур бўлган. Қорнида сув тўпланиб, шишиб кетган.  Хайрия арафасида беморнинг касали янада авж олиб, тинкаси қуриётганлиги ҳақида маълумот беришганди...

Беморни кўздан кечирган ҳинд шифокорлари умид борлиги, орган (жигар) кўчириш операциясини амалга ошириш мумкинлигини айтишган ва операция нархини 32 000 АҚШ доллари, деб баҳолашган эди.

Акция тўғрисидаги мақоламизда: “Аллоҳнинг меҳрибонлиги шу бўлса керак, беморнинг укаси Баҳромжоннинг қон гуруҳи опасиники билан тўғри келган ва опасининг дардига тенгма-тенг шерик бўлиш учун жигарининг бир қисмини донор сифатида беришга тайёр” – деб ёзган эдик.

Шуни мамнуният билан маълум қиламизки, Мастурахон саховатпеша юртдошларимиз томонидан маълум миқдорда йиғилган маблағлар эвазига Ҳиндистонга бориб, жигар кўчириш операциясини муваффақиятли ўтказди ва ўзи ҳам, укаси Баҳромбек ҳам соғлом тарзда юртимизга қайтиб келишди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

“Нима бўларкан, деган минг ҳаяжонда Туркияга боргандик. Операциядан қўрққан эдим, лекин жуда яхши ўтди. Операциядан сўнг 2 ойча муолажалар олдим. Шифокорлар яхши муомалада бўлишди, ҳатто туғилган кунимни ҳам уюштириб беришди. Олдинлари ҳатто ҳожатга ҳам дори истеъмол қилмасдан бора олмас эдим. Ҳозир бўлса, ҳеч қандай дорисиз боряпман. Ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман.

Олти ой ўтиб, кейин бир йилдан сўнг ва икки йилдан кейин яна кўрик текширувидан ўтгани борсам кифоя экан. Авваломбор Аллоҳдан, кейин даволанишим учун ёрдам қўлини чўзган барча-барчадан миннатдорман. Ҳамиша уларнинг ҳақига дуода бўламан” - дейди Мастурахон.

Азиз саховатпеша ва савобга чанқоқ юртдошлар! Қилган сахийлигингиз сабаб 5 яшар Музаффар етимликдан, бир ота-она фарзанд доғидан, Мастурахон эса дарддан фориғ бўлди. Бу оиланинг қўллари ҳамиша сиз учун дуода. Қилган эҳсон амалингиз қабул бўлсин!

Мавзуга оид