Жамият | 21:50 / 23.02.2019
68230
6 дақиқада ўқилади

Каттақўрғон шаҳрида таҳқирланган, кейинчалик ўғрилиги учун суд жазоси тайинланган аёл Ғаллаоролда яна жиноятга қўл урди

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳри ИИБ собиқ катта тезкор вакили С.Умаров томонидан таҳқирланиб, шаҳар ИИБ биносида ечинтирилган, сўнгра Оқдарё туманида содир этган ўғриликлари учун ЖИБ Оқдарё туман суди томонидан 4 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланган, Каттақўрғон туманида истиқомат қилувчи Н.Т. яна жиноят устида қўлга тушди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бу ҳақда Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳуқуқ-тартибот органлари Kun.uz'га маълум қилишмоқда.

Kun.uzʼга тақдим этилган маълумотларга кўра, Н.Т. 2019 йил 10 февраль куни эрталаб 06:00 ларда шериги О.С. билан Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида жойлашган “Ғаллаорол деҳқон бозори”да киссавурлик йўли билан ўғирлик қилиш мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, бозорга келишади ва унинг ҳудудида жойлашган чойхонада спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда соат тахминан 08:00 ларда тирбанд жойда картошка-сабзи харид қилаётган фуқаро Л.Аҳмедованинг ҳамёнидаги 165.000 сўм пулларини ва “Samsung” русумли уяли телефон аппаратини киссавурлик йўли билан ўғирлаб олишади.

Бундан ташқари, шу куни соат тахминан 08:30 ларда Н.Т. ва О.С. ўзларининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, “Ғаллаорол деҳқон бозори”га кириш дарвозасининг олдида одамлар тирбанд жойда фуқаро С.Якубова пайпоқ сотиб олаётганлигидан фойдаланиб, унинг ҳамёнидаги 75.000 сўм миқдоридаги пулларини такроран киссавурлик йўли билан ўғирлаб олган чоғда ушланиб, жиноий қилмишлари фош этилган.

Н.Т. ва О.С.дан Л.Аҳмедовага тегишли бўлган “Samsung” русумли уяли телефон аппарати ҳамда С.Якубовага тегишли бўлган ҳамён билан 75.000 сўм пуллар ҳужжатлаштириб олинган.

2019 йил 12 февраль куни мазкур ҳолат юзасидан Н.Т. ва О.С.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Н.Т. ва О.С. фуқаро С.Якубованинг ҳамёнидаги 75.000 сўм миқдоридаги пулларини киссавурлик йўли билан ўғирлаб олганликларига бевосита гувоҳ бўлган бозорда савдо қилувчи фуқароларнинг берган кўрсатмалари ҳамда “Ғаллаорол деҳқон бозори”га ўрнатилган, ўғирлик ҳолати туширилган видеокамерадан олинган видеотасвир билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.

2019 йил 12 февраль куни Н.Т. гумонланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилиниб, Жиноят процессуал кодекснинг 221-моддаси тартибида ушланган.

14 февраль куни ЖИБ Ғаллаорол туман судининг ажримига кўра Н.Т.га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

21 февраль куни Н.Т. ва О.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилинган ва жиноят иши ЖПКнинг 381-моддаси тартибида туман прокуратурасига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, Н.Т.нинг 2018 йил 3 июнь куни Каттақўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими катта тезкор вакили Санъат Умаров томонидан таҳқирланиб, ечинтирилгани хабари жамоатчилик орасида катта резонанс келтириб чиқарганди.

Хусусан, бу воқеадан сўнг Бош вазир ўринбосари, республика хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева Н.Т.нинг Каттақўрғон туманидаги хонадонида бўлиб, шахсан ундан хабар олган эди.

2018 йилнинг 21 ноябрида ЖИБ Самарқанд вилоят суди томонидан С.Умаровга 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 6 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган ҳамда жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган эди.

2018 йилнинг 19 декабрида Н.Т.га ЖИБ Оқдарё туман суди томонидан ЖИБ Иштихон туман судининг 2017 йил 11 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг шартлилиги бекор қилиниб, унинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан ҳукмлар мажмуи бўйича узил-кесил ўташ учун 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган эди.

Озодликни чеклаш жазосига кўра, судланувчига қуйидагилар тақиқланади:

  • яшаш жойидан ҳар куни кечқурун соат 23:00дан эрталаб соат 06:00гача чиқиш;
  • озодликни чеклаш давомида муайян жойларга, яъни, кафе, бар ва ресторанларга бориш;
  • уни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартириш;
  • алкоголли ичимликлар истеъмол қилиш.

Бўлиб ўтган воқеадан хулоса қилиш мумкинки, Н.Т. Оқдарё туман суди томонидан ўзига белгиланган жазонинг камида иккита бандини бузиш, шунингдек, ўз уйини соат 06:00дан аввал тарк этиш ва спиртли ичимлик истеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Мавзуга оид