Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бунёдкор» бош директори: «Суперлигадан тушириб юборилишимиз шунчаки миш-миш»
Шу кунларда «Бунёдкор» клуби Суперлигадан тушириб юборилиши ҳақида гаплар кўпаймоқда. ПФЛ эртага бўлиб ўтадиган Суперлигага қуръа ташлаш маросимида қатнашиш учун 11 та клубнинг директорларига хат юборилгани ва «Бунёдкор» тадбирга таклиф қилинмагани ҳақидаги гаплар «оловга мой сепди». Бу борадаги миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида «Бунёдкор» клуби спорт директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Мирзаев билан суҳбат уюштирдик.
«Про-Лигага тушасизлар деб ҳеч қандай хат беришгани йўқ»
Улуғбек Мирзаевдан аввало «Бунёдкор»нинг бугунги ҳолати ва жамоанинг Суперлигадан тушириб юборилиши қанчалик ҳақиқатга яқин экани ҳақида сўрадик. Клуб бош директорининг айтишича, хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқ:
«Клубда ишлар бир маромда давом этмоқда. Биз Суперлига ўйинларига тайёргарлик кўряпмиз. Айтишим мумкин, «Бунёдкор» бошқа жамоаларга ўрнак бўладиган тарзда фаолиятини давом эттирмоқда. Кўзингиз тушган бўлса керак, ПФЛ бир қатор жамоаларни турли хил масалалар юзасидан огоҳлантирмоқда. Лекин биз ҳозирга қадар ҳеч қандай огоҳлантириш ёки эътироз хати олмадик. ПФЛ Суперлиганинг қолган жамоаларига янги мавсумга тайёргарлик кўриш учун қандай ишларни қилиш тўғрисида хат юбораётган бўлса, бизга ҳам шундай хатлар келиб турибди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
«Бунёдкор»нинг Суперлигадан тушириб юборилиши ҳақидаги гаплар ҳеч қандай асосга эга эмас. Булар шунчаки миш-миш. Биз Суперлига учун 26 та футболчини рўйхатдан ҳам ўтказиб бўлдик. Клублар лицензиядан ўтиши учун энг аввал регламентда белгиланганидек ўз академиясига эга бўлиши керак. «Бунёдкор» Суперлига жамоалари орасида биринчи бўлиб академия масаласини ижобий ҳал қилди. Биз хотиржаммиз, чунки ПФЛ бизни намунали клублар қаторида тилга олади. Биз расмий ҳужжатга ишонамиз ва ҳеч ким бизга мана бу асосга кўра Суперлигада ўйнамайсизлар деб ҳужжат тақдим этмади».
«Бунёдкор»ни мавсум аввалида Акром Комилов, Сардор Собирхўжаев, Рустам Ашурматов, Жавлон Иброҳимов каби футболчилар тарк этишди. Бу йигитлар жамоанинг асосий ўйинчилари эдилар ва уларнинг кетиши шубҳасиз, «Қалдирғочлар» учун катта йўқотиш бўлди. Бироқ Вадим Абрамовнинг келиши клуб мухлисларига умид бағишлади. Клуб директоридан «Бунёдкор» Абрамовга қай даражада ишонаётгани ҳақида сўрадик ва шунга амин бўлдикки, Вадим Карленович бу жамоага шунчаки келмаган:
«Тўғри таъкидладингиз, ўтган мавсумда бизнинг асосий таркиб футболчиларидан 12 таси бошқа клубларга ўтиб кетишди. Лекин «Бунёдкор» академиясининг борлиги бизнинг жонимизга оро кирди. Ҳозир академиямизнинг энг яхши битирувчилари асосий таркибимизни тўлдиришган. Бундан ташқари бошқа жамоаларга ижарага берилган футболчиларимизни қайтариб олдик. Бизда ёмон жамоа шаклланмаган деб айта оламан. Абрамов бу жамоа билан Чемпионлар Лигасига йўлланма олишини ишониб айтди. Биз унинг қарашларини қаттиқ ҳурмат қиламиз.
Биласизми, Абрамовни олиб келганимиздан сўнг бир гуруҳ танишларим менга қўнғироқ қилиб яхши иш бўлибди деб айтди. Яна бир гуруҳ инсонлар эса зўр иш бўлибди деб таъкидлади. Абрамов бу ёш жамоамиз билан рақобатбардош жамоа ташкил қилишига ишонамиз».
«Бунёдкор» ўз академияси футболчиларининг трансферидан пул ишлаш борасида юртимиздаги энг намунали жамоа. Маълум бўлишича, клуб ҳамон академиясидан фойда олишда давом этмоқда: «Ўтган мавсумда бизни кўп футболчилар эркин агент сифатида тарк этишди. Олдинги раҳбариятни ёмонламоқчи эмасман, лекин улар футболчиларнинг шартномаларига жуда беэътибор қарашган. Клуб ўзи учун муҳим футболчилар билан шартномани камида бир йил олдин янгилаб қўйиши керак. Масалан Сардор Собирхўжаев, Акром Комилов, Жавлон Иброҳимов, Мурод Тошматов, Мирғиёс Сулаймонов каби футболчилар билан шартномалар вақтида узайтирилганида, улардан трансфер пули ишлаб олишимиз мумкин эди. Лекин эски раҳбарият бундай имкониятни қўлдан бой берди. Биз бирорта футболчимизни сотмаган бўлсак ҳам, иккита футболчимиздан трансфер пули ишладик. Акром Комилов ва Рустам Ашурматов «Бунёдкор» академияси тарбияланувчилари бўлишгани учун ФИФА талабига кўра улар ўтган жамоалар бизнинг ҳисобимизга пул ўтказиб беришди.
Акром Комиловнинг трансфери учун «Пахтакор» бизга 90 миллион сўм ўтказиб берди. Рустам Ашурматовнинг трансферидан эса клуб 150 минг доллар ишлаб олди. Биласизми, Ашурматов Кореядаги клуби билан келишиб, «Ўша пулни менга беринглар, мен ўзим кетаман», дейиши мумкин эди, лекин Рустам жуда бамаъни йигит ва у ўзини тарбиялаган клубга нисбатан мардлик қилди. Натижада бизнинг ҳисобимизга 150 минг доллар тушди.
«Бунёдкор» Сергей Симоненко исмли футболчидан кўп зарар кўрди. Жамоа сафида 4 тагина ўйинда қатнашган ва ҳеч қандай фойдали ҳаракат қилмаган футболчи «Бунёдкор»ни 50 минг долларга туширган. Мирзаевнинг айтишича, бу муаммони ҳал қилиш аслида кўп вақт талаб қилмаган:
«Биз яқин йилларда легионер масаласига қайтмасак керак. Симоненко можароси клубга қанчалик қимматга тушганини кўрдингиз. Бу можаро 5 йил деганда ҳал бўлди. Мен «Бунёдкор» раҳбариятига келгач ўз олдимга асосий вазифа сифатида жамоани қутқариб қолишни қўйдим ва шукурки, бу муаммони ҳал қилдик. 17 январь куни ФИФА ПФЛга «Бунёдкор»нинг қарзи қолмади, энди бу жамоага нисбатан санкция қўлламанглар деган мазмунда хат юборди.
Бу футболчи ФИФА қоидаларини яхши билгани учун бундан фойдаланган. Ўша вақтда клуб раҳбарияти ҳам жуда қўпол хатога йўл қўйган. Қоида бўйича, футболчи икки ой давомида маош олмаса, икки томонлама шартномани бекор қилиши мумкин ва клуб футболчига шартнома муддати тугагунча маош ҳам тўлаб беради. Симоненкога 50 минг доллар тўладик ва ҳаммаси ҳал бўлди. Олдинги раҳбарият Сардор Рашидовнинг трансферидан тушган 2 миллион долларнинг қирқдан бирини берганда ҳам, муаммо ҳал бўлиб кетарди. Лекин улар муаммога панжа орасидан қараб ишни мураккаблаштириб юборишган.
«Бунёдкор» янги мавсумни қайси стадионда бошлаши билан ҳам қизиқдик. Маълум бўлишича, клуб бу борада иккита вариант тайёрлаб қўйган: «Биз янги мавсум олдидан иккита стадион билан келишиб олдик. Биринчиси «Пахтакор» стадиони ва иккинчиси Темирйўл муҳандислари институти стадиони. Суперлиганинг кундуз куни ўтказиладиган ўйинларини Темирйўл институти стадионида ўтказамиз, чунки у ердаги чироқлар талабга жавоб бермайди. Кечаси ўтказилган ўйинларимиз «Пахтакор»да бўлади. Шу ўринда оғир дамда бизни қўллаган «Пахтакор» клуби раҳбариятига раҳмат деб қоламан. Эсингизда бўлса, 2008 йил «Пахтакор» стадиони таъмирланаётганда, «Пахтакор» жамоаси мавсумни бизга тегишли бўлган МХСК стадионида ўтказган. «Пахтакор» раҳбарияти ўша дамларни эслашди ва бизни қўллаб-қувватлашди»,- дейди Мирзаев.
Мавзуга оид
08:16 / 24.03.2025
Бунёдкор шоҳкўчасида Tracker-2 ва Damas тўқнашди
08:00 / 09.09.2024
Бунёдкор шоҳкўчасида 27 ёшли ҳайдовчи уриб юборган пиёда вафот этди
13:11 / 02.04.2024
«Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон ишида бир неча йиллик келишувга эришилганини эълон қилди
21:00 / 02.03.2024