Light | 23:02 / 25.02.2019
27651
4 дақиқада ўқилади

Стив Жобснинг 10 тамойили

Фото: Paul Sakuma / AP Photo

Стив Жобс ҳаёт бўлганида 24 февралда 64 ёшга тўлган бўлар эди. Дунёнинг энг муваффақиятли фаолият юритувчи корпорацияларидан бири - Apple асосчиси, афсонавий бизнес-магнат 8 йиллик саратонга қарши курашдан кейин 56 ёшда ҳаётдан кўз юмган.

Деярли 40 йиллик карьераси давомида Стив Жобс бутун бир саноат қиёфасини ўзгартириб юборган инқилобий қарорларни таклиф қилган. Жобс IT-технологиялар тарихидаги энг машҳур шахслардан бири бўлиб қолади. BigPicture Стив Жобс ўз фаолияти давомида қандай тамойилларга асосланганига оид маълумотлар билан бўлишди.

1. Мукаммалликка интилинг

Фото: Julie Jacobson / AP Photo

Стив Жобс деталларга жуда эътиборли бўлган. Биринчи iPod тақдимоти арафасида Apple компанияси ходимлари туни бўйи қулоқчинлар дарчасини алмаштиришган, чунки Жобс шундай қилинса, яхшироқ бўлади деган қарорга келган.

2. Экспертлар билан ишланг

Фото: Daniel Barry / Getty Images

Жобс компания савдо тармоғини ишга туширишдан аввал Gap компаниясидан Микки Дрекслерни жамоага ишга ёллаган.

3. Афсусланманг

Жобс жамоатчиликка намойиш қилган маҳсулотлар билан ҳам, ишлаб чиқарилиши "музлатилган" ишланмалари билан ҳам бирдек фахрланган. Масалан, Жобс Palm Pilot клонини яратиш устида қаттиқ меҳнат қилган, бироқ мобил телефонлар "КПК"ни бозордан сиқиб чиқараётганини англагач, ортиқча афсус-надоматларсиз барча ишланмаларни тўхтатди ва бу муҳандисларга iPod устида ишлаш имконини берди.

4. Фокус-гуруҳларга эътибор қаратинг

Жобснинг "Одамларга намойиш этмагунингча нима хоҳлашаётганини ўзлари ҳам билишмайди" деган машҳур гапи бор. Шу боис унинг ўзи бир кишидан иборат фокус-гуруҳ сифатида ишлаган - маҳсулотлар прототипларини уйига олиб кетиб, ойлаб уларни синовдан ўтказган.

5. Ўрганиш ва тадқиқ қилиш - охири йўқ жараён

Фото: Paul Sakuma / AP Photo

Apple учун қурилмалар яратиш жараёнида Жобс Sony компанияси маҳсулотларининг шрифти, эргономикаси ва ташқи кўринишини яхшилаб ўрганган. Биринчи «Мак» корпуси устида ишлаётиб, у Apple компанияси автотураргоҳига чиқиб, Германия ва Италия автомобиллари кузовлари тузилишини тадқиқ қилган.

6. Соддалаштиринг

Жобс дизайнининг фалсафаси – доимий соддалаштириш. iPod’нинг энг биринчи моделларини ишлаш давомида у дизайнерларга тугмалардан, жумладан ёқиб ўчириш тугмасидан ҳам халос бўлишни буюрган. Дизайнерлар дастлаб норози бўлган бўлсалар-да, кейинчалик машҳурликка эришган айланма "ғилдирак"ни ишлаб чиқишган.

7. Сир сақланг

Apple компаниясида ҳеч ким ортиқча гап-сўзга берилмаган. Сир сақлашга риоя қилиш Жобсга одамлар орасида ўз маҳсулотларига бўлган катта қизиқишни сақлаб қолишга ёрдам берган. Натижада эса унинг тақдимотлари сўзсиз кун янгилигига айланган.

8. Кичик жамоалар билан ишланг

Дастлаб Macintosh жамоасида 100 киши бўлган. 101-ходим ёлланадиган бўлса, кимдир ўз ўрнини бўшатишига тўғри келган. Жобс компания ходимларининг фақат 100 нафарининг исми шарифини эслаб қолиши мумкинлигини айтган.

9. Камроқ танбеҳ, кўпроқ мотивация

Фото: Sal Veder / AP Photo

Жобс етарлича қаттиққўл раҳбар бўлган, лекин Apple ходимлари уни кучли мотиватор сифатида қабул қилишган. Apple жамоаси илк Mac маҳсулоти устида уч йил давомида 90 соатлаб ишлаган ва бунинг натижасида афсонавий маҳсулот яратилган.

10. Прототиплардан фойдаланинг

Жобс амалга оширган ишларнинг бари прототипларда ишлаб чиқилган: техника, дастурий таъминот, ҳатто Apple дўконлари ҳам. Архитектор ва дизайнерлар бир йилдан ортиқ вақт давомида компания штаб-квартираси яқинидаги махфий омборда дўкон прототипини лойиҳалаштиришган. Бу Жобс лойиҳани йўлга қўйиши ва барини бошидан бошлаши учун бажарилган.

Мавзуга оид