Фан-техника | 09:56 / 26.02.2019
9473
3 дақиқада ўқилади

Автомобиллардаги пиёдаларни аниқлаш тизимлари қанчалик самарали?

Фото: IIHS

Автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялар йўлдаги бахтсиз ҳодисалар олдини олиш мақсадида ўз автомобилларини пиёдаларни аниқлаш тизимлари билан жиҳозлашмоқда. Бу тизим йўлда кутилмаганда одамлар пайдо бўлса, автоматик равишда тормозни ишга туширади. Йўл хавфсизлиги суғурта институти (IIHS) тадқиқотчилари бу тизимларнинг қанчалик самарали эканлигини аниқлаш мақсадида уларни синашга қарор қилишди.

Пиёдаларни аниқлаш тизими автопилот функцияси бор автомобилларда мавжуд бўлиб, йўлни пиёдалар борлигига узлуксиз сканерлаш учун иккита датчиклар тўплами қўлланади: бу мақсадда орқани кўриш ойнасида камералар ва олд панжарада датчиклар ўрнатилган. Махсус алгоритм машина олдидаги объект пиёда экани ёки йўқлигини аниқлайди ва у билан тўқнашиш хавфини баҳолайди – агар хавф юқори бўлса, тизим тормозни инсондан кўра тезроқ ишга туширади.

IIHS’нинг хавфсизликни текшириш бўйича менежери Дэвид Эйлорнинг айтишича, инсонларнинг йўлда кутилмаганда пайдо бўлувчи пиёдаларга сустлашган реакцияси уларнинг паст даражадаги диққат-этибори билан боғланган. Автомобилларнинг дастурий таъминотида эса чалғитувчи омиллар йўқ ва шу сабабли у ҳар қандай вазиятда тезроқ ҳаракат қилади.

Институт бунга ишонч ҳосил қилиш учун пиёдалар пайдо бўлганда тормозлаш тизимига эга 11 та йўлтанламас билан синов ўтказган. Бу синов доирасида юз бериши мумкин бўлган бир нечта хавфли ҳолат кўриб чиқилган. 

Автомобил одамни уриб юборадиган энг кўп учрайдиган ҳолатлар қуйидагилар:
йўлга ўнг томондан чиқувчи катта ёшли одам;
кўчага йўл четида турган автомобил ортидан югуриб чиқувчи бола;
йўлда машиналар ҳаракатланишига орқа томони билан юрувчи катта ёшлилар.

Синовлар анча тинчлантирувчи натижаларни кўрсатган. Пиёдалар пайдо бўлишига 4 та йўлтанламас дарҳол реакция қилган: Honda CR-V, Subaru Forester, Toyota RAV4 ва Volvo XC40. 5 та модел пиёдаларни бироз туртиб юборган, бироқ уларга жиддий зарар етказмаган, булар: Chevrolet Equinox, Hyundai Kona, Kia Sportage, Mazda CX-5 ва Nissan Rogue. Энг ёмон натижаларни эса Mitsubishi Outlander ва BMW X1 кўрсатган – бу машиналарнинг автоматик тормоз тизимига яхшиси ишонмаган маъқул, деб хулоса қилишган мутахассислар.

Мавзуга оид