Ўзбекистон | 16:23 / 26.02.2019
10459
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекконцерт» қизиқчилар ижодий клубини ташкил этишни таклиф этмоқда

26 февраль куни Тошкентдаги «Туркистон» саройининг мажлислар залида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан «Бадиий сўз санъати ва саҳна масъулияти» мавзусида давра суҳбатида устоз санъаткорлари бошчилигида қизиқчилар ижодий клубини ташкил этиш таклиф этилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ҳар бир қизиқчининг намойишидан бир кун аввал, ҳаммамиз йиғилиб, дастурни кўриб чиқсак, ўзимизнинг дўстона таклифимизни берсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу цензура эмас. Ҳеч нарсани олиб ташламаймиз. Фақат ҳар бир гапни айтишнинг қоғозга ўралган, ўзбекона услубини маслаҳатлашамиз», – дея таклифни қўллаб қувватлади сўз устаси Зокир Очилдиев.

Фото: Ўзбекконцерт давлат муассасаси

Тадбир иштирокчилари жорий йилнинг 15 март куни йиғилиш бўлиб, клубнинг ташкил этилиш тартиби, низоми кўриб чиқишга келишиб олишди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлим бошлиғи Эргаш Даминов эса алоҳида экспертлар гуруҳини ташкил этишни таклиф этмоқда.

Даминовнинг айтишича, қизиқчилик санъати сўз усталари намойишларини назорат қилиш учун Маънавият ва маърифат маркази ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита вакилларини жалб этган ҳолда экспертлар гуруҳини ташкиллаштириш ижобий ўзгаришларга олиб келади.

«Ёш авлод ўртасида сўровнома ўтказилганда уларнинг аксарияти сизларни идеал сифатида кўришларини таъкидлашди. Идеал бўлиш осон эмас, шунга муносиб бўлинг. Одамлар сизга талпинади ахир», – дейди у.

Аввалроқ, шу йиғилиш иштирокчиси қизиқчилик санъати усталарига сценарий ёзишда ҳамкорликни таклиф этгани хабар берилганди.

YouTube

Tas-IX

Мавзуга оид