Спорт | 15:49 / 27.02.2019
15936
10 дақиқада ўқилади

Букмекерлик идоралари, келишилган ўйинлар ва футболдаги коррупция. ПФЛ раҳбарияти билан суҳбат

Ўзбекистонда футболга бўлган қизиқиш юқори бўлгани сабабли футбол ичидаги одамлар доимо кенг муҳокамаларга сабаб бўлишган. Футболимиздаги ўзгаришлар, янги мавсумга бўлаётган тайёргарликлар юзасидан саволларимизга жавоб олиш учун Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси бош директори Омон Ғофуров ҳамда ПФЛ директори маслаҳатчиси Диёр Имомхўжаевни студиямизга таклиф қилдик. Меҳмонларимиз барча саволларимизга атрофлича жавоб беришди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Қандай жамоа бўлишидан қатъи назар аввал талабларни бажариб қўйсин»

ПФЛ охирги вақтларда клубларни кўп марта огоҳлантирмоқда, клубларга нисбатан жазолар ҳам кўпайиб кетди. Бундан клублар қулоқсиз бўлиб кетганини тахмин қилиш мумкин. Буни ПФЛ расмийлари ҳам тасдиқлашди.

—Клублар узоқ вақт назоратсиз ишлагани сабаб чиндан ҳам масъулиятсиз бўлиб кетишган. Олдинги раҳбариятни қоралаш ниятимиз йўқ, лекин улар вақтида клублар лицензиялашдан осонгина ўтиб кетаверишган. Аввал жамоаларнинг стадионлари, академиялари мавсумга тайёр бўлмаса ҳам, бадал пулини тўлаб лицензиядан ўтаверишган. Биз энди бунга йўл қўймаймиз.

Клублар ўтган йил мавсумни бошлаб олайлик, кейин шароитларни яхшилаймиз деб, сўзида турмади. Биз энди уларнинг қуруқ ваъдаларига ишонмаймиз. У биринчи ўриндаги жамоа бўладими, охирги ўриндаги жамоа бўладими, Чемпионлар Лигасида қатнашадиган жамоа бўладими, бизга фарқи йўқ. Талабларни бажарсин ва марҳамат, чемпионатда қатнашсин.

Клубларнинг баъзилари мавсумга бошқа давлатларда тайёрланмоқда. Футболчилар билан бирга раҳбариятдагилар ҳам кетишган. Ахир уларга нима бор йиғинда? Клубларда ҳали қилинадиган иш жуда кўп бўлган вақтда раҳбарият чет элда юриши эмас, клубнинг муаммоларини ҳал қилиш билан шуғулланиши керак. Биласизми, ҳозир клубларда саводли мутахассислар етишмайди. Битта ходим ҳам мухлислар билан ишлайди, ҳам маркетинг билан шуғулланади, ҳам бошқа ишларни қилиб кетаверади. Биз клублардан ҳар ким ўзининг ишини қилишини қаттиқ талаб қиляпмиз.

Аслида лицензиялаш талаблари кўпчилик ўйлаганидек мураккаб эмас. Клублар келиб ҳужжатларни топширишади, биз уларни текшириб, хатолари бўлса, кўрсатамиз. Шундан кейин улар камчиликларини тузатиб қайтадан ҳужжатларини тақдим этишлари мумкин. Ҳаммаси жуда оддий.

«2 500 долларни бир ўйинда чиқариб олишади»

Бугун коррупция ҳақида кўп гапирамиз. Жамиятнинг бу иллат етиб бормаган қатлами қолмаган. Шу жумладан, футбол ҳам бундан мустасно эмас. Диёр Имомхўжаев ПФЛдаги коррупцияга боғлиқ бир вазият ҳақида гапириб берди:

—Хабарингиз бор, ПФЛ ходими пора билан қўлга тушди. У Про-Лига «Б» жамоасини лицензиядан ўтказиш учун 2 500 доллар пора олган. Ваҳоланки, у пулни олгани билан лицензиядан ўтказиб қўйса ҳам майли. Лицензиялаш билан ПФЛ эмас, ЎФА шуғулланади. Қайси аҳмоқ жамоа бу пулларни кейинчалик қайтариб олишига ишонмаса лицензиядан ўтиш учун 2 500 доллар беради? Чунки улар тотализатор орқали битта ўйинда чиқариб олишади бу пулни.

Барака топгур, ўша 2 500 долларни ўзинг учун ишлат, стадионингни тўғрила, академияга ишлат. Мана шундай ишларнинг олдини олиш учун талабларни кучайтиришимиз, жазо муқаррарлигини тушунтиришимиз керак. Тартибсиз натижага эришиб бўлмайди.

«Нега бизда букмекерлик идораси очилмаслиги керак?»

Тотализатор ҳақида гап очилганидан сўнг Ўзбекистонда тотализаторнинг кириши келишилган ўйинларга қарши юриш бўлиши мумкинми, деган савол билан муражаат қилганимизда, шундай жавоб олдик:

—Тотализатор Ўзбекистонда қонун билан тақиқланган нарса. Дин жиҳатдан ҳам бу қораланади ва шахсан мен айнан шу сабаб бу ўйинни ўйнамайман. Лекин одамлар ўйнашмоқда-ку?! Бизда жуда кўпчилик тотализатор орқали ўйинларга пул тикиб, пул ишлайди ёки йўқотади. Бошқача қилиб айтганда, бизнинг валюта бошқа мамлакатга чиқиб кетяпти. Одамлар шундоқ ҳам бошқа мамлакатлардаги букмекерлик идоралари орқали тотализаторга пул тикаётган экан, нега биз уни ўзимизда очмаслигимиз керак? Европадаги катта клублар ҳам букмекерлик идораларидан катта пул олишади. Биз ҳам бу орқали футболга пул олиб киришимиз мумкин.

Бундан ташқари, букмекерлик идоралари қайси мамлакатда фаолият юритишса, у ердаги ўйинларни текширишади. Чунки клублар ўйинларни келишиб, бу орқали букмекерлик идораларини қимматга туширишлари мумкин. Агар бизда ҳам букмекерлик идораси бўлса, бу келишилган ўйинларга қарши кураш бўлиши мумкин.

«Кўпи билан учта ўйини шубҳага олинган жамоага чора кўрилади»

ОФК яқинда қитъадаги келишилган ўйинлар борасида маълумот берган ва барча чемпионат расмийларига бу борада хат билан чиққанди. ПФЛ ҳам бу борада хат олган ва унда бир нечта ўйиннинг келишилган бўлиши мумкинлиги шубҳага олинган. Бундай ўйинлар орасида «кутилмаганда» «Қизилқум» жамоасининг номи тез-тез тилга олинган. Бу борада ҳам тегишли жавоб олдик:

—Букмекерлик корхоналари билан ишлайдиган ва келишилган ўйинларни аниқловчи ташкилотлар бор. Улар радар компанияси дейилади. Ўша компаниялар кутилмаганда катта пуллар тикилган ўйинларни таҳлил қилишади ва уларни шубҳали деган рўйхатга киритишади. ОФК эса уларни барча мамлакатларга юборади. «Қизилқум»нинг 7та ўйини шубҳали деб топилган, келишилган деб эмас. Келишилган ўйинларни аниқлаш осон иш эмас. Бунга орган аралашмаса, деярли имконсиз. Бу борада ҳам ишлар олиб боряпмиз. Қўлимизда иккита ўйиннинг келишилганини исботлаши мумкин бўлган фактлар бор. Агар ўшаларни исботласак, қолгани занжир каби уланиб кетишига умид қиламиз. Энди биз бошқача йўл тутамиз. ОФК бизга бирорта жамоанинг камида учта ўйинини шубҳали деб топиб хат юборса, уларга чора кўрамиз.

«Биз Осиёнинг Бельгияси, Хорватияси бўлишимиз керак»

Бугун мухлислар ПФЛни спорт принципларига риоя қилмаганликда айбламоқда. Меҳмонларимиз қачон спорт принциплари биринчи планга чиқиши ҳақида ҳам гапиришди:

—Бизнинг асосий мақсадимиз клубларни хусусийлаштириш. Лекин бунинг учун нимадир қила олмаймиз, чунки биз нодавлат-нотижорат ташкилотмиз. Йирик давлат корхонасига бу жамоага пул ажратманг, у хусусий бўлиши керак деб айта олмаймиз-ку, тўғрими? Бизнинг қўлимиздан келадиган ягона нарса лицензиялаш. Биз клубларга лицензиялаш талабларини таклиф этамиз, улар эса бу талабларни бажаришади.

Клублар шу вақтгача шундай ишлашган: ҳомий сизга бир йилда, айтайлик, 30 миллиард сўм пул ажратади. Сиз уни бемалол тақсимлаб ташлайсиз. Ва кейинги йил учун яна пул беришларини кутасиз. Кечирасиз, лекин бундай ишлашни мен ҳам, сиз ҳам биламиз. Биз энди уларга бошқача талаб қўямиз. Болалар футболига мана бунча ажратасан, аёллар футболига мана бунча ажратасан, академия учун бунча, стадион учун бунча ажратасан, қолганини асосий таркиб учун ишлатасан, деймиз.

Нима кераги бор легионерлар учун пул сарфлаб? Бизга кераги йўқ юлдуз футболчиларни чемпионатимизда ўйнатиш. Биз фабрика бўлишимиз керак. Осиёнинг Бельгияси, Хорватияси бўлишимиз керак. Қитъанинг Испанияси, Италияси бўла олмаймиз. Бизнинг корхоналар футболга ажратаётган пуллар Қатар, Хитой ажратаётган пуллар олдида писта пўчоқдек гап. Биз футбол фабрикасига айланишимиз керак. Шу учун болалар футболига қўрқмай пул ажратса бўлади. Чунки бу келажак учун ажратилган капитал. Агар барчаси бизнинг режамиз асосида давом этса, 10 йилдан сўнг давлат корхоналари футболга пул ажратмаса ҳам бўлаверади.

Бизнинг режамиз шундай: лицензиялаш талаблари орқали клубларни ривожлантириш. Лицензиялаш учун қўйилаётган талаблар фойдали экани ҳақида хоҳлаган одам билан тортишишим мумкин.

Клублар ўзини боқиши керак. Бунинг учун академиядан унумли фойдаланиш талаб этилади. Масалан, яқинда «Насаф» Одил Ҳамробековни 2,5 миллиард сўмга трансфер қилди. Ўз вақтида Сардор Рашидов 2,1 миллион долларга сотилганди. Агар клубга ўз академиясидан пул тушиб турса, бу ҳеч бўлмаса ички эҳтиёжлар учун етарли бўлади.

Ҳозир Қашқадарё клублари нисбатан тўғрироқ йўлда кетяпти деб айта оламан. Улар ўз харажатларини қисман қоплаш учун бўлса ҳам ҳаракат қилишмоқда. Улар оддий пайпоқ ишлаб чиқарадиган, тўйларга ҳар хил нарсалар тайёрлаб берадиган корхоналар ташкил қилишган. Хуллас, нимадир қилишмоқда. Қолган жамоаларда эса нима бор? Қайси жамоанинг стадиони бор? Борми ўз стадионига эга жамоа? Таққослайдиган бўлса, бизга давлатдан пул олиб ишлайдиган сайтлар эмас, ўзини боқадиган Kun.uz ёки Daryo.uz каби сайтлар керак.

«Энди иккита жамоа Суперлигадан тушиб кетади»

Ўтган мавсумда Суперлигага Про-Лигадан битта жамоа чиқди. Яна иккита йўлланма учун Про-Лиганинг иккинчи ва учинчи жамоалари Суперлигада 10 ва 11-ўринларни олган клублар билан ўйнашди. Суперлига жамоалари қуйи лига клубларини ҳеч қандай қийинчиликсиз мағлуб этиб, лигадаги ўринларини сақлаб қолишди. Маълум бўлишича, ПФЛ кейинги мавсумдан Суперлигани иккита жамоа тарк этади:

—Биз бу мавсумдан Суперлигани иккита жамоа тарк этишини белгилаб қўйдик. Ўз навбатида, Про-Лигадан иккита жамоа тўғридан-тўғри Суперлигага чиқади. Про-Лиганинг тепадан учинчиси ҳамда Суперлиганинг охиридан учинчи жамоалари Суперлигада ўйнаш учун саралашда қатнашади. Бу баҳс тақдири битта ўйинда ҳал бўлади ва учрашув Про-Лига жамоаси стадионида ўтказилади. Бундан ташқари, Суперлига ҳамда Про-Лига жамоаларига қўйиладиган талабларни деярли бир хил қилиб қўйдик. Суперлигада легионерлар лимити 4+1 эдими? Марҳамат, энди Про-Лигада ҳам шундай. Битта лигада 45 дақиқа 1997 йил ва ундан кичик ёшдагилар ўйнаши мажбурий эдими? Энди иккита лигада ҳам шундай. Мақсадимиз лигалар ўртасидаги фарқни камайтириш.

Мавзуга оид