Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ким ҳақ: тадбиркорми ё ҳокимлик? — Бухоро марказий бозоридаги тўсиб қўйилаётган бир дўкон можароси
Kun.uz таҳририятига Бухоро шаҳридан тадбиркор Лола Ғаниева мурожаат қилиб, «Бухоро марказий бозори» ҳудудида ўзи барпо этиб ишлатаётган савдо дўконининг бир тарафидаги дарвоза кўчирилиб, дўконнинг икки ташқи деразаси ва эшиги тўсиб қўйилаётганини билдирди.

Kun.uz мурожаатни воқеа жойига бориб ўрганди.
Маълум бўлишича, Лола Ғаниева бу дўконни 2007 йилдан бошлаб ўз маблағлари ҳисобига бунёд этишга киришган, ҳозиргача оиласи билан шу дўконда тирикчилик қилади, бир неча кишини иш билан таъминлаган.


У дўкон учун бозорга ижара ҳақи, солиқларни ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётганини айтди.
Дўкон автотураргоҳдан бозорга кираверишда жойлашган бўлиб, дарвозахонада ҳам эшик ва дераза очилган. Дўконнинг яна бир эшик-деразаси — бозор ҳудудидан очилган.
Айни пайтда ўша дарвоза беркитилиб, кириш йўлаги ўрнидан Л.Ғаниевага тегишли дўконга ёпиштирилиб, янги дўконлар барпо этилмоқда. Янги дарвоза эса бироз нарига кўчирилган.


Ғаниеванинг куйиб-пишишига сабаб — унинг дўконининг икки деразаси ва аввалги дарвозахона ўрнидаги эшиги беркилиб қолаётганидир. Шунингдек, дўконнинг ертўла қисмига тушадиган зина ҳам ёпилиб қолмоқда.

Мурожаатчининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 12 августдаги №253-сонли «Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидаларининг 13-бандига кўра, бозорлар ҳудудида объектларни жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасидан ташқари қўшимча савдо ўринларини ташкил этиш тақиқланади.


Мурожаатчига кўра, «Бухоро марказий бозори» ўзи яқин йилларда янгидан барпо этилган, энди эса унинг схемаси қоидаларга зид ўлароқ тадбиркорнинг манфаатларига дахл қиладиган тарзда ўзгартирилмоқда. Шунингдек, ШНҚ 2.07.01-03* қоидаларига мувофиқ, савдо дўкони қурилиши учун ажратиладиган тавсия этилган ер майдони бошқа объектлардан белгиланган ёнғинга қарши оралиқ масофа сақланган ҳолда жойлаштирилиши кераклигини рўкач қилишмоқда. Аммо аввалдан бу бозорда дўконларнинг барчаси бир-бирига жипс ҳолда қурилган. Жумладан, Ғаниевага тегишли дўконнинг чап тарафидаги дўкон ҳам, ундан олдингилари ҳам жипслаштирилиб қурилган.
Л.Ғаниева янгидан барпо этилаётган дўконлар ва ўз дўкони орасида ҳеч бўлмаганда камида 2 метр масофа қолдирилишини талаб қилмоқда ва тегишли идораларга, жумладан, Kun.uz’га ҳам мурожаат қилган.


Биз мазкур масала юзасидан «Бухоро марказий бозори» МЧЖ директори Бобур Собиров ва Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камоловдан изоҳ сўрадик.
К.Камолов ва Б.Собировнинг тушунтиришича, бозорга ёндош ҳудуд ҳомийлар ҳисобидан яқиндагина ободонлаштирилиб, текислаб, асфальтланиб, янгидан улкан автомобиллар турар жойи барпо этилган.

Эски дарвоза олдида аввал ҳеч қандай ҳужжатсиз, енгил конструкциядан муваққат дўконлар ҳам барпо этилган бўлган. Улар буздирилган. Эски дарвозадан кирилса — бозор ҳудудидаги иншоотга дуч келиш мумкин эди. Шунинг учун бозорга кирувчи дарвоза янги лойиҳа бўйича, ёнғин хавфининг олдини олиш ва бошқа мақсадларда транспортлар кириб-чиқиши учун қулай кўринишга келтирилди ва умумий йўлакнинг тўғрисига кўчирилмоқда. Янги дарвоза олдидан эса тадбиркорларга қўшимча учта савдо дўкони қуриш учун рухсат берилган. Бунинг учун барча ҳужжатлар тайёрланган.

Л.Ғаниевага тегишли дўконнинг жойлашувига путур етаётгани, унинг дераза ва эшиклари беркилиб қолаётгани ҳақидаги саволимизга, шаҳар ҳокими ушбу дўконнинг автотураргоҳга қараган орқа қисмидан ҳам эшик очишга рухсат берилишини айтиб ўтди.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
11:06 / 21.07.2024
Бухорода икки корхона 585 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланди
10:30 / 01.07.2024
Бухорода кўп қаватли уй қуриш билан шуғулланган МЧЖ раҳбари қамоққа олинди
15:42 / 29.06.2024
“Электросет” огоҳлантирмасдан светни ўчирса, жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда — бизнес омбудсман
08:08 / 10.06.2024