Жаҳон | 22:50 / 27.02.2019
66519
8 дақиқада ўқилади

Покистон ва Ҳиндистон ўртасида ҳаво уруши. Кашмирда нималар бўлмоқда?

Фото: Reuters

27 февраль куни Покистон ҳарбийлари Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларининг иккита қирувчи самолёти уриб туширилганини маълум қилди. Покистон Қуролли кучлари вакили Асир Ғофурнинг сўзларига кўра, ҳинд самолётлари мамлакат ҳаво кенглигига киргач ҳужумга учраган.

Бунгача Покистон бош вазири Имрон Хон покистонлик ҳарбийлар Кашмирдаги ҳиндлар назоратида бўлган Бадгам округидаги объектларга 6 марта зарба берганини тасдиқлаганди.

Покистонлик ҳарбийлар МиГ-21 қулаган жойда
Фото: AFP

Асир Ғофурнинг айтишича, самолётлардан бири Кашмирнинг Ҳиндистон қисмига қулаган, иккинчиси эса Покистон тарафга. Учувчилар катапульта қилишга улгурган ва улардан бири ерга тушиши билан Покистон полицияси томонидан қўлга олинган.

Учувчининг асир олиниши
Фото: Defence blog

Брифинг вақтида у исбот сифатида ҳинд учувчиларидан олинган ҳужжатлар ва қуролларни тақдим этди. Айнан қандай русумдаги самолётлар уриб туширилганига аниқлик киритилмади. Кейинроқ Асир Ғофур икки учувчи қўлга олингани, бири шифохонага ётқизилгани, иккинчиси қамоқдалигини маълум қилди.

Ўзини ҳинд учувчиси деб атаган Абдинандан
PAKISTAN INFORMATION MINISTRY

Покистон Ахборот вазирлиги аввалига кўзи боғланган, юзи қонталаш бўлган одам ўз фамилияси ва лавозимини айтгани, у Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари бўлими қўмондони Абдинандан экани маълум қилинди. Кейинроқ бу видео ўчириб юборилди.

Ҳиндистоннинг жавоби

Ҳиндистонлик ҳарбийлар Жамму ва Кашмирда Покистон самолёти уриб туширилган жойда
Фото: epa/vostock-photo

Кейинроқ расмий Деҳли бир ҳарбий самолёт йўқотилганини тасдиқлади. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Кашмирда МиГ-21 русумли қирувчи самолёт уриб туширилган. Хабарда қайд этилишича, бу самолёт Покистон томони ҳужумини қайтариш чоғида ҳалокатга учраган.

«Афсуски, тўқнашув вақтида биз МиГ-21 самолёти ва учувчини йўқотдик», дейилган хабарда.

Кўп ўтмасдан Ҳиндистон Ҳарбий-ҳаво кучлари Покистоннинг ўз ҳудудига кирган F-16 русумли қирувчи самолёти уриб туширилганини маълум қилди. ANI агентлигининг твиттерида ёзилишича, самолёт икки мамлакат чегарасидан 3 км масофада, Жамму ва Кашмир штати ҳудудида уриб туширилган. Қайд этилишича, учувчи катапульта қилишга улгурган, аммо унинг тақдири номаълумлигича қолган.

Покистон томони ўз ҳарбий самолётлари Кашмир ҳудудидаги объектларга ҳужум қилганини тасдиқлади, лекин бу амалиёт давомида қурбонлар бўлишидан қочиш мақсадида ҳаракат қилингани, бу ҳужумдан мақсад, «мудофаа қобилиятини кўрсатиб қўйиш бўлгани»ни таъкидлади.

Мамлакатлар ҳаво кенгликларини ёпди

МиГ-21
Фото: Jagadeesh Nv / EPA

Бу воқеалардан кейин Покистон ўз ҳаво ҳудудини ёпди, мамлакатдаги энг катта аэропортлар ҳам ёпилди ва бу мамлакат осмонидан ўтувчи рейслар бекор қилинди. Ўз навбатида, Ҳиндистон ҳам мамлакат шимолидаги аэропортларни ёпишга киришди. Икки мамлакат ҳам рейслар учун муқобил вариантларни ўрганиб чиқмоқда.

Тинчликка даъват

Покистон бош вазири Имрон Хон
Фото: Athit Perawongmetha / Reuters

Покистон бош вазири Имрон Хон томонларни музокаралар столига чорлади. У маҳаллий телевидение орқали чиқиш қилиб, вазиятни муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди.

«Тарих гувоҳ, барча урушлар сиёсатчилар ўйлаганидан узоқроқ вақт давом этган. Мен Ҳиндистондан сўрайман: бизда ва сизда бор қуролларни ҳисобга олган ҳолда, шундай хатога йўл қўямизми? Биз музокаралар столига ўтиришимиз керак», дея таъкидлаган Покистон бош вазири.

Имрон Хон шу кетишда вазият издан чиқишидан огоҳлантирган.

«Агар бунга йўл қўйсак, мен ҳам, у (Нарендра Моди) ҳам вазият устидан назоратни қўлдан чиқарамиз. Бизнинг мақсадимиз улар бизнинг ҳудудга бостириб киргани каби биз ҳам уларнинг ҳудудига бостириб киришимиз мумкинлигини кўрсатиб қўйиш эди», дея қўшимча қилган у.

Покистон Ҳиндистонга эскалация келиб чиқишига сабаб бўлган Пулвам шаҳридаги теракт бўйича текширувларда ўз ёрдамини таклиф қилди.

Кашмирдаги теракт

GETTY IMAGES

14 февраль куни Кашмирда Ҳиндистон армияси колоннаси яқинида Покистонда ҳаракатланувчи «Жайиши Муҳаммад» гуруҳи томонидан содир этилган портлаш оқибатида 46 нафар ҳиндистонлик ҳарбий ҳалок бўлганди.

Ҳиндистон ҳукумати бу ҳужумдан кейин Покистон ушбу терактга алоқадорлиги ҳақида далилларга эгалигини маълум қилди. Покистон ТИВ буни рад этди, 16 февраль куни Покистон Ҳиндистондаги элчисини маслаҳатлашув учун чақириб олди. Кўп ўтмай, Ҳиндистоннинг Покистондаги элчиси ҳам Деҳлига чақирилди.

«Жайиши Муҳаммад» ташкилотининг бош мақсади Кашмирни Ҳиндистондан ажратиб олиш ҳисобланади. Бу ташкилот Ҳиндистон ва Покистондан ташқари, АҚШ ҳамда Ғарбнинг кўплаб давлатлари, шунингдек, БМТ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.

26 февраль куни эрталаб Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари 12та «Мираж» 2000 (Dassault Mirage 2000) русумли ҳарбий қирувчи самолётлари орқали Кашмирнинг Покистон қисмидаги «Жайиши Муҳаммад» гуруҳининг йирик машғулот лагерига зарбалар берди. Самолётлар машғулот лагерига ҳар бири бир тонна келадиган бир нечта бомба ташлаган. Ҳаво ҳужуми оқибатида кўплаб жангарилар, уларга тегишли транспорт, қурол ва ўқ-дори йўқ қилинган. Ҳиндистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари Вижай Гокхале бу зарба зарур бўлгани, чунки гуруҳ Ҳиндистоннинг турли ҳудудларига худкушлар иштирокида ҳужумлар тайёрлаётганини, Покистон ўз ҳудудида террорчилар инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган ҳеч қандай амалий чоралар кўрмаганини айтган.

Бу воқеадан кейин Покистон президенти Ариф Алви Ҳиндистон чегарадаги вазият бўйича «пашшадан фил ясаётгани» ҳақида гапириб, ҳиндистонлик ҳарбийларнинг ҳаракатлари уруш келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазири Шушма Свараж «Ҳиндистон масъулият ва вазминлик билан» ҳаракат қилишини маълум қилди. Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳозирча вазият юзасидан расмий муносабат билдирмади.

1971 йилдан буён илк марта

Жамму ва Кашмир штати Покистон билан чегарадош бўлиб, Ҳиндистоннинг энг нотинч ҳудуди саналади: чегара орқали жангарилар бир неча марта бостириб кириб, терактлар содир этишган.

26 февраль куни ҳинд самолётлари кейинги 40 йил ичида илк марта Кашмирнинг Покистондаги қисмига ҳарбий зарбалар берди. Ҳиндистонлик ҳарбийлар чегаранинг у қисмига охирги марта 1971 йилда, Ҳиндистон-Покистон уруши вақтида ўтишганди.

2017 йилда ҳам Кашмирда таранглик юзага келганди. Ўшанда айирмачилар федерал парламентнинг қуйи палатаси учун ўтказилган сайловларни бойкот қилишган, бунинг ортидан тартибсизликлар бошланиб кетганди. Полиция ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувларда 8 киши ҳалок бўлиб, юзлаб кишилар қўлга олинганди. Сайловлар барбод бўлганди: 70дан ортиқ сайлов участкалари ҳужумлар туфайли муддатидан аввал ёпилган, овоз бериш жараёнида сайловчиларнинг атиги 7 фоизи иштирок этганди. Полиция намойишчиларни тарқатиб юборишга уринган, улар эса тартиб посбонларини тошбўрон қилишганди. Натижада, полиция кўздан ёш сиздирувчи газ қўллаган, айрим ҳолатларда ўт очилганди.

Кашмир можароси 1947 йилдан буён давом этиб келади, ўшанда Британия Ҳиндистони икки қисмга бўлинган, мусулмон динига эътиқод қилувчилар алоҳида давлат - Покистонни ташкил этишганди. Ўшанда чегаралар шошилинч ўтказилган, мусулмонлар Покистон ҳудудига, ҳиндулар ва сикҳлар Ҳиндистон ҳудудига тартибсиз кўчирилган, бу жараён қонли хунрезликлар билан бирга кечган, юз минглаб кишилар ҳалок бўлишган, 12 миллиондан ортиқ киши бошпанасиз қолганди. Мамлакат иккига бўлингач, мусулмонларнинг учдан икки қисми Покистонга ўтгани, учдан бир қисми Ҳиндистонда қолгани маълум бўлди. Мусулмонлар яшовчи Кашмир ўлкаси мустақиллик талаб қила бошлади - тан олинмаган Кашмир ўзини Покистоннинг бир қисми санайди.

Мавзуга оид