Спорт | 12:40 / 28.02.2019
23806
8 дақиқада ўқилади

Бешафқат класико: «Барса» иккинчи рақамда ўйнаб «Реал»ни совриндан маҳрум қилди

Фото: David Ramos/Getty Images

28 февралга ўтар кечаси Мадридда Испания Кубоги ярим финали доирасидаги жавоб учрашуви бўлиб ўтди.

«Реал» – «Барселона» – 0:3 (0:0)
Голлар: Суарес, 50 (0:1). Варан, 69 – автогол (0:2). Суарес, 73 – пенальтидан (0:3).
«Реал»: Навас, Карвахаль, Варан, Серхио Рамос, Регилон, Кроос, Каземиро (Вальверде, 75), Модрич, Васкес (Бэйл, 68), Бензема, Винисиус Жуниор (Асенсио, 81).
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Жорди Альба, Сержи Роберто, Бускетс (Артур, 86), Ракитич, Месси, Суарес (Видаль, 78), Дембеле (Коутинью, 75).
Огоҳлантиришлар: Васкес, 58. Бускетс, 65. Каземиро, 72. Семеду, 81.
Ҳакам: Санчес Мартинес.
27 февраль. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.
Биринчи ўйин – 1:1.

Испания Кубогининг яримфиналидаги жавоб учрашувига бу икки жамоа икки хил кайфиятда етиб келганди. Февраль ойини муваффақиятли ўтказган «Барселона» Мадридга сафар арафасида «Севилья»га қарши ёрқин ўйин ўтказди, Месси юбилей 50-ҳет-тригини нишонлади ҳамда Суарес голсиз сериясини ниҳоялашига ёрдам берди. «Реал» эса аввалига ЕЧЛ нимчорак финалида «Аякс»ни баҳсли вазиятлардаги голлар билан мағлуб этди, кейин ички чемпионатда аутсайдер «Жирона»га ўз майдонида ютқазди, «Леванте»га қарши сафар ўйинида пенальтидан урилган голлар эвазига қийинчилик билан ғалаба қозонди. Видеотакрорлар билан боғлиқ можаролар клубни босим остида қолдирганди.

«Реал» охирги 4 мавсумда бирор марта ҳам турнирнинг яримфиналига етиб келмаган, ўтган мавсумларда фақат «Барселона» кубокни ўзиники қилганди. Биринчи ўйиндаги 1:1 ҳисоби туфайли мадридликлар келажакка умид билан қарашаётганди. Статистика ҳам яхшиликдан мужда қилаётганди: «Қироллик клуби» ўз тарихида «Барселона»га қарши сафардаги дуранг натижалардан кейин 38 ҳолатдан 34тасида кейинги босқичга чиқа олган.

Бу ўйин Месси учун фаолиятидаги 40-класико эди, у энди Санчис, Хенто, Хави ва Серхио Рамос кампаниясида.

Аргентиналик футболчи бу ўйиндан кейин қаторасига олтинчи марта (рекорд) Испания Кубоги финалига йўл олди. Жавоб учрашуви якунланишига 10 дақиқа қолганида маҳаллий мухлислар трибуналарни тарк этаётган, бу вақтда Гарет Бэйл чап оёғида тўпни осмону фалакка йўналтириб, ўйинга мантиқий манзара бахш этаётганди. 

Ҳолбуки ўйин интригаси биринчи бўлимда тер Штеген дарвозаси яқинида ўлиши, қарама-қаршилик тақдири ҳал бўлиши мумкин эди. 

Аммо класиколарнинг «охирги романтиги» бўлиб қолаётган Винисиус Жуниор ўз имкониятларидан фойдалана олмади. Шундай бўлсада, бу жанубий америкалик талантнинг ўйин давомидаги ҳаракатлари мухлисларнинг олқишига сазовор бўлди. Биринчи бўлимдаги барча эътиборли лаҳзалар Винисиус иштирокида кечди. Аввалига у рақиб жарима майдонида Самеду томонидан йиқитилди, ҳакам бу вазиятни эътиборсиз қолдирди. Бразилиялик футболчи бўлим давомида каталонияликлар мудофаасини босим остида ушлаб турди, аммо унинг 5та зарбасидан бирортаси дарвозага кирмади, улардан энг хавфлиси Регилоннинг пасидан кейин дарвозабон ҳудудида туриб тўпни дарвоза тўрига кирита олмагани бўлди. Бўлим охирида у Бенземани қулай вазиятга чиқарди, аммо француз ҳужумчиси германиялик дарвозабонга дуэлда ютқазди, тер Штеген олдинги вазиятлардаги каби ўзини кўрсатди.

Биринчи бўлимда мадридлик футболчиларга аниқлик етишмади, каталонияликлар эса деярли ҳужум қилишмади ва Навас дарвозаси томон бирорта аниқ зарба беришмади - зарбалар бўйича статистика Мадрид фойдасига: 6(2) - 1(0). Ўйин ҳаками ҳам қатор фолларга қарамасдан, чўнтагидан карточка чиқармади.

Иккинчи бўлим бошланиши биланоқ каталонлар куч тежаб ўйнаш қандай бўлишини кўрсатиб қўйишди. Ўйинда иккита ҳал қилувчи вазият бўлди: Рамоснинг хатоси ва тер Штегеннинг қаҳрамонлиги. Аввалига Альба Карвахални доғда қолдириб, тезкор Дембелени олдинга ташлади, француз футболчисининг жарима майдонига ташлаб берган тўпига биринчи бўлиб Суарес етиб келди. Бу вазиятда мадридликлар сардори Серхио Рамос ўта суст ҳаракат қилди ва уругвайлик ҳужумчини қўриқламади, тўп йўлига оёқ ташлаганида кеч бўлганди, Суарес ўзининг 13-класикосида 10-голини урди.

Ўтказиб юборилган голдан кейин мезбонлар тўлиқ куч билан олдинга боришди, аммо тер Штеген ҳисоб тенглашишига йўл қўймади. Винисиуснинг пасидан кейин Регилоннинг бош билан дарвоза бурчаги томон йўллаган қайтариб бўлмас зарбасини қайтарган дарвозабон ўйиндаги мувозанатни ўзгартирди. Агар бу вазиятда ҳисоб тенглашганида, ўйин буткул бошқача сценарийда давом этган бўларди. Кейинги вазиятда меҳмонларда ҳакамга эътироз учун асос бўлди, Ракитич рақиб жарима майдони томон интилганида йиқитилди, аммо ҳакам фолни қайд этмади.

Ундан кейинги вазиятда эса Винисиус ўз финтлари билан Пике ва Самедунинг бошини айлантириб, зарба бериш нуқтасига чиқди, аммо бу сафар ҳам мақсадига эриша олмади. У ўз техникаси билан ватандоши Неймарни эслатиб юбормоқда, аммо у гол уришни ҳам ўрганиши керак. Шундагина у жаҳон даражасидаги юлдузга айлана олади.

У бу борада Луис Суаресдан ўрнак олса бўлади. Уругвайлик ҳужумчи бу ўйинда ҳет-трик муаллифи бўлиши мумкин эди. Аммо унга Рафаэль Варан тўсқинлик қилди, 69-дақиқада у дарвозабон ҳудудида Дембеле томонидан Суаресга узатилган тўпни қайтараман деб ўз жамоаси дарвозасини ишғол қилиб қўйди.

Энди кейинги 20 дақиқа ичида мезбонлар 3та гол уриши талаб этиларди. Шу мақсадда олдинга ташланган жамоа қарши ҳужумни ўтказиб юборди, Каземиро жарима майдонида Суаресни қўполлик билан тўхтатишга мажбур бўлди ва ҳакам пенальти белгилади. Суарес зарбани кейинги вақтларда Рамоснинг услубига айланиб бораётган паненка услубида ижро этди - 3:0.

Бу ўйинда каталонияликларнинг асосий футболчиси Месси ўзига ўхшамади, у ҳеч бир вазиятда ўзини кўрсата олмади, балки энди унга класиколар Роналдусиз қизиқ ҳам эмасдир. Лекин унинг пассивлиги «қаймоқранглилар»га ёрдам бермади. Уларнинг кейинги 5 йил ичида илк марта Испания Кубоги финалига чиқиш учун умиди кўк-анорранглилар томонидан «кўмилди». 

Футболда адолат йўқ, бу ўйин бир томон устунлигида ўтиб, иккинчи томоннинг йирик ғалабаси билан якунланди.

«Реал» 23 йил ичида биринчи марта бир мавсумда 5 марта йирик ҳисобда мағлуб бўлди: «Севилья» (0:3), «Барселона» (1:5),  «Эйбар» (0:3), «ЦСКА» (0:3), «Барселона» (0:3). 

Бу тўқнашув икки принципиал рақибнинг расмий мусобақалар доирасида кечган 241-ўйини бўлди. Кечаги натижадан сўнг жамоаларнинг Эл-класикодаги ғалабалари сони тенглашди – эндиликда «Барса» ҳисобида ҳам «Реал»даги каби 95та ғалабали класико ўйини бор. Қолган 51та ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати бўйича устунлик ҳамон «Реал» тарафида қолмоқда – 403:398

Сантьяго Соларини энди фақат Чемпионлар лигаси қутқариши мумкин - мадридликлар бошқа турнирларда соврин ютиш имкониятини йўққа чиқаришди. «Барселона» эса мавсумдаги голлари сонини 100тага етказган ҳолда совринлар учун курашни давом эттиради.

Мавзуга оид