Ўзбекистон | 16:27 / 28.02.2019
11230
2 дақиқада ўқилади

«Математикадан ўзлаштириш Тошкент шаҳрида атиги 13 фоизни ташкил этади». Бош вазир ўринбосарига сўровнома юборилади

28 февраль куни ўз иш фаолиятини бошлаган Сенат ялпи мажлиси йиғилишида раис Ниғматилла Йўлдошев мактаб дарсликларини тайёрланишини танқид қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Шунингдек, Сенат раиси мактаб ўқувчиларининг давлат тили, она тилини яхши билмаслигини таъкидлади. Масалан, 8-синф ўқувчиларининг она тилидан ўзлаштириш даражаси мамлакат бўйича 72 фоиз, 9-синф ўқувчиларининг математикадан ўзлаштириши эса 54 фоизни ташкил этиши маълум қилинди.

«Айниқса, она тилидан ўзлаштириш Тошкент шаҳрида 58 фоизни, Наманган вилоятида 32 фоизни, математикадан ўзлаштириш Қорақалпоғистонда 26 фоиз, Наманган вилоятида 23 фоиз, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 13 фоизни ташкил этгани ташвишли ҳолдир», - дея таъкидлаган раис.

Парламент таълим сифати, пировардида бутун миллат келажагига дахлдор бўлган мазкур масалалар ва муаммолар кўлами ғоят кенглиги, улар юзасидан масъул вазирлик ва идоралар,олим ва амалиётчилар, экспертлар, қолаверса, кенг жамоатчилик муносабати муҳим эканлигини инобатга олиб, умумтаълим мактаблари дарсликларини тайёрлашнинг бугунги ҳолати юзасидан бир қатор саволлар баён этилган парламент сўровини Бош вазир ўринбосарига йўллашни лозим топди.

Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Сенатда айрим мактаб дарсликлари марҳум шахслар муаллифлигида чоп этилаётгани, бошқа тилда таълим бериладиган мактабларда давлат тилига кам эътибор қилиниши ҳақида мулоҳазалар билдирилганди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид