Жаҳон | 14:40 / 28.02.2019
6636
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Покистон Ҳиндистонга поезд қатновини вақтинча тўхтатди

Фото: IANS

Покистон ҳукумати Ҳиндистонга ҳафтада икки бор қатнайдиган Samjhota Express поезди ҳаракатини номаълум муддатга тўхтатди. Бу ҳақда Покистон ТИВга таяниб Doon газетаси хабар берди.

Покистон ташқи сиёсат маҳкамасининг баёнотида айтилишича, "Душанба ва пайшанба кунлари Лоҳур (Покистон) ва Аттари (Ҳиндистон) шаҳарлари ўртасида қатновчи поезд ҳаракати хавфсизлик билан боғлиқ вазият барқарорлашиши билан қайта йўлга қўйилади". 

Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги вазият кескинлигича қолмоқда. The Times of India нашрининг хабар беришича, Ҳиндистон Жамму ва Кашмир штатидаги ҳарбий гарнизонларига ёнилғи тўлдирилган 500та автоцистерна жўнатган. Ёнилғи ҳарбий техника ва самолётлар учун мўлжалланган.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар 14 февралда худкуш Ҳиндистоннинг Жамму ва Кашмир штатида полиция колоннаси олдида ўзини портлатгандан кейин кескинлашди. Ҳужум учун жавобгарликни “Жайиши Муҳаммад” гуруҳи ўз зиммасига олган. 

Теракт оқибатида 45 киши ҳалок бўлган. Шундан кейин Ҳиндистон Покистонни террорчилик тузилмаларини қўллаб-қувватлашда айблаган. Исломобод бу айбловларни “асоссиз” деб рад этган ва Нью-Деҳлига терактни биргаликда тергов қилишни таклиф қилган.   

Мавзуга оид