Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қарши туманида иш бошлаш душвор: аукционда ер ютиб олган тадбиркорнинг бошидаги кўргуликлар
Қарши туманида яшовчи Ирода Ботирова Kun.uz таҳририятига мурожаат қилиб, икки йилдан буён тадбиркорлик фаолиятини бошлашда тўсқинликка учраётганини, ҳеч ким уларга ёрдам қўлини чўзмаётганини билдирди.
Аслида ҳаммаси жуда оддий: 2015 йил 7 октябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (2018 йил 3 июлдан ўз кучини йўқотган — кимошди савдолари МИБ қошидаги онлайн-аукционга топширилган) эълон қилинганди. Ана шу қарор асосида 2016 йил 26 декабрда Қарши туманидаги бир қатор объектлар қаторида «Чаман» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган, ўлчами 30×70 метр бўлган 2100 квадрат метр ер майдони танловга қўйилади. Табиийки, танлов барча тадбиркорлар учун очиқ. Кимнинг таклифи яхшироқ бўлса — ўша ғолиб.

Хўш, кимнинг таклифи яхшироқ?
Ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи учун минимал талаблар эълон қилинади, яъни унинг бошланғич нархи — 1.756.500 сўм, қурилиш муддати 3 йил, яратилиши лозим бўлган энг кам ишчи ўрни 5та, киритилиши лозим бўлган инвестиция миқдори 100 миллион сўм.
Танловда уч киши иштирок этади. Улардан бири — Ирода Ботирова, у 15 иш ўрни яратиш учун 600 миллион сўм инвестиция киритиш таклифини беради. Танловга қўйилган ер майдони учун таклиф эса 15 миллион сўм.
Яна бир иштирокчи — Қодиров Сардор Ўктамович (бу номни эслаб қолинг!) 5та иш ўрни яратиш, инвестиция киритиш учун 100 миллион сўм, ер учун 1,8 миллион сўм таклиф киритиб, 31 балл олган бўлса, учинчи иштирокчи — Бобоқулова Нилуфар Ўктамовна 15та иш ўрни яратиш, инвестиция учун 250 миллион сўм, ер учун эса 2,42 миллион сўм таклиф бериб, 53 балл олади.

Хуллас, катта фарқ билан Ирода Ботирова танлов ғолиби деб топилади. Худди шу танлов ва унинг натижаси Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари, ҳудудий танлов комиссияси раиси Т.Рўзиев иштирокида 2017 йил 24 январда ўтказилган йиғилишда тасдиқланиб, тегишли баённома расмийлаштирилган. Туман ҳокимлиги ва ғолиб тадбиркор ўртасида шартнома имзоланиб, унга кўра, Ирода Ботирова 15 миллион сўм маблағ тўлаган. Энди Вазирлар Маҳкамасининг юқоридаги қарорига кўра, беш кун ичида Ирода Ботирова тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаб тақдим этганидан сўнг «Сотувчи», яъни туман ҳокимлигидан қабул қилиб олиши керак... эди!

— Ҳужжатларни тўплаб тақдим этдик, лекин у туман ҳокимлигида атайлаб, қасддан йўқ қилинди, — дейди ёш тадбиркорнинг вакили Бозиргон Баҳронов. — Шунчалик гўл бўлганмизки, ҳаммаси силлиқ кетишига ишонганмизки, ҳаттоки ундан нусха ҳам олиб қолмасдан ҳокимликка тақдим этганмиз. Нақ икки йил туман ҳокими ўринбосари И.Мадатов, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Ж.Рустамов ва ўша вақтдаги туман бош архитектори Ф.Умаров ўртасида коптокдек югураман. Аммо тегишли ҳужжатларни ололмаймиз.
Ерда қурилиш ишларини олиб бориш учун тегишли чизма ва ҳужжатларга туман ҳокимининг ўша вақтдаги ўринбосари, айни пайтда Қарши туман «Маҳалла» жамғармаси раиси И.Мадатов имзо чекмайди. Б.Баҳронов томонидан тақдим этилган ҳужжатлар атайлаб И.Мадатов томонидан йўқ қилинади. Энди эса туман ер ресурслари ва кадастр идорасидаги масъуллар ҳам шу пайтгача бу ишни «емаган» баҳона билан атайлаб, қасддан пайсалга солиб келишмоқда.
Тадбиркор бу орада туман ва вилоятдаги тегишли деярли барча ташкилотларга, Президент виртуал қабулхонасигача бирин-кетин мурожаат йўллайди. Мурожаатларга келган жавоб эса...
«Танловга қўйилган ер аслида деҳқон хўжалигига тегишли экан!»
Туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими тегишли ташкилотларга, жумладан, Президент виртуал қабулхонасига ҳам айнан ана шу важни кўрсатади. Мазкур бўлим томонидан тайёрланган маълумотномада жумладан шундай дейилади: «Ўрганиш натижасида, фуқаро Ботирова Ирода танловда олган 0,21 гектар ер майдони Қарши тумани ҳокимининг 2009 йил 6 ноябрдаги Х-568/11-сонли қарорига асосан фуқаро Сардор Қодировга деҳқон хўжалиги ташкил этиш мақсадида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун ажратиб бериш тўғрисидаги Х-538/11-сонли қарори бекор қилинмасдан туман архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан танловга қўйилган».

Ана шу мазмундаги жавоб билан мазкур бўлим барча мурожаатларга жавоб бериб келган. Юқорида кўрганингиздек, туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг жавоб хатларида деҳқон хўжалигига тегишли деб ҳисобланган ер «туман архитектура ва қурилиш бошқармаси томонидан танловга қўйилган», деб кўрсатилган бўлса, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси Президент виртуал қабулхонасига бу ер туман ҳокимлиги «айби» билан танловга қўйилганини маълум қилади.

Фақат битта савол очиқ қолаверади: аслида танловга қўйиладиган ер бўйича хулоса ер ресурслари ва давлат кадастри томонидан ҳам, архитектура ва қурилиш бўлими томонидан ҳам ўрганилади ва хулоса берилади. Бундан ташқари, яна ўндан зиёд ташкилотларнинг хулосаси олинади. Қоидага кўра, танловга қўйиладиган ерлар нафақат туман, балки вилоят идоралари томонидан ўрганилади. Шундай бўлгани ҳолда, бу ер қандай қилиб, ноқонуний ёки тушунмовчилик тарзида танловга кириб қолган? Ўзи бу ростдан ҳам деҳқон хўжалиги ерими?
Ким кимни алдаяпти?
Томонлар бир-бирига айбни юклагани ўз йўлига. Ўрганиш жараёнида ижодий жамоамиз тамоман бошқача ҳолатга дуч келди. Интернет тармоғи орқали ушбу низоли ер харитасининг беш йиллик ҳолати ўрганиб чиқилганда «2009 йилдан буён деҳқон хўжалиги бўлган» ушбу ер ўрни яқин-яқингача сув ҳавзаси — зовур бўлгани аниқланди. Аниқроғи, бу ерда деҳқон хўжалиги очишнинг ҳам, бу турдаги фаолият юритишнинг ҳам мутлақо иложи йўқ.
Google Maps хариталарида мазкур ҳудуднинг аввалги йилларда туширилган суратларига эътибор берилса, бу жой азалдан зовур ўрни бўлганини кўриш мумкин. Ҳатто 2015 йил 17 ноябрдаги фотосъёмкада ҳам сотилган ер зовур ўрни бўлгани аниқ кўриниб турибди.



Худди шу фактни Аму-Қашқадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси маълумоти ҳам тасдиқлаб турибди:
«... Фуқаро Ботирова Ирода Элбек қизи томонидан қилинган мурожаатда кўрсатилган, Қарши туман «Чаман» МФЙ Мустақиллик қишлоғи ҳудудидаги 84-контуридаги ер майдони 2017 йилга қадар коллектор ўзани 7 метр бўлиб, унинг муҳофаза майдони 23 метрни ташкил қилиб коллектор ўзани ҳисобланган. 2017 йилда туман захира ер фондига қайтарилган».

— Аслида бир пайтлар деҳқон хўжалиги бўлган ер 84-контурда эмас, 86-қисм контурда жойлашган, — дейди Б.Баҳронов. — Деҳқон хўжалиги учун ҳокимлик қарори ҳам ўша контур учун чиққан. Бошқа ҳудудга тегишли қарор билан мутасаддилар барчани алдаб келганини бизга бу ерни бермаслик учун, деб келаман. Акс ҳолда, бунчалик сарсон қилишмасди.

Энди мақола бошида тилга олинган танлов иштирокчиларидан бирига қайтамиз — Сардор Ўктамович Қодиров. Ҳа, худди шундай. Танловга қўйилган ер майдонига даъвогар ҳам, танлов иштирокчиларидан бири ҳам худди шу одам. Эътибор берсангиз, туман ер ресурслари ва давлат кадастри, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармаси жавоб хатларида «танловга қўйилган ер аслида Сардор Қодировга тегишли деҳқон хўжалиги» экани айтилганди. Савол: модомики ер шусиз ҳам С.Қодировга тегишли, боз устига умрбод мерос қилиб қолдириладиган деҳқон хўжалиги тасарруфида бўлган экан, унда нега С.Қодировнинг ўзи тадбиркор сифатида танловда қатнашади ва ерни олиш бўйича таклиф киритади?
Бу мантиқсизликни, афсуски, бирор тегишли ташкилот ҳисобга олмайди. Дарвоқе, танловда С.Қодиров эмас, И.Ботирова ғолиб чиққач, вазият чигаллашавергач С.Қодировнинг синглиси, танловнинг учинчи иштирокчиси Н.Бобоқуловага тумандан ҳеч қандай танловларсиз 9 сотих ер ўлчаб берилган. Лекин улар бунга қониқмаяпти. Уларга 9 сотих ер ҳам керак, биров ҳалол йўл билан қўлга киритган ўша 21 сотих ҳам.
«Шоҳ сохта экан!»
Ҳеч нарсани тушунмаётган тадбиркор юқори органларга мурожаат қилишда давом этади.
— Ўтган йили вилоятимизга Архитектура ва қурилиш вазири келибди, деб эшитгач, бошқармага бориб «Вазирнинг ўзига учрашаман», деб туриб олдим, — деди тадбиркор. — Охири, вилоят архитектура ва қурилиш бошқармасидаги бир хонага бошқарма масъуллари киргизишди: «Мана вазир, айтинг муддаонгизни». Мени қабул қилган одамга бир соат дардимни тўкиб солдим. Тадбиркорлик қиламан, одамларни иш билан таъминлайман деб шунча сарсон бўлганим, соҳа ходимлари мени қанчалик югуртиргани... хуллас ҳеч нарса қолмади. Муаммоим ҳал этиладиган бўлди. Аммо кун кетидан кунлар ўтади-ю натижадан дарак йўқ. Ниҳоят телекўрсатувлардан бирида шу соҳа вазирини кўрсатиб қолишди. Устимдан муздек сув қуйилгандек бўлди. Вазир аслида умуман бошқа одам экан!
Кейинчалик эшитишимча, мени қабул қилган одам унинг ўринбосари бўлган. Нима бўлганда яна бир марта алданганим қаттиқ алам қилди. Тадбиркорлик қиламан, деб катта хатога йўл қўйганимни тушундим.
Бир сафар вилоят ҳокими қабулида ҳам бўлдим. Вилоят раҳбари Зафар Рўзиев туман мутасаддиларига қаттиқ танбеҳ берди. Танловга қўйилган ер қанақасига деҳқон хўжалиги бўлиши, танловга қўйилгунча, қанча ташкилот ўрганиб чиқишини санаб берди, уч кунда ерни ўлчаб, ҳужжатлаштириб беришларини буюрди, аммо натижа бўлмади…
Тадбиркорга ҳолат юзасидан Қарши туман прокуратурасидан келган жавоб хати ҳам муаммога ечим кўрсатмайди: «Сиз ростдан ҳам танлов ғолибисиз» дейилган, холос. Хўп, буни ўзи ҳам билади-ку?!
Туман ҳокими нима дейди?
Қарши туман ҳокими Ғайрат Бегалиев қабулида бўлганимизда мутахассислар ушбу низоли ер аслида деҳқон хўжалигига қарашли бўлмаганини тушунтирди.
— Ростдан ҳам қўлимдаги маълумотларга қараб, бу ер деҳқон хўжалигига тегишли, деб ўйлаган эканман. Шунга қарамасдан, тадбиркорнинг вазиятини тушуниб, барча масъулиятни бўйнимга олиб яқинда қарорга қўл қўйиб бердим. Модомики, ер деҳқон хўжалигига тегишли эмас экан, тез орада тадбиркорга ўлчаб берилади.
Шу ернинг ўзида туман ҳокими бу бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Муаммога ниҳоят ечим топиладиган бўлди. Қабулхонадан ижодий жамоа ҳам тадбиркор ҳам хурсанд ҳолда чиқдик. Мақолага энди нуқта қўйилаётганида тадбиркор яна қўнғироқ қилди:
— Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғининг ёнидан чиқдим. Ҳаммаси бекор кетди! Буларга туман ҳокимининг топшириғи аҳамиятсиз экан, яна ўша эски қўшиқни бошлашди: «ер деҳқон хўжалигиники» деяпти. Афтидан, бу туманда тадбиркорлик қила олмайман...
Энди шу ўринда табиий савол туғилади: аввало, ўша деҳқон хўжалиги қани? Ўша деҳқон хўжалигига ажратилган 86-контурдаги ҳудуд шахсий уй-жойлар учун аллақачон бўлиб берилган. Модомики, аслида кўмилиб кетган зовур ўрни деҳқон хўжалигининг ери экан, нега С.Қодировнинг ўзи ҳам қариндоши Н.Бобоқулова билан бирга ерга эгалик қилиш учун танловда қатнашган?!
Нега Қашқадарёдаги ҳуқуқ тартибот органлари жим?
Энди, туман ҳокими Ғ.Бегалиев чиқарган қарорининг мана бу жиҳатларига эътибор беринг:
3-банд. «Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш» биносига архитектура режалаштириш топшириқномаси ва лойиҳа-смета ҳужжатлари вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг шаҳарсозлик кенгаши тасдиғидан ҳамда вилоят архитектура ва қурилиш назорати инспекциясининг рўйхатидан ўтказилганидан кейин қурилишга рухсат берилсин.
Ушбу ҳужжатларни тайёрламасдан қурилиш ишлари бошланган тақдирда буюртмачига қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши таъкидлансин.
4-бандга кўра, қарор чиққанидан сўнг И.Ботирова 6 ой ичида қурилиш ишларини бошлаши, уч йил мобайнида қурилиш ишларини тугаллаб, фойдаланишга топширмаса ерга бўлган ҳуқуқ бекор қилиниши ҳамда ажратиб берилган ер майдони туман захирасига қайтарилиши тўғрисида огоҳлантирилсин.
И.Ботирова қурилиш ишларини эртагаёқ бошлашга тайёр. Уч йил эмас, бир йилда битиришга ҳам тайёр. Лекин лойиҳани вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармасининг шаҳарсозлик кенгаши тасдиғидан ҳамда вилоят архитектура ва қурилиш назорати инспекциясининг рўйхатидан ўтказиш учун энг аввало туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлими ерни ўлчаб, хатлаштириб, рухсат бериши керак ва буни улар ҳеч қачон бермоқчи эмас. Доира беркилди!
Аукционда ютқазган С.Қодиров тумандаги мутасаддиларнинг такрор ва такрор таъкидларидан сўнг бу ер деҳқон хўжалиги ери бўлганига ўзи ҳам ишониб қолган шекилли, тошлоқ ерни шудгорлаб қўйибди. «Кўряпсизларми, деҳқон хўжалигининг ери бу», деган маънода! Деҳқончилик қиладиган одам ҳеч бўлмаса шунча йилдан бери битта чўп суқиб қўймайдими?!
«Ўша аукционда биз қатори ер участкалари ютиб олган фуқаролар аллақачон у ерда бино қуриб битказиб, фойдаланиб ётишибди. Агар шунчалик бўлишини билганимда асло бу ишга бош қўшмаган ва пул тикмаган бўлар эдик. Айбимиз — ҳукумат қарорида кўрсатиб ўтилган аукционда қатнашиб ҳалол ер участкасига эга бўлганимиз. Аукцион рисоладагидек, жуда ҳалол ўтди, бунга ҳеч қандай эътироз йўқ. Лекин тумандаги айрим мансабдорлар аукционда ҳалол иштирок этган бизга эмас, биз тадбиркорликни йўлга қўйишимизга тўсқинлик қилаётганларга пешвоз чиқиб, ўз хизмат вазифасига панжа орасидан қарашмоқда», — дейди Б.Баҳронов.
Энг қизиғи, И.Ботирова ерни харид қилиш учун кимошди савдосига тўлаган пулини энди ҳеч қачон ортга қайтариб ололмайди. У ҳукумат қарорига биноан, тоза ўтказилган, лекин ўзи ҳам қатнашиб ютқазган инсоннинг хоҳиши-ю инжиқлиги учун кимдир ишонч билан тўлаган пулига куйиб қолаверадими?
Қашқадарёдаги мутасаддилар қаёққа қарашяпти? И.Ботированинг айби нимада?! Бу саволларга Kun.uz албатта жавоб кутади.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбирлари.
Мавзуга оид
13:48 / 18.04.2025
Ҳудудларда ер сотиш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди
13:05 / 14.04.2025
Ural Airlines'нинг Қарши - Москва рейси техник сабабларга кўра бекор қилинди
18:13 / 31.03.2025
Қарши шаҳрида ўзбек-немис қўшма мактаби ташкил этилади
16:12 / 31.03.2025