«Шошилинч тарзда комиссия тузилди». Автобусдаги зиддиятли вазиятга расмий изоҳ берилди
Kun.uz'да автобус ҳайдовчиси ва кондуктор йўл ҳақи тўламаган пенсионер аёлни автобусдан ҳайдаб чиқаргани ҳақида хабар эълон қилинганди.
Маълум қилинишича, ушбу вазият юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раҳбарияти томонидан шошилинч тарзда комиссия тузилиб, йўналишга чиқиб, ҳолат ўрганилди.
«Ҳайдовчи ва чиптачидан бўлиб ўтган воқеа юзасидан тушунтириш хати олинди.
Маълум бўлишича ҳайдовчи Саньян Александр 32 йилдан буён соҳада меҳнат қилади. Унинг кўп йиллик фидокорона меҳнати жамият томонидан муносиб рағбатлантирилган. Яъни «Меҳнат фахрийси», «Моҳир ҳайдовчи», «Фахрий ходим» унвонларига сазовор бўлган.
Чиптачи Жамшид Нуриддинов эса 2017 йилдан буён фаолият юритиб келади.
Аммо бу уларнинг йўловчиларга нисбатан бундай тарзда муомалада бўлиш ҳуқуқини бермайди. Албатта, ҳайдовчи ва чиптачи касб одобига риоя этмагани, муомала маданиятини бузганлиги, йўловчига қўпол муомалада бўлгани учун тўла айбдор», — дейилади «Тошшаҳартрансхизмат» расмий муносабатида.
Kun.uz'га маълум қилинишича, ҳайдовчи ва кондукторга нисбатан, ички тартиб қоидаларидан келиб чиқиб, интизомий жазо белгиланди. Ҳайдовчи ва чиптачига нисбатан хайфсан эълон қилинди. Бу эса корхона томонидан уларга тўланадиган мукофот пуллари ва қўшимча рағбатлантиришларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкин.
«Бироқ 8-автобус саройига қарашли «51-Юнусобод 6-мавзе — Бешёғоч мавзеси» йўналишида қатновчи автобус ҳайдовчиси Саньян Александр, чиптачи Жамшид Нуриддиновларнинг тушунтиришича кекса аёл ўзи айтганидек биринчи марта эмас, балки бир неча марта автобусда бепул юрган.
Аёлнинг иддао қилишича у текинга автобусдан фойдаланиши лозим бўлган. Аммо бунга ҳеч қандай ҳуқуқий асос мавжуд эмас.
Шу боис ҳайдовчи ва чиптачи уни автобусдан тушириб юборган», — дейилади ахборотда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг «Шаҳар йўловчилар транспортидан бепул фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида»ги 1996 йил 30 августдаги қонунига асосан шаҳар йўловчи транспортида (автобусда) бепул юриш (таксидан ташқари) ҳуқуқи фақат қуйидаги тоифадаги фуқароларга берилган:
— 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари жумласидан бўлмиш ҳарбий хизматчилар;
— 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва урушнинг I гуруҳ ногиронига ҳамроҳлик қилувчи шахс;
—1941-1945 йиллардаги уруш даврида фронт ортида фидокорона меҳнати ва бенуқсон ҳарбий хизмати учун орден ва медаллар билан тақдирланган шахслар;
—Афғонистон Республикасида ва бошқа мамлакатларнинг ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда қатнашган собиқ байналмилалчи жангчилар жумласидан бўлмиш фуқаролар;
— ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчилар ва контракт бўйича хизмат қиладиган оддий аскарлар ҳамда сержантлар таркибидаги ҳарбий хизматчилар;
— Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошдан кечирган шахслар;
— кўзи ожиз ногиронлар ва кўзи ожиз ногиронга ҳамроҳлик қилувчи шахс.
Юқорида қайд этилган тоифага кирмайдиган барча йўловчилар йўл ҳақини ўз вақтида тўлашга мажбур.
Шу билан биргаликда, эълон қилинган видеолавҳада аёл учун бошқа йўловчилар хизмат ҳақини тўлашга розилиги акс этган. Ҳайдовчи ва ёрдамчиси шундан кейин ҳам нега пенсионерни автобусдан тушириб қолдиришганига аниқлик киритилмаган.
Мавзуга оид
07:32
Тошкентда жамоат транспорти иши 24 соатлик режимга ўтказилиши мумкин
23:47 / 26.11.2024
Тошкентда юк машинаси билан тўқнашган Isuzu ҳайдовчиси ҳалок бўлди
21:14 / 26.11.2024
Тошкентда ҳаракатланиб кетаётган машиналар устига дарахт шохи қулади
21:02 / 26.11.2024