Ўзбекистон | 18:07 / 02.03.2019
7525
2 дақиқада ўқилади

«Мактаблар марказлашган сув ва иссиқлик таъминотига уланмаган». Сенатор​ Халқ таълими вазирлигини сусткашликда айблади

Қашқадарё вилоятида умумтаълим мактабларининг 20 фоиздан кўпроғи реконструкция ва капитал таъмирга муҳтож. Уларнинг 76 фоизи марказлашган ичимлик суви билан, 40 фоизи марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминланмаган. Бу ҳақда сенатор Толиб Мадумаров маълум қилган. 

Толиб Мадумаров

«Халқ таълими вазирлиги томонидан етарли эътибор ва ташаббус кўрсатилмаётгани оқибатида умумтаълим мактабларида 12 мингта парта, 840 та ўқитувчи столи, 1 700 га яқин китоб жавони етишмайди», — дейди у.

Мадумаровнинг айтишича, ​​вилоятда 164 та физика, 164 та кимё, 184 та биология, 184 та чет тили ва информатика, 324 та меҳнат ўқув-лаборатория жиҳозларига эҳтиёж мавжуд.

​«Бундай ҳолатнинг юзага келишига умумтаълим мактаблари эҳтиёжлари учун жиҳозлар, вазирликда марказлашган тизими сақланиб қолаётгани, таъминотдаги муаммоларнинг узил-кесил бартараф этилмаслиги сабаб бўлмоқда. 

Ваҳоланки, биргина Қашқадарё вилоятининг ўзида марказлашган тарзда етказиб бериладиган жиҳозлардан кўра сифатли ва арзон маҳсулотларни ишлаб чиқариш имконига эга бўлган кўплаб тадбиркорлик субъектлари мавжуд», — дея масалага ойдинлик киритган у.​

Вилоятда болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш ҳолати ҳам қониқарли эмас. 

Маълум қилинишича, 3-7 ёшдаги 275 минг боладан 68,6 минг нафари ёки 25 фоизи (тўртдан бири) мактабгача таълимга қамраб олинган, холос.

Толиб Мадумаров

«Мавжуд 360 та давлат мактабгача таълим муассасасининг 67 фоиздан кўпроғи марказлашган ичимлик суви, 60 фоизга яқини исссиқлик тизимларига уланмаган, 185 та мактабгача таълим муассасаси қўлбола (буржойка) печларда иситилмоқда», — дея таъкидлаган сенатор. 

​Аввалроқ, сенатор Мадумаров вилоятдаги мавжуд ички хўжаликлараро автомобиль йўлларининг 75 фоизи таъмирталаб аҳволдалигини маълум қилганди.​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид