Спорт | 21:40 / 02.03.2019
39805
9 дақиқада ўқилади

Сэр Алекснинг мақтови, Мундиалдаги илк ўйин ва ҳакамликнинг бутун миллат кайфиятига таъсир қилиши ҳақида Равшан Эрматов билан суҳбат

Ўзбек футболидаги энг машҳур инсон, шубҳасиз, Равшан Эрматов. Уни бутун дунёда танишади. Жаҳон Кубокларида энг кўп ўйинни бошқарган ҳамюртимизнинг дунё футболидаги обрўси ҳам баланд. Иккинчи марта Осиё Кубогининг финал баҳси Эрматовга ишониб топширилгани сўзимиз исботи. Равшан Эрматовни Kun.uz студиясига таклиф қилдик ва у билан фаолияти, умуман футбол ҳакамлиги ҳақида суҳбат қурдик.

«Саудия чемпионати кучли»

Меҳмонимиз яқинда Саудия Арабистонида бўлиб қайтди ва у ерда мамлакат чемпионати ўйинларини бошқарди. Эрматовдан Саудия чемпионатининг даражаси ҳақида сўрадик. Унинг айтишича, у ерда чемпионат ўйинлари яхши даражада ўтади:

«Бугун футбол ҳакамлари бошқа чемпионатларда ишлаши одат тусига кирди. Бу яхши анъана деб ўйлайман. Саудия футболида сўнгги йилларда ўсиш кўзга ташланди. Улар охирги Жаҳон Чемпионатида ҳам ўйнашди. Саудия чемпионати кучли, ўйинлари қизиқарли кечади. У ерда кучли легионерлар кўп. Мухлислар ташрифи ҳам ёмон эмас».

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«Олдин «Манчестер Юнайтед»ни фақат телевизорда кўргандик»

Саволларимизнинг биринчи қисмида Равшан Эрматовдан унинг фаолиятидаги эсда қоларли ўйинлар ҳақида сўрадик. 2008 йилги клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати финалини айнан Эрматов бошқаргани ёдингизда. Ўшанда мусобақанинг финалида ҳамюртимиз Неманья Видичга қизил карточка кўрсатганди. Меҳмонимиз ўша ўйин ва ўша вазият ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

«Ҳозир ўша дамдаги ҳиссиётларим эсимга тушиб кетди. Клублар ўртасидаги Жаҳон Чемпионати 2010 йилги Жаҳон Чемпионатига тайёргарликнинг энг муҳим босқичларидан бири эди. Менинг жисмоний, назарий кўрсаткичларим яхши эди, лекин ҳали амалий томондан майдонда ўзимни кўрсатишим керак эди. Шу сабаб сиз эслатган ўйиндан олдин ҳаяжон катта бўлган. Чунки биз «Манчестер Юнайтед»ни олдин фақат телевизорда кўргандик. Бу катта клуб. Ўшанда Роналду ҳам «МЮ»да ўйнарди. Ўз навбатида Эквадор клуби ҳам ўз қитъасининг чемпиони эди. Лекин тўғриси, майдонда қанчалик катта жамоа борлигининг менга фарқи йўқ эди. Ўша куни мен учун қизил ва қора жамоа бор эди холос.

Видич четлатилган вазиятга келсак, ўшанда футболчи тўпни 15 метрча узоққа тепиб юборди. Лекин мен ички ҳиссиёт билан тўпга қарамадим ва кўзимни Видичдан олмадим. Худо буни кўнглимга солди. Видич тирсаги билан рақибни урди ва иккиланмай уни майдондан четлатдим. Футболчининг ўзи ҳам қарорга эътироз билдирмади. Ўйиндан кейин сэр Алекс Фергюсон ҳам Видич ҳақли тарзда четлатилганини айтганди. Футболдаги энг яхши мураббийлардан бири бўлган инсоннинг бундай гаплари одамда ўзига бўлган ишончни оширади. Ўша ўйин яхшигина синов бўлганди. ФИФА бизни, биз ҳам ўзимизни синовдан ўтказгандик. Шукурки, бу синовдан яхши ўтдик ва бизни 2010 йилги Жаҳон Чемпионатига таклиф қилишди».

«Кейинги 8 дақиқа қандай ўтганини билмайман»

Равшан Эрматов ЖЧларида 11 та ўйинда ишлаган ва бу борада рекордчи ҳисобланади.  Ҳакамимизнинг Мундиаллардаги илк ўйини 2010 йилги Жаҳон Чемпионати очилишига тўғри келганди. Эрматовнинг айтишича, ўйиндан олдин босим катта бўлган:

«Бу ўйиндан аввал босим катта эди, чунки одатда Жаҳон Чемпионати очилиш ўйинларини катта ҳакамларга беришади. Бизнинг бригадага очилиш ўйини берилганида футбол жамоатчилигида норозилик кўпайиб кетди. «Европада шунча ҳакам турганда нимага ўзбекистонлик ҳакамга бердинглар», қабилида эътирозлар бўлди.

Мен ёшлигимдан ЖЧни орзу қилганман ва бу орзу яхши хотиралар билан ёдда қолиши энг муҳими эди. Мексиканинг голи бекор қилинган вазиятни эслатдингиз. Биласизми, 22-23 йилдан буён ҳакамлик қилиб келаётган бўлсам, бундай вазиятга фақат бир марта дуч келганман. Ўша ўйиндан олдин ҳам бундай вазият бўлмаган, кейин ҳам бўлмади. Жуда ноодатий ҳолат. Бу вазиятда дарвозабон олдинга чиқиб кетганди ва охирги футболчи бўлиб ҳимоячи қолганди. Рафаэль Илёсов мендан «Дарвозабон қаерда?», деб сўради. Дарвозабон олдинга чиққанини айтдим. Кейин у байроқни кўтарди. Шунда «Ишончинг комилми?», десам, «Менга шундай кўринди», деди (кулади). Мен ўз ёрдамчимга ишондим ва хато қилмадик.

Ҳозиргидек эсимда, бу вазият ўйиннинг 37-дақиқасида содир бўлганди. Биринчи бўлим тугашига 8 дақиқа бор эди ва тўғриси, ўша 8 дақиқа қандай ўтганини билмай қолдим (кулади). Чунки ЖЧ очилиши катта ўйин. Танаффусга чиққанимизда испаниялик раҳбаримиз ҳакамлар хонасига кириб бизни қучоқлаб кетди. Қийин вазиятдан яхши чиқиб кетганимизни айтиб «Perfect» дегани ёдимда. Шукурки, иккинчи бўлим ҳам яхши ўтди ва бу ўйин яхши хотирага айланди».

Фото: Равшан Эрматов

«Ҳакам футбол учун қарор чиқариши керак»

Равшан Эрматов 2013 йил Конфедерациялар Кубогида дебют қилади. Мусобақанинг гуруҳ босқичидан ўрин олган Бразилия ҳамда Италия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни ФИФА ҳакамимизга ишониб топширади. Ўша ўйин жуда мураккаб ўтганди. Айниқса Италиянинг иккинчи голида муаммоли вазият юзага келади. Эрматов Бразилия дарвозаси яқинида қоида бузилишини қайд этиб пенальти белгиламоқчи бўлганида тўп дарвозага бориб тушади. Ҳакамимиз эса голни инобатга олади. Эрматовнинг таъкидлашича, ўша голни инобатга олгани тўғри қарор бўлган:

«Бу ўйин ажойиб футбол муҳитида ўтгани ёдимда. Ўша вазиятда жарима майдончаси ичида 15-16 футболчи бор эди. Қоида бузилди ва мен бироз кутиб, пенальти белгиламоқчи бўлдим. Ҳуштак чалишим билан тўп ҳам дарвозага кириб кетди. Мен жуда тез қарор чиқаришим керак эди. Ҳакам футбол қоидаларининг ҳар бир нуқтасигача эътибор бериб ёки ўйин ҳолатидан келиб чиқиб қарор чиқариши мумкин. Қоида бўйича қарор чиқарсангиз, ҳеч ким сизни айбламайди, лекин мен ўзим ҳам футболчи бўлганман ва футболчи бўлиб қарор чиқаришга ҳаракат қиламан. Мен ўша вазиятда қоғоз учун эмас, футбол учун қарор чиқаришни тўғри деб ҳисобладим.

Баъзи ўйинлар бўладики ҳакам ўйин даражасидан келиб чиқиб қарор чиқариши керак. Чақир «МЮ» футболчисига қизил карточка кўрсатгани ёдингиздами (2012/13 мавсумидаги УЕФА Чемпионлар Лигаси 1/8 финал босқичидан ўрин олган «МЮ» - «Реал» ўйини назарда тутилмоқда. «Олд Траффорд»да ўтган жавоб ўйинининг 56-дақиқасида Жунайт Чақир инглизлар футболчиси Нанига қизил карточка кўрсатган ва бу ўйин натижасига таъсир қилганди)? Ўшанда ҳакам тўғри қарор қабул қилган, лекин ўйин атмосферасидан келиб чиқиб мухлислар бу қарорни қабул қилмади.

Шу сабаб мен ҳам Италия – Бразилия ўйинида голни инобатга олиш керак деб ҳисобладим. Кейинчалик мусобақада қатнашган 8 та жамоа мураббийларининг барчасидан ўша вазият ҳақида фикр сўралганда, улар гол инобатга олинишини тўғри қарор деб топишган».

«Ҳакам бутун миллатнинг кайфиятига таъсир қилиши мумкин»

Ҳакамимиз 2014 йилги Жаҳон Кубогида ҳам муваффақиятли ишлаган. ФИФА унга Бразилия Мундиалида 4 та ўйинни ишониб топширган. Шулардан бири гуруҳ босқичидан ўрин олган Эквадор ҳамда Швейцария терма жамоалари ўртасидаги ўйин бўлганди. Бу ўйин Эрматовнинг тўғри қарори билан ҳам ёдда қолган. Қарши ҳужумга ўтиб кетаётган швейцариялик Валон Беҳрами йиқитилади, лекин у ўрнидан туриб ҳужумни давом эттирмоқчи бўлаётганини кўрган ҳакам ҳуштак чалмайди. Ҳужум давом эттирилиб 90+3-дақиқада Швейцария ўзини гуруҳдан олиб чиққан голни уради. Меҳмонимиз нима учун ўша вазиятда ҳуштак чалмаганини изоҳлади:

«Футбол ҳакамлиги шунчалик мураккаб ишки, сиз бутун бошли миллатнинг кайфиятига таъсир қилишингиз мумкин. Хато ҳакамлик қилсангиз, бирор жамоа мухлислари сизни «яхши сўзлар билан» эслаши мумкин (кулади). Сиз эслаган вазият ўйиннинг 90+3-дақиқасида содир бўлганди. Ҳар икки жамоа ҳам чарчаган. Тўғриси, мен ҳам чарчагандим, ахир 93 дақиқа югурганман. Шу сабаб швейцариялик футболчи йиқитилганидан сўнг қоида бузилишини қайд этиш мен учун ҳам қулай эди (кулади).

Лекин қарасам, йиқитилган футболчи ўрнидан туриб ҳужумни давом эттирмоқчи. Нега мен ўйинни тўхтатишим керак? Сариқ карточкани кейин ҳам кўрсатавераман-ку, тўғрими? Швейцария ўйинни давом эттириб гол урди. Ўша вазият ҳеч қачон эсимдан чиқмайди».

Мавзуга оид