Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Пулково” аэропортидаги Uzbekistan airways самолёти билан боғлиқ ҳодиса: воқеа гувоҳлари нима дейишади?
ЎзМТРК медиамарказида Uzbekistan airways вакиллари иштирокида бугун тунда миллий авиакомпаниянинг Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳри “Пулково” халқаро аэропортига HY631 рейс билан Тошкент – Санкт-Петербург йўналиши бўйича учиб, қўниш чоғида учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган UK 67008 рақамли Boeing 767-33P/ER самолёти юзасидан матбуот брифинги ўтказилди.
Брифингда Uzbekistan airways учувчилар мажмуаси раҳбари Денис Солодовников ва авиакомпания вакили Зумрад Шожалилова иштирок этишди.

Бўлиб ўтган воқеа юзасидан чиқиш қилар экан, Д.Солодовников шундай деди:
“2 март куни Москва вақти билан соат 21:59 да (Тошкент вақти билан 23:59 да) Uzbekistan airways миллий авиакомпаниясининг мунтазам асосда амалга оширилувчи HY631 рейси билан Тошкент – Санкт-Петербург йўналиши бўйича учаётган самолёти Санкт-Петербург шаҳрининг “Пулково” халқаро аэропортига қўнганидан сўнг, учиш-қўниш йўлагидан бурилишда тойиб, қисман грунтга чиқиб кетган”.

Д.Солодовниковга кўра, бунга эҳтимолли сабаб сифатида ноқулай об-ҳаво шароитлари, учиш-қўниш йўлаги ва бурилиш йўлагининг ҳолати бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Самолёт бортида жами 241 нафар йўловчи (жумладан, 5 нафар ёш бола) ва 15 нафар экипаж аъзолари бўлган.
Россия Федерацияси Тергов қўмитаси ва Росавиация “Пулково” аэропортида рўй берган ҳодиса юзасидан суриштирув бошлаган.
Рўй берган воқеадан сўнг HY632 Санкт-Петербург – Тошкент рейсининг учиши кечиктирилган. Йўловчилар меҳмонхонага жойлаштирилган.
Брифинг давомида ҳаво кемаси командири Алишер Каримов Санкт-Петербургдан алоқага чиқди. У бўлган воқеани гапириб берди ва воқеа юзасидан журналистларнинг айрим саволларига жавоб берди.

“631-рейс бўйича парвоз ҳеч қандай эътиборга молик ҳодисаларсиз амалга оширилди, метеошароитлар ҳам белгиланган талабларга тўлиқ мувофиқ эди. Самолёт қўндирилгач, учиш-қўниш йўлаги (УҚЙ) ни бўшатиш чоғида гарчи тормоз тизими ишга туширилганига қарамасдан, УҚЙ ва бурилиш йўлаги қопламаси билан шасси ғилдиракларининг ушлашиш самарадорлиги пасайганлиги туфайли ҳаракатни давом эттирди. Натижада самолёт УҚЙ қопламасини тарк этиб, қисман грунтга чиқиб кетди. Мен бригадирни перронга бошқариб бориш имконияти йўқлиги ҳақида огоҳлантирдим, у эса тегишли тартибда йўловчиларни огоҳлантирди. Пассажирларни самолётдан чиқариш штатли режимда, трап орқали амалга оширилди. Йўловчилар орасида ҳеч қандай ваҳима уйғонгани йўқ. Қайд этиб ўтиш лозимки, қўниш чоғида аэропортда қор ёғаётган эди ва кучли шамол эсиб турганди”, — деди А.Каримов.
Қайд этиб ўтиш зарур, А.Каримов учувчи сифатида қарийб 15,9 минг соат стажга эга. Шулардан 6400 соати Boeing экипажи командири сифатида парвоз қилган.
631-рейснинг борт кузатувчилари бригадири Юлия Журавлёва вазият юзасидан қуйидагича тушунтириш берди:

“Самолёт тўхтагач, экипаж командири менга уни перронга бошқариб бориш имконияти йўқлиги ҳақида огоҳлантирди. Кейин ўрнатилган тартибга кўра мен бригадир сифатида йўловчиларга пайдо бўлган вазият ҳақида эълон қилдим. Йўловчиларни самолётдан тушириш тиркама трап орқали штатли режимда амалга оширилди. Бортда ваҳима юзага келгани йўқ. Авариявий эвакуация амалга оширилмади. Йўловчилар ўзларини жуда яхши тутишди, ҳеч ким қўрққани, шошгани ё туртингани йўқ. Аввал йўловчилар ўз жойларида қолишди, биз эшикни очгач, маҳаллий хизматлар кўмаги билан секин аста самолётни икки кишидан бўлиб тарк этишди”.
Uzbekistan airwaysʼнинг Санкт-Петербург шаҳридаги вакили Зафар Сайидазимов йўловчиларнинг барчаси аэропортга етказилиб, ўз багажларини беталофат олишгани ҳақида гапириб берди.

Самолёт йўловчиларидан бири Александр Гордев ўз бошидан ўтказганлари ҳақида қисқача шундай демоқда:

“Самолёт ўз вақтида учди, ўз вақтида қўнди. Парвоз яхши ўтди. Самолёт қўнишидан олдин салондаги монитордан у бир неча марта қўнишга рухсат кутиб айланаётганини сездик. Кейин, ниҳоят у пасая бошлади. Самолёт қўнганидан сўнг эса у учиш-қўниш йўлагини бироз тарк этганини билдик. Чунки атроф оппоқ дала, аэропорт кўринмаётган эди. Қўнган чоғда ҳеч қандай муаммо сезганимиз йўқ, барча учувчиларнинг моҳирлигига чапак ҳам чалди”.
Ҳозирча самолётнинг йўлакдан чиқиб кетишига айнан нима сабаб бўлгани аниқ эмас. Uzbekistan airwaysʼ вакилларининг Kun.uzʼга маълум қилишларича, ушбу самолёт билан Тошкентга учиши керак бўлган йўловчиларнинг бир қисми кейинги рейс билан қайтарилган. Бошқа йўловчилар ундан кейинги рейсни кутишмоқда.
Ишлаб чиқарувчисининг серияли рақами 33078 бўлган Boeing 767-300 русумли мазкур самолётнинг ёши 15 йилдан ўтган. У 2004 йилнинг декабрида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКга келтирилган ва узоқ йиллар VP-BUF рақами билан парвоз қилган. 2016 йилнинг декабридан унга UK 67008 рақами берилган.
Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.
Мавзуга оид
12:33 / 28.02.2023
Петербургдаги Пулково аэропорти «номаълум объект» туфайли ёпилди
08:50 / 03.03.2019
«Пулково»да «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолёти билан юз берган ҳодисанинг эҳтимолий сабаблари айтилди
09:41 / 29.03.2017