Спорт | 18:54 / 04.03.2019
6076
4 дақиқада ўқилади

«Ал-Ваҳда» бош мураббийи: «Иккита стандарт вазият ўйин тақдирини ҳал қилди»

Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 1-туридаги «Локомотив»-«Ал-Ваҳда» учрашувидан (2:0) кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Хенк тен Кейт журналистлар саволларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда Tribuna.uz мухбири хабар бермоқда.

«Дастлабки 25 дақиқаликни анча тушунарсиз тарзда ўтказдик. Бунга мен асосий таркибда туширган футболчилар улардан нимани хоҳлаётганимни тушуна олишмагани ҳам сабаб бўлди. Аммо 25 дақиқа ўтиб, ўйинимизда ўзгариш бўлди, таркибда ҳам баъзи ўзгаришларни амалга оширдик ва кейин ўйинни биз назорат қилдик. Иккинчи бўлимнинг катта қисми ҳам бизнинг назоратимизда ўтди, деб ҳисоблайман. Аслида иккита стандарт вазият бугунги ўйин тақдирини ҳал этди.

Голларга тўхталадиган бўлсам, рақибнинг бешинчи рақамдаги футболчиси (Анзур Исмоилов) боши билан яхши ўйнашини билардик. Шунга қарамай, уни қўйиб юбордик ва биринчи гол шунинг оқибатида юзага келди. Иккинчи гол эса қўшиб берилган дақиқаларда киритилди. Тан олиш керак, чиройли гол бўлди, зарба ажойиб чиқди.

Биз мағлубиятга учрадик, шундай экан «Локомотив»ни табриклайман. Биз турнирни яхши бошлай олмадик.

БАА клублари нега Ўзбекистон жамоаларига қарши муваффақиятсиз ўйнайди? Буни билмайман. Мен фақат ўз жамоам ҳақида гапиришим мумкин. Биз битта жуда ҳам аҳмоқона хатога йўл қўйдик ва натижада тактикани ўзгартиришга мажбур бўлдик. Рақиб жуда осон ва тезкор гол урди. Биз бошқа нарсани режа қилгандик. Рақибни ҳимоя чизиғимиздан иложи борича узоқроқда ушлаш ниятида эдик. Аммо гол ўтказиб юборгач, ташаббусни қўлга олишимизга тўғри келди. Барча таваккалчиликни ҳисобга олган ҳолда майдоннинг иккинчи ярмига кўпроқ ўтишга мажбур бўлдик. Биргина аҳмоқона хато бизга қимматга тушди.

Кейинги ўйинни ўз майдонимизда ўтказамиз. Жавоб учрашуви «Локомотив» учун қийин кечади. Балки об-ҳаво ҳам сабаб бўлгандир, бу ер совуқ экан», – деди Хенк тен Кейт.

Нидерландиялик мутахассис биринчи бўлимда захирадан майдонга тушган футболчи ва жамоа сардори ўртасида юзага келган келишмовчиликка изоҳ беришни истамади. «Мен араб тилини тушунмайман, улар шунчаки гаплашишгандир. Кийиниш хонасида бу ҳақда гаплашганимиз йўқ, бу муҳим эмас. У ерда фақат футбол ҳақида гаплашамиз», – деди «Ал-Ваҳда» бош мураббийи.

Хенк тен Кейн жамоа ҳимоя чизиғи мустаҳкам эмаслиги борасидаги саволга қуйидагича жавоб берди.

«Локомотив» бугун иккитадан кўп гол уриши мумкин эди? Унда нега урмади? «Локомотив» ҳужумчилари қандай ўйнади? Яхши эмас, тўғрими? Демак, ҳимоямиз яхши ўйнабди», – деди у.

Абу-Даби шаҳри клуби кейинги турни ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Иттиҳод» жамоасига қарши ўтказади. «Локомотив» эса Доҳада «Ар-Райян» меҳмони бўлади. Ушбу учрашувлар 11 мартга белгиланган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид